Президент 2024 йил 12 августда "Иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида"ги Фармонни имзолади.
Мақсад - аҳоли турмуш даражасини янада ошириш, шунингдек, педагогик ва тиббиёт ходимлари меҳнатини қўшимча рағбатлантиришдир.
2024 йил 1 сентябрдан пенсия ва нафақалар миқдори 15 фоизга оширилади. Бунда қуйидагилар белгиланади:
● пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори - ойига 428 000 сўм;
● ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори - ойига 834 000 сўм;
● ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори - ойига 920 000 сўм.
2024 йил 1 октябрдан бошлаб қуйидагилар назарда тутилган:
● бюджет ташкилотларида ишлайдиган тиббиёт ходимлари, шунингдек мактабгача, умумтаълим, ўрта махсус, касб-ҳунар ва мактабдан ташқари таълим муассасалари ва ташкилотлари, "Мурувват" интернат уйлари, Болалар уйлари ва "Меҳрибонлик" уйлари, болалар санаторияларида ишлайдиган педагог ходимларнинг иш ҳақи миқдорини 15 фоизга ошириш;
● бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдорини, тиббиёт ва педагог ходимлардан ташқари, 10 фоизга ошириш;
● энг кам иш ҳақи миқдорини - ойига 1 155 000 сўм этиб белгилаш;
● базавий ҳисоблаш миқдорини - 375 000 сўм этиб белгилаш.
Фармон билан шунингдек, иш берувчиларга иш ҳақи миқдорини энг кам иш ҳақи миқдорига мувофиқ ошириш, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақидан паст бўлмаган миқдорда иш ҳақи тўловини таъминлаш тавсия этилган.
Ҳужжат "Халқ сўзи" газетасида эълон қилинган ва 2024 йил 13 августдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова