Вазирлар Маҳкамасининг 20.08.2024 йилдаги «Нукус ёшлар технопарки фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги 522-сон қарори қабул қилинди.
Инновацион ривожланиш агентлигига:
- тегишли ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг ечимига қаратилган янги турдаги маҳсулот ва технологик ечимларнинг прототипларини яратиш учун алоҳида стартап лойиҳалар танловини эълон қилиш;
- қоида тариқасида, ҳар йили октябрь ойида Оролбўйи минтақасида экологик муаммолар ечимига қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан конференция ўтказиш вазифаси юклатилди.
Агентлик томонидан Нукус ёшлар технопарки ва ҳудудларда ташкил этилаётган Ёшлар технопаркларидаги муваффақиятли стартап лойиҳалар муаллифларини робототехника, мехатроника, ахборот технологиялари, сунъий интеллект, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги йўналишлари бўйича қисқа муддатли хорижий стажировкага юбориш бўйича танлов ташкил этилади.
Шунингдек, ҳудудларда ёшлар технопаркларини ташкил этиш муддатлари қайта кўриб чиқилди: Бухоро, Наманган, Фарғона, Хоразм, Жиззах, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида технопарклар 2024 йилда барпо этилади.
Эндиликда докторантурага ҳужжатларни ЯИДХП орқали хам топшириш мумкин (илгари - фақат Инновация вазирлигининг Ягона тизими орқали).
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 21.08.2024 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев