Президентнинг 23.08.2024 йилдаги ПФ-119-сонли Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Президентнинг 22.07.2024 йилдаги ПФ-103-сонли Фармонига мувофиқ, пахта ҳосилини сотиб олиш ва сотишнинг янги тизими шаффоф, тўлақонли ва адолатли ишлашини таъминлаш, пахта хом ашёси етиштирувчиларнинг манфаатдорлигини ошириш бўйича Республика штабининг таклифига кўра:
- Қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг кредит ресурслари ҳисобидан пахта-тўқимачилик кластерлари ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган корхоналарга фьючерс шартномалари бўйича ортиқча етиштирилган пахта хом ашёсини йиғиб олиш учун кредитлар ажратилади;
- Кредит миқдори пахта хом ашёси қийматининг 20 фоизигача, йиллик 10 фоиз ставкада (шундан банк маржаси – 2 фоиз) 10 ой муддатга, шу жумладан уч ойлик имтиёзли давр билан, кейинги 7 ой давомида тенг улушларда қайтариш шарти билан берилади.
Президентнинг 12.12.2023 йилдаги "Қишлоқ хўжалигида эркин бозор муносабатларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-205-сонли Фармонига, Вазирлар Маҳкамасининг 25.12.2023 йилдаги 680-сонли қарори билан тасдиқланган Пахта хом ашёси етиштириш ва пахта йиғим-терими харажатларини ҳамда пахта хом ашёсини харид қилишнинг якуний ҳисоб-китобини кредитлаш тўғрисидаги низомга тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Ҳужжат Қонунчилик маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2024 йил 23 августдан кучга кирган.
Лола Абдуазимова