Президент томонидан 18.09.2024 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг солиқ ва божхона имтиёзларини беришни назарда тутувчи айрим ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги ПФ-140-сонли Фармон имзоланди.
2025 йил 1 январдан бошлаб молия йили давомида қабул қилинган ва бюджет даромадларини камайтиришни, солиқ ва божхона имтиёзларини беришни ҳамда солиқсиз тушумлардан бюджетга ажратмаларни камайтиришни назарда тутувчи нормаларни кейинги молия йилидан бошлаб амалга киритиш тартиби ўрнатилади.
2025 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги имтиёзлар бекор қилинмоқда:
- йўловчиларни ягона тарифлар бўйича ташиш хизматларини кўрсатиш айланмаси ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ягона иштирокчиси ҳисобланган юридик шахслар томонидан реализация қилинадиган товарлар ва хизматлар учун қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар;
- янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерлар учун юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлашдан озод қилиш тарзидаги имтиёз; мазкур ер участкалари бўйича солиқ ставкаси 50%га камайтирилади.
Халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларидан жалб қилинган ва давлат ташқи қарзи ҳисобидан тўлиқ ёки қисман амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида бюджет ташкилотлари томонидан сотиб олинадиган товарларни (хизматларни) реализация қилиш, шунингдек, олиб кириш бўйича айланма 2028 йил 1 январга қадар ҚҚСдан озод қилинади.
Бунда мазкур имтиёз лойиҳа иштирокчиларига нисбатан татбиқ этилади.
Шунингдек, юридик ва жисмоний шахсларнинг крипто-активлар айланмаси билан боғлиқ операциялари, жумладан, норезидентлар томонидан амалга ошириладиган операциялар 2029 йил 1 январига қадар солиқ солинадиган объект ҳисобланмаслиги, мазкур операциялар юзасидан олинган даромадлар эса солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича солиқ солинадиган базага киритилмаслиги тўғрисида аниқлик киритилмоқда (илгари – муддатсиз бўлган).
Мазкур Фармоннинг нормалари билан қўшимча равишда buxgalter.uz.да танишиб чиқишингиз мумкин
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 19.09.2024 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев