Вазирлар Маҳкамасининг 27.09.2024 йилдаги "Республикада хорижий туристлар оқимини янада ошириш ҳамда соҳада экспорт олди молиялаштиришни ривожлантиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 610-сонли қарори қабул қилинди.
2024 йил 1 сентябрдан Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан республика тижорат банклари орқали резидент бўлган ва кириш туризми фаолиятини амалга оширувчи туроператорларни айланма маблағлар билан таъминлаш учун йиллик 14% ставка бўйича миллий валютада 50 млн АҚШ доллари миқдорида кредит линияси очилади.[1]
Бунда йиллик фоиз ставкасининг 3% дан ошмайдиган миқдорда банк маржаси белгиланади, кредит маблағлари эса туроператорларга 10 йил муддатга икки йиллик имтиёзли давр (фоизлар ва асосий қарз бўйича) билан ажратилади.
Туроператорларга кредитлар тижорат банклари орқали тўғридан-тўғри тақдим этилади.
Кредитлар бир хўжалик юритувчи субъектга айланма маблағларни шакллантириш учун 25 млрд сўмгача миқдорда ажратилади. Мақсадли кредит бериш шартлари туроператор фаолиятини 1 йилдан ортиқ амалга ошириш ва камида 15% миқдорда ўз маблағларини жалб қилиш имконияти (шу жумладан бино ва иншоотлар кўринишида) ҳисобланади.
Ажратилган кредитларнинг самарали ва мақсадли фойдаланилишини таъминлаш учун туроператорлар қуйидагиларни кўпайтириш бўйича мажбурият оладилар:
- хизмат кўрсатилаётган хорижий сайёҳлар сонини камида 25% га;
- туристик хизматлардан олинадиган даромадларни камида 25% га.
Ажратилган кредитларни қуйидагиларга сарфлашга йўл қўйилмайди:
- илгари олинган кредитлар ёки бошқа қарзларни қайтаришга;
- алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришга;
- ишлаб чиқариш (хизмат) мақсадларида фойдаланилмайдиган шахсий мулкни (мебель, мобиль телефон, маиший техника ва ҳ.к.) сотиб олишга;
- автотранспорт воситаларини (қиймати кредит суммасининг 40% гача бўлган, 8 ва ундан ортиқ киши сиғадиган енгил автомобилларни сотиб олиш бундан мустасно) сотиб олишга;
- маъмурий харажатларни, шу жумладан хизмат автомобилларини тўхташ жойига қўйишни қоплашга; · бино ва иншоотларни сотиб олиш ва қуришга.
Ҳужжат Қонунчилик маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 30.09.2024 йилдан кучга кирган.
Лола Абдуазимова
[1] Қаранг: Президентнинг 18.07.2024 йилдаги "Ўзбекистон Республикасида туризм инфратузилмасини яхшилаш ва хорижий туристлар оқимини янада оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-102-сонли Фармони.