Президент 16.12.2024 йилдаги "Сурхондарё вилоятининг тоғли-рекреацион ҳудудларида туризм инфратузилмасини яхшилаш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш ва туризм объектларини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-439-сон қарорини имзолади.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги кўмагида етакчи маҳаллий ва хорижий компанияларни жалб қилган ҳолда Бойсун туманидаги Омонхона, Сариосиё туманидаги Сангардак қишлоқлари ҳудудида ва Жарқўрғон туманидаги Оқтепа сув омбори соҳил ҳудудида замонавий хизмат кўрсатиш мажмуалари ва сайёҳлик инфратузилмаси объектларини жойлаштиришни назарда тутувчи мастер-режа лойиҳалари ишлаб чиқилди.
"Омонхона", "Сангардак" ва "Обиҳаёт" сайёҳлик марказлари мос равишда 220,5 га, 615 га ва 110 га майдонни эгаллайди.
Сурхондарё вилоятида сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш ва бошқариш дирекцияси давлат муассасаси шаклида (кейинги ўринларда – Дирекция) сайёҳлик марказларини ривожлантириш ва бошқариш учун ташкил этилади.
Сайёҳлик марказлари ҳудудида:
- умумий фойдаланишдаги ер участкалари инфратузилма ва ижтимоий аҳамиятга эга объектларни қуриш учун Дирекцияга ва (ёки) ушбу объектларни қуриш, сақлаш ва фойдаланиш вазифаларини амалга оширувчи бошқа давлат органлари, муассасалари ва корхоналарига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади;
- тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун мўлжалланган бўш ер участкалари мулк ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукционда реализация қилинади;
- бўш ер участкалари мастер-режа лойиҳаларида назарда тутилган объектларни қуриш шарти билан лотларга бўлиб реализация қилинади. Бунда ҳар бир лот бўйича лойиҳани фойдаланишга топшириш муддатлари, тахминий тавсифи ва архитектура кўринишига талаблар белгиланади;
- ер участкаларини реализация қилишдан тушган маблағлар Дирекция фаолиятини молиялаштириш, сайёҳлик марказларини ривожлантириш, шу жумладан йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш ва таъмирлаш ҳамда инфратузилма билан боғлиқ бошқа чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади.
Сайёҳлик марказлари ҳудудидаги бўш ер участкалари 2025-2027 йилларда хусусий инвестицияларни жалб қилган ҳолда кўрсатилган ҳудудларда меҳмонхоналар, оилавий меҳмон уйлари, хизмат кўрсатиш мажмуалари ва дам олиш масканларини қуриш шарти билан 10 йил давомида тенг улушларда бўлиб тўлаш шарти билан электрон онлайн-аукцион савдосига қўйилади.
Қуйидаги ҳолларда:
- электрон онлайн-аукцион савдосида реализация қилинган ер участкалари бўйича дастлабки тўлов суммаси 15 фоиздан ортиқ бўлганда, қолган суммага МБнинг асосий ставкаси бўйича фоизлар ҳисоблаш тартиби қўлланилмайди;
- аукцион ғолиби дастлабки тўлов суммасининг камида 15 фоизини тўлаганда, унга ер участкасига бўлган ижара ва мулк ҳуқуқини кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш ҳуқуқи берилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 16.12.2024 йилдан кучга кирди.