Президент 31.12.2024 йилда "Мамлакатнинг ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ривожланиш соҳаларидаги стратегик таҳлил ва тадқиқот қилиш фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-467-сонли қарорни имзолади.
Ҳужжат билан давлат раҳбарига ички ва ташқи сиёсат бўйича узоқ муддатли стратегик таҳлилий ҳужжатлар ва таклифларни мунтазам тақдим этадиган таҳлилий ва тадқиқот тузилмалари фаолиятини ташкил этиш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилди.
Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг асосий вазифалари:
● илмий ва амалий тадқиқотларни ташкил этишга буюртмалар тизимини жорий этиш;
● йиллик стратегия йўналиши бўйича тадқиқотларни ишлаб чиқиш ва белгилаш, мамлакатни янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини аниқлаш жараёнида уларнинг натижаларидан фойдаланиш;
● мамлакатнинг ички сиёсий ривожланиши тўғрисида амалий ва холис маълумотлар базасини шакллантириш мақсадида социологик тадқиқотларни режалаштириш;
● ўқув ва тадқиқот тузилмалари фаолиятини такомиллаштириш, шу жумладан зарур бўлганда янги марказлар ташкил этиш, мавжудларини модификациялаш ва ихтисослаштириш бўйича таклифлар киритиш;
● иқтисодий фаолият соҳасида кадрлар тайёрлаш, шу жумладан хорижий илмий-тадқиқот институтлари билан биргаликда иқтисодий тузилмалар ходимларининг малака ошириш курсларини ташкил этиш;
● давлат таҳлил марказлари ва илмий-тадқиқот институтларининг мустақил ва хорижий таҳлил тузилмалари ҳамда экспертлар билан ҳамкорлигини таъминловчи ягона платформани яратиш;
● статистик маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилишнинг ягона стандартларини ишлаб чиқиш, шунингдек, бир қатор вазирлик ва идораларнинг ҳар ойда янгиланадиган ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларини ўз ичига олган идоралараро интеграциялашган маълумотлар базасини шакллантириш.
Кенгаш таркибида қуйидаги йўналишлар учун масъул бўлган ишчи гуруҳлар ташкил этилади:
- хавфсизлик ва ижтимоий барқарорлик;
- давлат ва жамият қурилиши;
- ижтимоий-иқтисодий ривожланиш;
- ташқи сиёсат ва халқаро ҳамкорлик;
- стратегик режалаштириш ва ҳудудларни ривожлантириш;
- иқлим ўзгариши ва сув танқислиги масалаларини ўз ичига олган экологик кун тартиби.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинди ва 02.01.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова