Вазирлар Маҳкамасининг 26.12.2024 йилдаги 886-сон "Аттракционлар хавфсизлиги тўғрисидаги Техник регламентни ва Аттракционларни ҳисобга олиш ҳамда уларнинг давлат реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Аттракционлар хавфсизлиги тўғрисидаги Техник регламент;
- Аттракционларни ҳисобга олиш ҳамда уларнинг давлат реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги низом.
Регламент Ўзбекистон ҳудудида аттракционлардан фойдаланишда инсонларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш, шунингдек уларда хавфсизлик бўйича чалғитувчи ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида қўлланиши ва бажарилиши лозим бўлган ягона талабларни белгилайди.
Регламентда аттракционлар Регламент талабларига мувофиқ бўлган ва мувофиқлик процедурасидан ўтган тақдирда муомалага киритилиши назарда тутилган.
Техник регламент талабларига риоя этилиши устидан давлат назорати Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси, ФВВ, Энергетика вазирлиги, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, шунингдек бошқа ваколатли давлат органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида амалга оширилади.
Аттракционларнинг давлат реестрини юритиш мақсади уларнинг маълумотлар базасини яратиш, саноат хавфсизлиги соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, шунингдек рўйхатга олинган аттракционлар ва улардан фойдаланувчи ташкилотлар тўғрисидаги тизимли маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва сақлашдан иборат.
Реестрни юритиш Қўмитага юкланади ва қуйидаги процедураларни ўз ичига олади:
- рўйхатга олиш рақамини кўрсатиш орқали аттракцион тўғрисидаги зарур маълумотларни маълумотлар базасига киритиш;
- аттракцион тўғрисидаги маълумотларни даврий янгилаб бориш ёки уларни реестрдан ўчириш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 28.12.2024 йилдан кучга кирди.
Саодат Усмонова