Вазирлар Маҳкамасининг 20.01.2025 йилдаги "Ўзбекистон Республикасида маҳсулот ва хизматларни ихтиёрий экологик маркировкалаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ВМҚ-20-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра қуйидагилар жорий этилади:
- ISO 14024 халқаро стандартига мувофиқ бутун ҳаёт даври учун маҳсулот ва хизматларни "Yashil belgi" ихтиёрий экологик маркировкалашнинг ягона тизими (I тури);
- экологик маркировкалаш тизимида ваколат олган юридик шахслар (экологик маркировкалаш органи) томонидан маҳсулот ва хизматларнинг экологик маркировкалаш стандартларига мувофиқлигини баҳолаш тартиби.
Экология вазирлиги экологик маркировкалаш тизимини тартибга солиш соҳасидаги ваколатли орган этиб белгиланди ва қуйидаги вазифаларни ҳал этади:
- экологик маркировкалаш тизимининг меъёрий ҳужжатларини, шу жумладан унинг қоидаларини, экологик маркировкалаш органини ваколатлаш, хорижий мамлакатларнинг маркировкалаш тизимларини тан олиш, экологик маркировкалаш белгисидан фойдаланиш тартибини тасдиқлаш;
- экологик маркировкалаш органларига қўйиладиган талабларни тасдиқлаш;
- экологик маркировкалаш стандартларига мувофиқ экологик маҳсулотларни, шу жумладан ресурсларни тежовчи, кам чиқиндили ва чиқиндисиз, атроф-муҳитга салбий таъсири камайтирилган маҳсулотларни кенг ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
- экологик маркировкалаш стандартларини ишлаб чиқиш;
- экологик маркировкалаш соҳасида фаолият юритаётган ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш.
Экологик маркировкалаш тизимининг оператори этиб Экология вазирлигининг "Давлат экологик сертификатлаштириш ва стандартлаштириш маркази" МЧЖ белгиланди. Унга қуйидаги вазифалар юкланди:
- экологик маркировкалаш органларини ваколатлаш;
- экологик маркировкалаш стандартларини жорий этиш;
- маҳсулот ва хизматларга берилган экологик маркировкалаш сертификатининг ҳақиқийлиги ва амал қилиши тўғрисидаги маълумотларнинг шаффофлигини тасдиқлаш ва таъминлаш учун ушбу сертификатлар реестрини юритиш;
- экологик маркировкалаш органларининг манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек унинг дунёдаги таъсирини ошириш учун экологик маркировкалаш белгисидан тўғри фойдаланишни тарғиб қилиш ва бошқалар.
Экологик маркировкалаш сертификатисиз экологик маркировкалаш белгисидан фойдаланиш ёки маҳсулот ва хизматларни номида, йўлдош ҳужжатларида, рекламада ва қадоқда реализация қилиш тақиқланади.
Ҳужжат билан экологик маркировкалаш белгиси тасдиқланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинди ва 22.01.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова