Вазирлар Маҳкамасининг 31.01.2025 йилдаги «Давлат органлари ва ташкилотларининг расмий веб-сайтлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ВМҚ-54-сон қарори қабул қилинди.
2025 йил 1 мартдан бошлаб давлат органларининг расмий веб-сайтлари Ҳукумат порталининг ягона платформаси орқали фаолият юритади. Давлат органлари раҳбарлари ўз идораларининг расмий веб-сайтларининг юритилишига шахсан масъул бўладилар.
Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан Ягона платформада эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар рўйхати ишлаб чиқилади.
Шунингдек, ҳужжат билан Давлат органларининг расмий веб-сайтлари фаолиятини «Ягона дарча» тамойили асосида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати порталида йўлга қўйиш, юритиш, улардаги ахборот долзарблиги ва хавфсизлигини таъминлаш ҳамда Ҳукумат порталида жойлаштириладиган ахборотни давлат органлари томонидан тақдим этиш тартиби тўғрисида Низом тасдиқланди.
Давлат органлари ва ташкилотлари Ягона платформага жойлаштириш учун маълумотларни ўзбек ва қорақалпоқ тилларида тақдим этади. Бунда ахборотни қўшимча равишда бошқа тилларда ҳам жойлаштиришга йўл қўйилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 01.02.2025 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев