Президентнинг 30.01.2025 йилдаги "Яйловларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишнинг замонавий механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-15-сон Фармони қабул қилинди.
Ҳужжат билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси тугатилди. Бунда Ипакчилик қўмитаси тасарруфидан:
- яйловларни бошқариш бўйича вазифа ва функциялар – Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасига;
- ипак қурти етиштириш ва ипакчилик соҳасини ривожлантириш бўйича вазифа ва функциялар – Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва "Ўзбекипаксаноат" уюшмасига;
- Қоракўлчилик ва чўл экологияси ИТИ, шунингдек Чўл-яйлов озуқабоп экинлар уруғчилиги Бухоро илмий-ишлаб чиқариш маркази – Ветеринария қўмитаси тизимига;
- Ипакчилик ИТИ, шунингдек Ўзбекистон табиий толалар ИТИ – Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимига ўтказилади.
Ветеринария қўмитаси таъсисчилигида Қорақалпоғистон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарё яйлов хўжаликлари давлат муассасаси шаклида ташкил этилади.
Шунингдек, Яйлов ерларидан самарали фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, қоракўлчилик, чарм ва жун саноати соҳаларини янада ривожлантириш бўйича Республика комиссияси тузилади.
Республика комиссияси қарори асосида яйловлар чорвачилик ва бошқа хўжаликларга бевосита ижарага берилиши мумкинлиги белгиланди.
Қолган яйловлар жисмоний ва юридик шахсларга ўрмон фонди ерлари учун белгиланган тартибда "E-auksion" савдо платформасида электрон онлайн-аукцион савдолари орқали ёки давлат-хусусий шериклик шартномаларига мувофиқ ижарага берилади.
2025 йил 1 декабргача яйловлардан самарали фойдаланишни назарда тутувчи "E-yaylov" электрон платформаси ишга туширилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинди ва 31.01.2025 й. кучга кирди.
Лола Абдуазимова