Президентнинг 14.02.2025 йилдаги "Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва бандлигини таъминлаш учун молиявий ёрдамлар ажратиш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-64-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан Давлат бюджети параметрларида бунинг учун белгиланган маблағлар ҳажмини камайтирмаган ҳолда аҳолига субсидиялар, ссудалар ва грантлар (молиявий ёрдам) ажратиш назарда тутилмоқда, хусусан:
- аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, уни айланма маблағлар билан таъминлаш, шунингдек камбағал оила аъзоларига ускуналар харид қилиш учун бериладиган субсидиялар ўрнига фоизсиз ссуда ажратиш тизимини жорий этиш;
- узоқ муддат давомида фойдаланилмаган ва аҳоли қизиқиш билдирмаган кам самарали субсидияларни бекор қилиш, шунингдек бир-бирини такрорловчи субсидияларни бирлаштириш;
- маҳаллаларнинг ихтисослашуви ва драйвер йўналишларидан келиб чиқиб, камбағал оилаларга тадбиркорлик ва деҳқончилик билан шуғулланиш учун грантлар ва фоизсиз ссудалар ажратиш тизимини жорий этиш.
"Камбағалликдан фаровонлик сари" дастурини самарали амалга оширишни ташкил этиш учун Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги янги турдаги молиявий ёрдамлар жорий этилмоқда:
- озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўтаган фуқароларга – тадбиркорлик, архитектура, ҳунармандчилик каби йўналишларда аниқ лойиҳаларни амалга ошириш учун МҲЭКМнинг 10 бараваригача миқдорда субсидиялар;
- камида 10 нафар уй меҳнати билан шуғулланувчини ишга қабул қилган тадбиркорлик субъектларига айланма маблағларини тўлдириш учун – жалб қилинган ҳар бир уй меҳнати билан шуғулланувчига БҲМнинг 10 бараваригача (лекин БҲМнинг 200 бараваридан ошмаган) миқдорда 3 йилгача муддатга фоизсиз ссудалар;
- камбағал оила аъзоларига ўз фаолиятини йўлга қўйиш учун зарур бўлган ускуналар харид қилишга – 6 ойдан 3 йилгача муддатга БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда фоизсиз ссудалар;
- камбағал оилалар учун деҳқончилик ва боғдорчиликни ташкил этиш мақсадида сув қудуқларини бурғулаш, насос агрегатларини харид қилиш, томчилатиб суғориш тизимини ўрнатиш ва электр тармоқларини ўтказиш учун деҳқон хўжаликларига – 6 ойлик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда 5 йилгача муддатга БҲМнинг 200 бараваригача миқдорда фоизсиз ссудалар;
- маҳаллаларнинг ихтисослашуви ва драйвер йўналишларидан келиб чиқиб, 10 тагача камбағал оилани ўқитган ва уларга доимий даромад манбаига эга бўлишда кўмаклашган тадбиркорлик субъектларига – ҳар бир камбағал оила учун БҲМнинг 3 баравари (лекин БҲМнинг 30 бараваридан ошмаган) миқдорда грантлар.
Бунда тадбиркорлик субъектларига грантнинг 40 фоизи бўнак тарзида, қолган қисми – камбағал оилалар даромад манбаига эга бўлгач ва тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтгандан сўнг ажратилади.
Шунингдек, молиявий ёрдам:
- уни ажратиш тўғрисидаги аризаларнинг рўйхатга олиниш навбати асосида кўриб чиқилиши ва "маҳалла еттилиги" хулосаларига кўра тақдим этилиши;
- I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга, шу жумладан ногиронлик нафақасини олаётган шахсларга ишсиз деб тан олинишини талаб этмаган ҳолда ажратилиши белгиланди.
Янги тартибга мувофиқ тадбиркорлик фаолиятини бошлашни истаган фуқаролар молиявий ёрдам олгандан сўнг бир ойлик муддатда солиқ органларида тадбиркорлик субъекти ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтишлари шарт. Бунда тадбиркорлик субъектларига ссудалар уларда солиқлар ва йиғимлар бўйича қарздорлик мавжуд бўлмаган тақдирда ажратилади.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси ва Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан ажратиладиган субсидиялар рўйхати;
- Аҳоли томонидан фойдаланилмаётган, самарадорлиги паст ва бир-бирини такрорлаши ҳисобига мақбуллаштириладиган субсидиялар рўйхати тасдиқланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 18.02.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова