Вазирлар Маҳкамасининг 27.02.2025 йилдаги "Оилаларни камбағалликдан чиқаришга қаратилган қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 125-сон қарори қабул қилинди.
Президентнинг 23.09.2024 йилдаги ПФ-143-сон Фармонига мувофиқ камбағал оилаларга қўллаб-қувватлаш чоралари меҳнатга лаёқатли оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш, ўз томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, таълим олиш, касб-ҳунар эгаллаш, чет тилларни ўрганиш ва бошқа шартларни ҳисобга олган ҳолда ижтимоий шартнома асосида кўрсатилади.
Бунда ижтимоий шартнома шартлари бажарилмаган ҳолларда ижтимоий ёрдам ва хизматлар кўрсатиш (ижтимоий нафақадан ташқари) тўхтатилади.
Ҳужжат билан Оилаларни камбағалликдан чиқаришга қаратилган қўллаб-қувватлаш чораларини кўрсатиш учун ижтимоий шартнома тузиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланган. У қуйидаги тартибларни белгилайди:
- Ижтимоий шартнома асосида қўллаб-қувватлаш чораларини кўрсатиш;
- Ижтимоий шартномани ва унда назарда тутилган шартларни расмийлаштириш;
- Ижтимоий шартнома бажарилишини назорат қилиш.
Ижтимоий шартнома асосида кам таъминланган оилаларга ёрдам чоралари 2025 йил 1 мартдан Сирдарё вилоятининг Ховос туманида, республиканинг қолган ҳудудларида эса – 2025 йил 1 майдан амалга оширилади.
Кам таъминланган оилалар реестрига киритилган оилалар томонидан ижтимоий шартнома шартлари бажарилмаган тақдирда, "маҳаллий еттилик"нинг коллегиал қарори билан бу оилаларга тўланадиган кам таъминланган оилалардаги болаларга нафақалар ва моддий ёрдам миқдорларини 30 фоизгача камайтириш тартиби жорий этилади.
Ҳужжат билан шунингдек қуйидагилар тасдиқланган:
- Оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзолари ишга жойлаштирилиши шарти билан кўрсатиладиган айрим турдаги ижтимоий хизматлар ва ёрдам рўйхати;
- Оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоларини ишга жойлаштириш талаб этилмайдиган ҳолатлар рўйхати;
- "Электрон ҳукумат" тизимининг Идоралараро интеграция платформаси орқали "Ижтимоий ҳимоянинг ягона миллий тизими" ахборот тизимига тақдим этиладиган маълумотлар рўйхати.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари миллий базасида эълон қилинган ва 01.03.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова