Вазирлар Маҳкамасининг 15.04.2025 йилдаги «Ўзбекистон Республикасида маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишда технологик жараёнларни экологик сертификатлаш тизимини жорий этиш тўғрисида»ги 230-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан Маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишда технологик жараёнларни «Яшил сертификат» экологик сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
2025 йил 1 октябрдан бошлаб:
- атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I ва II тоифаларига мансуб фаолият турларининг экологик оқибатлари тўғрисидаги баёнотдан кейинги босқичларда экологик норматив лойиҳаларини давлат экологик экспертизасидан ўтказиш учун ушбу фаолият турларининг технологик жараёнлари амалдаги «Яшил сертификат»га эга бўлиши;
- техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги тасдиқланиши мажбурий бўлган Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган маҳсулотга мувофиқлик сертификати берилиши учун ушбу маҳсулотни ишлаб чиқариш технологик жараёнининг амалдаги «Яшил сертификати» мавжуд бўлиши мажбурий ҳисобланади;
- 2026 йил июль ойига қадар технологик жараёнларни экологик сертификатлаштириш мақсадида шартнома тузган хўжалик юритувчи субъектлар учун сертификатлаштириш ишлари бепул амалга оширилади.
Экологик сертификатлаштириш тегишли аккредитацияга эга бўлган юридик шахслар томонидан ўтказилади.
«Яшил сертификат» олиш учун ариза берувчи сертификатлаштирувчи органга ариза беради. Бир иш куни мобайнида сертификатлаштирувчи орган томонидан мувофиқликни баҳолаш ишларини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинади.
Шартнома тузилгандан сўнг сертификатлаштириш органи томонидан мувофиқликни баҳолаш амалга оширилади.
Мувофиқликни баҳолаш камерал ўрганиш, технологик жараённинг аудити ва ўлчов асбоблари ёрдамида атроф-муҳитга чиқариладиган чиқиндилар миқдорини аниқлашни ўз ичига олади. Бунда:
• камерал ўрганиш хўжалик юритувчи субъект томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда кўрсатилган талабларнинг бажарилиши ҳолатини экологик сертификатлаштириш органининг сўровига кўра ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида баҳолаш йўли билан ўтказилади;
• технологик жараён аудити хўжалик юритувчи субъектга тегишли бўлган технологик жараённинг атроф-муҳитга реал таъсирини жойига чиққан ҳолда ўрганиш йўли билан амалга оширилади.
Ижобий хулоса олинганда "Яшил сертификат" берилади ва у ҳақидаги маълумотлар Экология вазирлиги томонидан махсус реестрга киритилади. Сертификатнинг амал қилиш муддати – 5 йил.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 17.07.2025 йилдан кучга киради.
Собир Нурбердиев