Президент томонидан 21.04.2025 йилдаги «Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон имзоланди.
Бундан буён Олий Мажлис палаталари ҳар йили бюджетдан энг кўп маблағ олувчи учта вазирлик ва идорадаги коррупция омилларини аниқлайди ҳамда уларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритади.
Қонунчилик ҳужжатларида вазирлик ва ҳокимлик лавозимларига номзодларнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича аниқ режасини тегишинча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашларида кўриб чиқишда уларни ҳимоя қилиш тартиби белгиланади.
Шунингдек, депутат ва сенаторлар ҳар ойнинг 1-5 санасида «қизил» тоифадаги маҳаллаларга бориб, улардаги жиноятларнинг сабабларини чуқур таҳлил қилади, прокурорлар ва ички ишлар органлари бошлиқлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича тавсиялар киритади.
2025 йил 1 июлдан йирик инвестиция лойиҳаларига коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро стандартлар, шунингдек, йирик аукцион шартларини рақобатбардошликка экспертизадан ўтказиш тартиби жорий этилади.
«Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими халқаро ташкилотлар иштирокидаги лойиҳаларга босқичма-босқич жорий этилади.
Шунингдек, давлат буюртмачилари томонидан тўғридан-тўғри шартномалар асосида харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) турларини камида 2 баробар қисқартириш режалаштирилган.
Маълумот учун: бугунги кунда тўғридан-тўғри шартномалар тузишга йўл қўйиладиган 50 дан ортиқ ҳолатлар кўзда тутилган.
Вазирлар Маҳкамасига 2026 йил 1 январга қадар вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар томонидан кўрсатилган барча давлат хизматларини туман (шаҳар) кесимида аҳоли томонидан баҳолаш тизимини жорий этиш вазифаси юклатилди.
Аҳоли томонидан «қониқарсиз» баҳоланган вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда ҳокимлар бу борада шахсан жавобгар бўлади.
Бундан ташқари, ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти янгича тартибда ташкил этилади:
- прокурорлар, ички ишлар ва солиқ органлари раҳбарлари секторлар фаолияти бўйича ўзларига юклатилган вазифалардан озод этилади;
- Бош вазир ўринбосарлари, Маҳалла уюшмаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари секторлар ишига масъул этиб белгиланади.
Ҳужжат ЎзАда эълон қилинган.
Собир Нурбердиев