Марказий банк Бошқарувининг қарори (25.04.2018 йилда 2709-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Тижорат банкларининг ликвидлилигини бошқаришга қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низомга тузатишлар киритилди.
Биринчидан, «банкнинг ликвидлилиги» тушунчасига аниқлик киритилди. Энди банклар нафақат мажбуриятларини ўз вақтида ва тўлиқ бажара, балки буни кўзда тутилмаган йўқотишларсиз амалга ошира олсалар, ликвидли деб ҳисобланадилар. Бундан ташқари, банклар активлар ўсишини молиялаштиришни таъминлаш имкониятига эга бўлишлари шарт.
Иккинчидан, банкнинг лаҳзали ликвидлилик коэффициенти кўрсаткичи янгиланди. 2017 йил 1 августдан бу коэффициент 10%дан камни ташкил этмас эди, 2017 йил 1 ноябрдан – 15%, жорий йил 1 январдан бошлаб эса – 20%. Ушбу минимум яна 10%гача пасайтирилди.
Эслатиб ўтамиз, лаҳзали ликвидлилик коэффициенти банк кассасидаги нақд пул ва бошқа тўлов ҳужжатлари ҳамда МБдаги ҳисобварақларидаги маблағлари (бундан МБдаги мажбурий захира ҳисобварағидаги маблағлар мустасно) суммасини ушбу Низомда келтирилган ҳисобварақларнинг қолдиқлари – талаб қилиб олингунча мажбуриятлар суммасига нисбати орқали аниқланади.
Учинчидан, «йирик қарз» тушунчасига аниқлик киритилди. Бу ҳажми банк I даражали капиталининг (банкнинг ўз маблағлари) 5%идан юқори бўлган бир шахс ёки бир-бирига дахлдор шахслар гуруҳига тегишли қарз.
Тўртинчидан, ликвидлилик ҳисоботи мазмунига қўшимча талаб жорий этилди. Бошқалар сирасида энди унда кейинги 30 календарь куни учун ликвидлилик прогнози бўлиши шарт.
Бешинчидан, Марказий банкнинг қимматли қоғозлари ликвидли активлар рўйхатига киритилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 27.05.2018 йилдан кучга киради.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Ленара Хикматова.