Президентнинг 19.12.2022 йилдаги «Электромобиллардан фойдаланиш инфратузилмасини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-444-сон қарори қабул қилинди.
2024 йил 1 январдан бошлаб республикада қуриб битказиладиган савдо ва бизнес марказлари, кўнгилочар ва дам олиш масканлари, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари, меҳмонхоналар, халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўллари бўйидаги инфратузилма объектларининг лойиҳаларига мажбурий тартибда электромобилларни қувватлантириш станцияларини киритиш талаби белгиланмоқда.
Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда 2024 йил якунига қадар республикада электромобилларни қувватлантириш станциялари сонини камида 2 500 тага етказиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш вазифаси топширилди. Бунда қуйидагилар назарда тутилмоқда:
- Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан 2023 йил давомида электр узатиш тармоқлари, трансформатор пунктлари ва нимстанцияларга туташ ҳудудлардан 1 500 та электромобилларни қувватлантириш станцияларини ўрнатиш учун ер участкалари аукционга чиқарилиши;
- халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларига туташ ҳудудларда жойлашган электр узатиш тармоқлари, трансформатор пунктлари ва нимстанциялари яқинида «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан камида 500 та электромобилларни қувватлантириш станциялари барпо этилиши.
2023 йил 1 январдан бошлаб:
- тадбиркорлик субъектларига электромобилларни қувватлантириш станциялари орқали электр энергиясини сотиш (реализация қилиш) ҳуқуқи берилади;
- транспорт воситаларини қувватлантириш хизматининг тарифи (нархи), электр энергиясининг тасдиқланган тарифидан қатъи назар, тадбиркорлик субъектлари томонидан мустақил равишда белгиланади.
2023 йил 1 декабрга қадар фаолият кўрсатаётган автомобилларга бензин, дизель ёқилғиси ва газ қуйиш шохобчаларида камида битта (тўрт каналли) 60 кВт ва ундан юқори қувватли электромобилларни қувватлантириш станциясини ўрнатиш режалаштирилмоқда.
2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар озод қилинади:
- юридик шахслардан олинадиган ер солиғидан – электромобилларни қувватлантириш станциялари ҳамда улар ўрнатилган автомобиль тўхташ жойлари жойлашган ер участкалари, юридик шахсларнинг мол-мулк солиғидан – электромобилларни қувватлантириш станциялари;
- фойда солиғидан – асосий фаолият тури транспорт воситаларини қувватлантириш хизматини кўрсатиш (ушбу фаолият тури бўйича тушумнинг умумий реализация қилиш ҳажмидаги улуши 50% ва ундан юқори) бўлган тадбиркорлик субъектлари;
- транспорт воситаларини қувватлантириш хизматини кўрсатишдан олинган даромад бўйича айланмадан олинадиган солиқдан;
- божхона божидан – белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича хориждан олиб келинадиган электромобилларни қувватлантириш станциялари, уларнинг компонентлари ва сервис инфратузилмаси учун технологик асбоб-ускуналар.
Импорт қилувчилар томонидан «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУКнинг ижобий хулосаси олинган ва божхона божи тўланмасдан олиб кириладиган товарлар рўйхатлари Марказнинг ва Давлат божхона қўмитасининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари миллий базасида эълон қилинган ва 19.12.2022 йилдан кучга кирган.
Лола Абдуазимова.