Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
2024 йил декабрда қандай дам оламиз 2024 йил декабрь ойи учун бош бухгалтер режаси Корхонанинг ташкилий-ҳуқуқий шакли қандай ўзгартирилади Буюртмачи бухгалтерия ҳисобини қандай юритиши керак Солиқ кодексига мувофиқ ҚҚСсиз импорт жиҳозлар учун уч сценарий: сотиш, ижарага бериш ва фойдаланиш пайтидаги солиқ оқибатлари Ўзбекистонда 2024 йил декабрда нималар ўзгаради

ФҲДЁ қандай қоидалар бўйича ишлайди

20.12.2016

Вазирлар Маҳкамасининг 14.11.2016 йилдаги 387-сон қарори билан Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидалари тасдиқланди (кейинги ўринларда – Қоидалар), илгари амалда бўлган таҳрири (12.04.1999 йилдаги 171-сон ВМҚ билан тасдиқланган) эса  ўз кучини йўқотди. Ушбу шарҳда кўрсатилган таҳрирларнинг қиёсий таҳлили  келтирилган.

ФҲДЁ органлари нима?

 

Энг аввало Қоидаларда ФҲДЁ органлари қаторига кирадиган органлар рўйхати келтирилган:

  • туманлар ва шаҳарлар ФҲДЁ бўлимлари;
  • никоҳ уйлари;
  • Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларининг ФҲДЁ архивлари.

 

Аввалгидек, фуқаролар йиғинлари ўлимни қайд этади, бироқ энди аниқлаштирилишича, шахси аниқланмаган ва суд томонидан вафот этган деб эълон қилинган шахсларнинг ўлимини фуқаролар йиғинлари томонидан қайд этилишига йўл қўйилмайди.

 

Далолатнома ёзувларини қайд этишни рад қилиниши асослари рўйхати тўлдирилди. Энди агар тақдим этилган ҳужжатлар уларга нисбатан Қоидаларда ва бошқа қонун ҳужжатларида қўйиладиган талабларга мувофиқ бўлмаса, уларни қайд этиш рад қилинади.

 

ФҲДЁ органлари ходимлари, шунингдек консул ўзи, эри ёки хотини ўзининг ва унинг қариндошлари (ота-оналари, болалари, неваралари, боболари, бувилари, туғишган ака-ука, опа-сингиллари) тўғрисида далолатнома ёзувларини қайд этишга ёки уларга тегишли ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритишга ҳақли эмаслар. Илгари бу тақиқ фақат ўзи, эри ёки хотини ва болаларига нисбатан қўлланилар эди.

 

Бундай ҳолатларда далолатнома ёзувларини қайд этиш бўйсуниш тартибида юқори органнинг ёзма кўрсатмаси асосида бошқа ходим томонидан ёки бошқа ФҲДЁ органида амалга оширилади. Далолатнома ёзувларининг "Белгилар учун" устунига бу тўғрида тегишли ёзув киритилади.

 

Туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома батафсил бўлиши керак

 

Қоидаларда боланинг туғилганлик тўғрисидаги тиббий маълумотномасида кўрсатилиши зарур бўлган маълумотларнинг тўла-тўкис янги рўйхати мустаҳкамланган, улар:

  • онанинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, туғилган санаси, миллати, фуқаролиги, оилавий аҳволи, маълумоти;
  • боланинг туғилган вақти, санаси ва жойи, жинси, вазни, бўйи;
  • ҳомиладорлик муддати, ҳисоб бўйича нечанчи ҳомиладорлик;
  • боланинг тирик туғилганлиги мезонлари (нафас олиши, юрак уриши, киндик пульсацияси, мускулларнинг беихтиёрий қисқариши);
  • тиббий маълумотноманинг берилган вақти, тартиб рақами ва тиббиёт муассасасининг номи тўғрисидаги маълумотлар.

 

Туғруқхонадан ташқари жойларда ва тиббий ёрдамсиз туғилган боланинг туғилганлиги тўғрисидаги маълумотнома боланинг ушбу онадан туғилганлигига гувоҳ бўлганлар иштирокида тузилган ва участка шифокори (фельдшер ёки акушер) тасдиқлаган далолатнома асосида берилади). Илгари бундай ҳолатларда гувоҳлар маълумотноманинг ўзини имзолашар эди.

 

Қайд қилинишича, боланинг туғилганлигини қайд этишда унга фамилия миллий анъаналарга мувофиқ ота ёки она томонидан бобонинг исми (илгари ота ёки бобо исми бўйича эди) бўйича берилади.

 

Ҳаракатдаги ҳаво ёки сув кемасида, поездда ёки бошқа транспорт воситасида туғилган боланинг туғилганлигини қайд этиш ота-онасидан бирининг яшаш жойидаги ФҲДЁ органи ёки транспорт воситаси қатнаётган йўналишдаги ФҲДЁ органи томонидан амалга оширилади. Муқаддам қўниш жойида, сув кемаси келган портда консуллик муассасалари томонидан кема командири ва гувоҳлар иштирокида тузилган маълумотнома асосида қайд этилар эди.

 

Вояга етмаган ота-она (улардан бири)нинг туғилган боласи умумий асосларда рўйхатдан ўтказилади.

 

Мураккаб ҳолатларда оталикни қандай белгилаш мумкин?

 

16 ёшга тўлмаган шахсга оталик белгиланадиган ҳолларда боланинг ота исми отанинг исми бўйича ўзгартирилади (ёзилади).  Агар оталикни белгилаш 16 ёшга тўлган шахсга нисбатан амалга оширилса, у ҳолда ота тўғрисидаги маълумотлар ўзгартирилиши лозим. Бола тўғрисидаги маълумотлар фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш тартиби ва қоидалари бўйича киритилади. Муқаддам барча ҳолатларда оталикни белгилашда боланинг ота исми отасининг исми бўйича ўзгартирилиши керак эди.

 

Агар онанинг яшаш жойини белгилашнинг имкони бўлмаганда вояга етмаган болага нисбатан оталикни белгилаш васийлик ва ҳомийлик органининг розилиги билан отасининг аризасига асосан амалга оширилиши мумкин. Аризага онанинг бедарак йўқолган деб топилгани тўғрисидаги суд қарорининг нусхаси илова қилинади (илгари – она ҳақидаги маълумотлар 6 ойдан кўп муддат мобайнида бедараклиги ҳақида ички ишлар органларидан маълумотнома).

 

Фарзандликка олиш фақат суд қарори билан

 

Фарзандликка олиш бўлимига киритилган ўзгаришлар мазкур процедуранинг яқин кунлардан бери судда алоҳида суд иш юритуви тартибида амалга оширилаётгани билан боғлиқ (батафсил  бу ерда).

 

Тегишинча, фарзандликка олинаётган боланинг туғилганлиги тўғрисидаги ёзувлар дафтарига зарур ўзгартиришлар ФҲДЁ органлари томонидан, фарзандликка олиш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан бошлаб 10 мобайнида киритилади. ФҲДЁ органига кўрсатиб ўтилган муддат тугагандан кейин мурожаат қилинган тақдирда суд қарорида ушбу қарор ўз кучини йўқотмаганлиги ҳақида ёзув бўлиши керак.

 

Тўйда гувоҳлар сонини келин-куёв белгилайди

 

Қоидаларда кўрсатилишича, энди никоҳни қайд этишда никоҳланувчи шахслар томонидан белгиланган сондаги гувоҳлар иштирок этиши мумкин. Илгари икки кишидан ошмаслиги керак эди.

 

Бундан ташқари, энди чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг никоҳга кириш ҳақидаги аризасига унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси ҳамда чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг никоҳда турмаслиги ҳақидаги белгиланган тартибда легализация қилинган ёки апостиль қўйилган ҳужжат (давлат тилидаги таржимаси билан бирга) илова қилиниши лозим.

 

ФҲДЁ органи томонидан никоҳ қайд этилгандан кейин Ўзбекистон фуқароси билан никоҳга кирган шахс фуқароси бўлган хорижий давлатга никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги хабарнома белгиланган тартибда юборилади.

 

Бедарак йўқолган турмуш ўртоғи тўсатдан қайтса...

 

Суд томонидан бедарак йўқолган деб топилган эр (хотин) қайтиб келганда ва суднинг тегишли ҳал қилув қарори бекор қилинганда ФҲДЁ органларининг ҳаракатлари тартиби Қоидаларда батафсил келтириб ўтилган. Ушбу ҳолатда никоҳ эр-хотиннинг биргаликдаги аризаси бўйича ФҲДЁ органи томонидан тикланиши мумкин ва никоҳдан ажратиш тўғрисидаги далолатнома ёзуви ва унинг асосида берилган тегишли гувоҳнома бекор қилинади.

 

Аммо томонлардан бири янги никоҳга кирган тақдирда никоҳ тикланиши мумкин эмас. Бу ҳолда бедарак йўқолган деб топилган шахс мурожаат қилган тақдирда никоҳдан ажралганлик тўғрисида гувоҳнома берилади.

 

Қандай муддатлар ўзгарди?

 

Тасдиқланган Қоидалар билан алоҳида ҳаракатларни амалга ошириш ва уларни ҳисобга олишнинг қуйидаги муддатлари назарда тутилган:

  • далолатнома ёзувини тиклаш ҳақидаги ариза ФҲДЁ органи томонидан бир ой мобайнида кўриб чиқилиши керак (илгари – 15 кун). Узрли сабаблар (далолатнома ёзувини тиклаш учун асосланганликни тасдиқловчи ёзувлар нусхалари ва бошқалар олинмаганлиги) мавжуд бўлганда аризани кўриб чиқиш муддати ФҲДЁ мудири томонидан бир ойдан кўп бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин ва бу ҳақда ариза берувчига хабар қилинади;
  • далолатнома ёзувига ўзгартиришлар, тузатишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги ариза ФҲДЁ органи томонидан, ариза тушган кундан бошлаб 15 кун мобайнида кўриб чиқилиши керак (илгари – аризага илова қилинадиган барча ҳужжатларни тақдим этгандан кейин). Ушбу муддат ФҲДЁ мудири томонидан бир ойдан кўп бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин;
  • далолатнома ёзувига ўзгартириш киритган ФҲДЁ органи далолатнома ёзувининг иккинчи нусхасига тегишли ўзгартириш киритиш учун бу ҳақда адлия бошқармасининг ФҲДЁ архивини уч кундан кечикмай хабардор қилади;
  • фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш тўғрисидаги ариза ариза берилган кундан бошлаб икки ой мобайнида кўриб чиқилиши керак (илгари – 45 кун). Узрли сабаблар мавжуд бўлганда ФҲДЁ органи мудири ушбу муддатни бир ойдан кўп бўлмаган муддатга узайтириши мумкин.

 

Далолатномалар лотин алифбосида тўлдирилади

 

Далолатнома ёзувлари ҳамда тегишли герб маълумотлари давлат тилида лотин графикасида тўлдирилиши Қоидаларда келтириб ўтилган. Давлат тилини билмайдиганлар таржимон хизматидан фойдаланишлари мумкин.

 

Бундан ташқари, имконияти чекланган шахслар иштирокида далолатнома ёзувларини тўлдириш тартиби алоҳида келтирилган. Кар, соқов ёки карсоқов шахс саводсиз бўлган тақдирда далолатнома ёзувини қайд этишда далолатнома ёзуви мазмуни кар, соқов ёки карсоқовнинг хоҳишига мувофиқ келишини имзо билан тасдиқлаб унга тушунтириши мумкин бўлган шахс иштирок этиши мумкин. Далолатнома ёзувини кўзи кўр шахс учун тузишда далолатнома ёзуви матни унга далолатнома ёзувини тузган ФҲДЁ органи ходими томонидан ўқиб берилади. Бу ҳақда "Белгилар учун" устунига тегишли ёзув киритилади.

 

Хизмат сири қатъий қўриқланади

 

Қоидаларда мустаҳкамланишича, ҳаракатлар амалга ошираётган ФҲДЁ органлари мансабдор шахслари ва бошқа ходимларининг, шунингдек хизмат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда амалга оширилаётган ҳаракатлар тўғрисида маълум бўлган шахсларнинг ўзларига маълум бўлган маълумотларни ошкор қилиши, шу жумладан меҳнат шартномаси бекор қилингандан кейин ҳам тақиқланади.

 

Далолатнома ёзувларидан нусхалар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари, иш юритувида мавжуд бўлган ишлар муносабати билан нотариуслар, шунингдек ФҲДЁ органлари ва Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаларининг сўровига кўра берилади (юборилади).

 

Амалга оширилган ҳаракатларнинг сирини бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

 

Ҳисоботларни топишириш тартиби ўзгарди

 

Энди ФҲДЁ органлари далолатнома ёзувларининг иккинчи нусхалари билан бирга туғилиш, ўлим, никоҳ тузилганлиги ва никоҳдан ажралганлик ҳақидаги далолатнома ёзувларига доир 97-шакл бўйича ҳисоботларни қоғоз ва электрон шаклда адлия бошқармаларига топширишлари керак.

 

97-шаклдаги ҳисобот ведомостининг ўзи энди 3 нусхада тузилади (илгари – тўрт нусхада) Улардан иккитаси далолатнома ёзувларининг иккинчи нусхаси билан адлия бошқармасига топширилади, учинчи нусхаси ФҲДЁ органида қолади (тўртинчиси статистика органларига юборилади).

 

Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасалари ҳар ярим йилликдан кейинги ойнинг 15-кунигача Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига қайд қилинган далолатнома ёзувлари ва сарфланган гербли гувоҳномалар бўйича ҳисобот тақдим этадилар.

 

Текширувлар даврийлиги ўрнатилди

 

ФҲДЁ органлари фаолиятини текшириш муддатлари белгиланди:

 

  • Адлия вазирлиги томонидан - 2,5 йилда 1 марта (илгари –2 йилда 1 марта);
  • Адлия бошқармалари томонидан - 2 йилда 1 марта (илгари – бир йилда 1 мартадан кам);

 

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, улар билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.


 

Олег ЗАМАНОВ,
экспертимиз.

 

 

 

Валюталар курси

2024-11-29
  • USD:12865.05 (+0.00) сум
  • EUR:13550.76 (+0.00) сум
  • RUB:116.73 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 26 ноябрь№ 48