Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
2024 йил декабрда қандай дам оламиз 2024 йил декабрь ойи учун бош бухгалтер режаси Корхонанинг ташкилий-ҳуқуқий шакли қандай ўзгартирилади Буюртмачи бухгалтерия ҳисобини қандай юритиши керак Солиқ кодексига мувофиқ ҚҚСсиз импорт жиҳозлар учун уч сценарий: сотиш, ижарага бериш ва фойдаланиш пайтидаги солиқ оқибатлари Ўзбекистонда 2024 йил декабрда нималар ўзгаради

Пластикка ўтказмаларни декларациялаш керакми?

30.11.2016

Шундай қилиб, агар пластик картангизга бошқа жисмоний шахслар пул ўтказишса, солиқ декларациясини топшириш керакми ёки йўқ?

Бу масала бўйича қизғин баҳслар авж олди. Бунда Norma.Uz ахборот-ҳуқуқий портали мутахассислар ва давлат органларининг нуқтаи назарини жойлаштирувчи ўзига хос майдон ҳисобланади, холос. Ҳар бир эксперт ўзининг шахсий нуқтаи назарига эга бўлиш ҳуқуқига эга, у таҳририят ва баъзи муштарийларнинг фикри билан айни бўлмаслиги мумкин. Шу боисдан сайтимиз холисликка асосланган ҳолда тарафкашлик қилмайди ва ушбу масала юзасидан барча нуқтаи назарларни акс эттиришни бурчи деб билади.

 

Қуйида пластик картадан ўтказмаларни декларациялаш бўйича экспертларимизнинг тушунтиришларини келтириб ўтамиз.

 

Ҳисоб-китобни даромад билан чалкаштирманг

 

Дарҳол айтиб ўтиш зарурки,  жисмоний шахслар ўртасида пластик карталар бўйича ўтказмалар – бу ҳисоб-китоб қилишнинг бир усули. Уни Солиқ кодексидаги даромад тури билан адаштирмаслик керак.

 

Фуқаролик кодексининг 790-моддаси, Тижорат банклари томонидан банк карталарини чиқариш ва уларни Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши тартиби тўғрисидаги низом,  Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низомга кўра, пластик карталардан фойдаланиб ҳисоб-китоб қилиш нақд пулсиз ҳисоб-китоблар усули ҳисобланади. Пластик карта воситасида турли битимлар бўйича ҳисоб-китоблар амалга оширилади, булар ҳадя қилиш, олди-сотди, ижарага олиш кабилардир.

 

Ўз навбатида СК банк пластик картасига келиб тушган барча маблағларни аниқ битимнинг мазмуни ва моҳиятидан келиб чиққан ҳолда аниқ даромадлар гуруҳлари бўйича таснифлайди (СКнинг 30-моддаси):

  • меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар;
  • мулкий даромадлар;
  • моддий наф тарзидаги даромадлар;
  • бошқа даромадлар.

 

Ушбу гуруҳлар бўйича даромадларнинг аниқ турлари аниқланади ва уларга ё солиқ солинади ёки йўқ.

 

Қачон солиқ тўламаслик керак?

 

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (кейинги ўринларда - ЖШДС) тўлаш керак бўлмаган иккита ҳолатни кўриб чиқамиз.

 

1-мисол. Ўғил онасининг картасига маҳсулотлар ва дори-дармонларни эркин харид қилиши учун текин пул ўтказиб бермоқда. СКнинг 178-моддасига кўра, жисмоний шахслардан текин (шу жумладан ҳадя шартномалари бўйича) олинган мол-мулк ёки мулкий ҳуқуқлар қиймати жисмоний шахсларнинг бошқа даромадлари жумласига киради ҳамда СКнинг 179-моддаси 15-бандида кўзда тутилган имтиёз асосида солиқ солинмайди.

 

Яъни, агар картадан картага ҳадя сифатида пул ўтказилса, солиқ тўлаш керак эмас.

 

2-мисол. Икки киши харидорнинг пластик картасидан сотувчининг пластик картасига пул ўтказиш йўли билан ҳисоб-китоб қилиш шарти билан автомобиль олди-сотдиси ҳақида келишиб олишди. СКнинг 176-моддаси 4-бандига кўра, жисмоний шахсларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромадлар жисмоний шахсларнинг мулкий даромадлари таркибига киради СКнинг 179-моддасининг 11-бандида кўзда тутилган имтиёз асосида солиқ солинмайди.

 

Яъни агар фуқаро ўз мол-мулкини сотаётган бўлса, умумий қоидага кўра, бундан солиқ тўламаслиги керак (истиснолар ҳақида бу ерда ўқинг).

 

Қандай ҳолатларда солиқ тўланади?

 

Энди ЖШДС тўланадиган мисолни кўриб чиқамиз.

 

3-мисол. Хонадон эгаси вақтинчалик яшаши учун уни талабага ижарага беришга қарор қилди. Улар ижара шартномасини тузишди ва пластик карталар орқали ҳисоб-китоб қилишга қарор қилишди. СКнинг 176-моддаси 3-бандига кўра, бу маблағлар мулкий даромадлар сифатида таснифланади, СКда назарда тутилган ЖШДСдан озод этиш бўйича имтиёзлар эса бундай аниқ даромад турига нисбатан қўлланилмайди.

 

Яъни мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадлардан ЖШДС тўлаш зарур.

 

Бир савол келиб чиқади: уни қандай тўлаш керак? СКнинг 193-моддасида ушбу ҳолатда солиқ даромадлар тўғрисидаги декларацияга асосан тўланиши кўрсатилган.

 

Ким даромадларини декларациялайди, ким декларацияламайди?

 

СКнинг 189-моддаси нормаларидан келиб чиққан ҳолда:

  

Қуйидаги жисмоний шахслар ўз даромадларини декларациялашлари шарт

 

  • мулкий даромадлар олганлар, агар бу даромадларга тўлов манбаида солиқ солинмаган бўлса;
  • фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида олинган даромадлар олганлар;
  • асосий бўлмаган иш жойидан олинган моддий наф тарзидаги даромадлар олганлар;
  • икки ёки ундан кўп манбадан олинган солиқ солинадиган даромадлар олганлар;
  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги манбалардан олинган даромадлар олганлар;
  • солиқ агентлари бўлмаган манбалардан олинган даромадлар олганлар;
  • Ўзбекистон Республикаси резидентига айланган чет эллик жисмоний шахслар.

 

Даромадлар тўғрисидаги декларация қуйидаги жисмоний шахслар томонидан тақдим этилмайди:

 

  • асосий иш жойи бўйича тўлов манбаида солиқ солинган даромад олганлар;
  • асосий бўлмаган иш жойидан даромад олганлар, бунда даромаддан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи унинг аризасига кўра белгиланган энг юқори ставка қўлланилган ҳолда ушлаб қолинганда;
  • СКнинг 178-моддасида кўзда тутилган бошқа даромад олганлар (юқорида кўрсатилган рўйхатга киритилмаган).

 

Ўқувчиларимизда иккита савол юзага келади:

 

1. Солиқ тўланадиган даромадлар бўйича ҳисобот топшираётганда солиқ солинмайдиган даромадларни солиқ декларациясида кўрсатиш керакми?

 

2. Агар солиқ солинадиган даромадлар умуман бўлмаса, фақат солиқ солинмайдиганлари бўлса-чи, у ҳолда декларация топшириш керакми?

 

Биринчи савол бўйича бир маъноли жавоб бор: агар солиқ солинадиган давр мобайнида солиқ тўловчи мажбурий декларацияланиши керак бўлган даромадларни олган бўлса, у ҳолда ҳам солиқ солинадиган, ҳам солинмайдиган — барча турдаги даромадларни декларациялаш даркор. Солиқ декларацияси шаклининг ўзида бу кўзда тутилган. Бу ерда, табиийки,  пластик ўтказмалар асосида олинган даромадлар ҳам у ёки бу  даромад тури тариқасида акс эттирилади.

 

Иккинчи савол бўйича СКнинг 189-моддасини талқин қилишда иккита бир-биридан фарқ қилувчи нуқтаи назарлар мавжуд.

 

1-ёндашув. Солиқ органларининг фикри шундан иборатки, улар фуқаро томонидан олинган даромадларга ЖШДС солинмаса-да, аммо у декларацияни тўлдириш мажбуриятидан тўғридан-тўғри озод этилмаган бўлса, у олинган жами даромад тўғрисида декларация топшириши шарт, деган тушунчага таянишади (порталимизнинг солиқ органларига йўллаган мурожаатларига жавоблардан бизнинг экспертларимиз ва ўқувчиларимиз шундай хулосага келишди). Кўринг дастлабки ва такрорий тушунтиришлар.

 

Эҳтимол, бу ерда мантиқ қуйидагиларда мужассам бўлса керак: декларацияни топшириш – бу СК 179-моддасида кўзда тутилган имтиёзларга бўлган ҳуқуқни тасдиқлаш усули. Акс ҳолда солиқ органи олинган даромадларнинг хусусияти ҳақида маълумотга эга бўлмагани сабабли солиқ солинадиган  даромадни солинмайдиганидан мустақил равишда фарқлай олмай қолади. Худди биринчи мисолдаги ҳолатда: ўғил онасига текин пул беради, бироқ солиқ органлари буни билишмайди-да.

 

Мазкур ёндашувга қўшилиш ёки қўшилмаслик ҳам мумкин. Аммо ҳозирги вақтда бу барча келиб чиқадиган оқибатларни инобатга олган ҳолда солиқ органининг расмий фикри ҳисобланади.

 

2-ёндашув. Бошқа мутахассисларнинг фикрича, барча олинган даромадларга декларация асосида ЖШДС солинмаган ҳолатларда солиқ декларацияси топширилмайди. Бу нуқтаи назар мантиқан олиб қараганда тушунарли – агар солиқ солинадиган даромад бўлмаса, демак, даромадларни декларациялашнинг ҳожати йўқ.

 

Аммо фуқаролар қандай йўл тутишлари керак?

 

Масаланинг ечимини топиш учун, келинг, декларация топширишнинг назарий жиҳатларидан четроққа чиқамиз ва анча амалий масалани кўриб чиқамиз – декларация умуман топширилмаганлиги ёки ўз вақтида топширилмаганлиги учун қандай жавобгарлик назарда тутилган ва у қачон қўлланилади?

 

МЖтКнинг 174-моддаси 3-қисмида бунинг учун ЭКИҲнинг 1 баробаридан 3 баробаригача миқдорда жарима қўллаш билан жавобгарлик кўзда тутилган. Агар декларацияни тақдим этмаслик қасддан фойда (даромад)ни ёки солиқ солинадиган бошқа объектларни яшириш, камайтириб кўрсатишга сабаб бўлса,  у ҳолда МЖтКнинг 174-моддаси 1 ёки 2-қисми бўйича (ҳажмидан келиб чиққан ҳолда) жавобгарлик қўлланади, агар маъмурий ундирув қўлланилган бўлса ёки ҳуқуқбузарлик кўп миқдорда содир этилган тақдирда – ЖКнинг 184-моддаси бўйича жавобгарлик қўлланилади.

 

Шу билан бирга Олий суд бундай ҳуқуқбузарликларга қачон жавобгарлик қўлланилиши масаласига анча аниқ ва тушунарли тушунтириш берган: «МЖтКнинг 174-моддаси ва ЖКнинг 184-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик субъекти — 16 ёшга тўлган, солиқ солинадиган даромад (фойда)га эга бўлган ҳамда қонунчиликка кўра давлат солиқ хизматига даромад тўғрисида декларация топшириши мажбурий бўлган жисмоний шахс (Ўзбекистон Республикаси фуқароси, чел эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс)».

 

Яъни солиқ солинадиган даромад бўлгандагина жавобгарликка тортилади. Агар бундай даромад олинмаган ҳамда декларация топширилмаган бўлса, санкциялар ҳам қўлланилмайди.

 

«Мана! Демак, агар солиқ тўлашим керак бўлмаса солиқ декларациясини ҳам топширмасам бўлар экан-да, ахир мени жазолашмас экан-ку!» – деб қонунга мувофиқ айтади ўқувчимиз ва у умуман олганда ҳақ.

 

Аммо бир нарсани инобатга олиш керакки, солиқ ҳуқуқидан бохабар бўлмаган оддий фуқаро қайси даромадга ЖШДС солиниши ва қайсинисига солинмаслигини тушуниши ниҳоятда мушкул. Шу боис ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳар бир солиқ тўловчи — жисмоний шахс СКнинг 192-моддасида назарда тутилган йиллик жами даромад тўғрисидаги декларация топшириш ҳуқуқидан ихтиёрий равишда фойдаланиши мумкин (бу шунингдек, ортиқча ушлаб қолинган солиқ суммасини қайтариш имконини беради). Шунда ДСИ қайси солиқларни тўлашингиз кераклигини мустақил равишда аниқлаши шарт бўлади. Ёки тегишли тушунтиришларни олиш учун солиқ маслаҳатчиларига мурожаат қилиш мумкин.

 

М.Мирзағаниев, С.Латипов, О.Заманов,
экспертларимиз.

 

Мавзуга оид материаллар:

 

Картадан картага пул ўтказиш: шартнома керакми, солиқ оқибатлари қандай бўлади?

 

Картага ўтказмаларни декларацияда акс эттиринг

Валюталар курси

2024-11-29
  • USD:12865.05 (+0.00) сум
  • EUR:13550.76 (+0.00) сум
  • RUB:116.73 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 26 ноябрь№ 48