Вазирлар Маҳкамасининг 13.02.2019 йилдаги 119-сон қарори билан 2019–2020 йилларда Хоразм вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тасдиқланди.
Урганчда Шовот канали бўйида «Шовот» кичик туризм зонаси (бундан кейин – КТЗ), Хивада эса «Ғовук кўл» КТЗ ташкил этилади. У ерда замонавий меҳмонхона комплекслари, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар ва туризм аҳамиятига эга бўлган бошқа объектлар қурилади. 2 ой муддатда КТЗнинг аниқ чегаралари белгиланади.
25.10.2017 йилдаги ПҚ–3356-сон қарорга мувофиқ ташкил этилган Хоразм вилояти ЭИЗ ва КСЗ маъмурий кенгаши туризм зоналарида инвесторлар учун ер ажратилишини таъминлайди.
КТЗни ташкил этиш ва ривожлантириш иши ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши учун Бош вазир ўринбосари, Хоразм вилояти, Урганч ва Хива ҳокимлари, қурилиш, сув хўжалиги, УКХ ва бошқа вазирларнинг ўринбосарлари таркибида республика ишчи гуруҳи тасдиқланди.
Вилоят ҳокимлиги Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда 2 ой муддатда Хоразм вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган қўшимча инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхатини шакллантириб, тасдиқлаш учун киритади.
Ҳужжатга иловада 2019–2020 йилларда Хоразм вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар комплекси тақдим этилган. Улар жумласида:
- «Ичан-қалъа» мажмуаси ҳудудида яшаётган туб аҳолини Хива атрофида барпо этиладиган янги кўп қаватли уйларга босқичма-босқич кўчириш. Ушбу чора тарихий мажмуанинг умумбашарий бемисл аҳамиятини, «тирик музей-шаҳар» мақомини сақлаб қолиш, аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш, оилаларнинг ўзига хос ҳунармандчилик ва қадимий касб турлари билан шуғулланиши учун шароит яратиш имконини беради;
- Урганчда маҳаллий (Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Намангандан) ҳамда Франкфурт, Истанбул, Анқара, Измир, Волгоград, Деҳли, Фуцзяндан халқаро авиарейсларни йўлга қўйиш;
- Хива темир йўл вокзалидан «Ичан-қалъа» мажмуасигача бўлган кўчадаги барпо этилаётган объектларда ҳудуднинг тарихий-маданий муҳитига уйғун ҳолда ҳар хил кўнгилочар масканлар ва савдо шохобчаларини жойлаштириш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 13.02.2019 йилдан кучга кирди.
Ленара Хикматова.