Вазирлар Маҳкамасининг 12.07.2021 йилдаги “Тошкент метрополитени учун ўнта тўрт вагонли метро поездларини харид қилиш” лойиҳасининг техник-иқтисодий асослашни тасдиқлаш тўғрисида”ги 435-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Ўнта тўрт вагонли метро поездларини харид қилиш лойиҳасини ТИАнинг асосий техник- иқтисодий кўрсаткичлари;
- “ВЭБ.РФ” давлат ривожланиш корпорацияси банкининг кредити бўйича асосий қарзни қайтариш, фоизлар ва воситачилик ҳақини тўлашнинг прогноз жадвали;
- “Росэксимбанк” АЖ кредити бўйича асосий қарзни қайтариш, фоизлар ва воситачилик ҳақини тўлашнинг прогноз жадвали.
Лойиҳанинг ТИАга асосан:
- умумий қиймат (эквивалентда) 63,7 млн евро ни ташкил этади, ундан:
- 8,7 млн евро – давлат бюджети маблағлари;
- 30,5 млн евро – “ВЭБ.РФ” Россия давлат ривожланиш корпорациясининг кредити;
- 24,5 млн евро –“Росэксимбанк” АЖ кредити.
“ВЭБ.РФ” кредити 11 йил муддатга, “Росэксимбанк” кредити эса - 12 йил муддатга тақдим этилган.
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖга Тошкент метрополитени учун “Метровагонмаш” АЖдан (Россия Федерацияси) тўрт вагонли метро поездларини 1 декабрга қадар олиб келиниши топширилди. Лойиҳа бўйича битим Тошкент шаҳрида 5-7 апрель кунлари ўтказилган ИННОПРОМ халқаро саноат кўргазмасида имзоланган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 12.07.2021 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.