Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш мақсадларида амортизация ҳисоблашнинг фарқи МИЗ иштирокчиларига фойда солиғи бўйича имтиёз қайси даромад турларига нисбатан қўлланилиши мумкин Геологик изланишларнинг солиқ ҳисоби қандай юритилади

Узум етиштиришни молиявий қўллаб-қувватлаш тизими жорий этилади

07.08.2023

Рус тилида ўқиш

Президентнинг 03.08.2023 йилдаги “2023-2026 йилларда узумчилик ва виночилик соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-260-сон қарори қабул қилинди.

 

Ҳужжат билан Республикада узумчиликни ривожлантириш кенгашининг таркиби тасдиқланди. Унга қуйидаги вазифалар юклатилди:

  • республика ҳудудлари ва туманларини узум етиштиришга ихтисослаштириш ҳамда узумзорларни барпо қилиш учун энг мақбул майдонларни белгилаш ҳамда ер майдонларини ажратиш юзасидан қарорлар қабул қилиш;
  • узумни йирик майдонларда, кластер ва кооперация усулида етиштириш орқали соҳада қўшилган қиймат занжирини яратиш, узумни сақлаш, саралаш ва қайта ишлашни рағбатлантириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;
  • аҳоли хонадонлари ва томорқа ер участкаларида узумчилик соҳасини кенг ривожлантириш, янги ташаббускорларни аниқлаш ҳамда уларнинг манзилли дастурини тасдиқлаш;
  • маҳаллий узум навларининг миллий брендларини яратиш ва янги бозорларга чиқиш орқали экспортни кенгайтириш бўйича чора-тадбирларни тасдиқлаш;
  • илмий асосланган ҳолда узум етиштириш, унинг янги ҳосилдор, данаксиз навларини яратиш мақсадида узумчилик илмий мактабини ривожлантириш ҳамда илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг узвий интеграциясини йўлга қўйиш.

 

Туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларига 2023-2024 йилларда “Олтиариқ тажрибаси” асосида ҳар бири 2-2,5 минг гектар ер майдонларида узум плантациялари ташкил этиш топширилди.

 

Шунингдек, 2023-2026 йилларда узумчиликни ривожлантириш, кластер ва кооперация усулида узум маҳсулоти етиштириш ҳамда қайта ишлашга инвесторлар ва халқаро молия институтларининг жалб этилган 100 млн АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли қарз маблағларини йўналтириш режалаштирилмоқда.

 

2023 йил 1 августдан бошлаб узум маҳсулотлари етиштиришни молиявий қўллаб-қувватлаш тизими жорий этилади, унга мувофиқ Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг маблағлари ҳисобидан янги узумзорларни барпо қилиш, кўчат тайёрлаш ва “in-vitro” лабораторияларини ишга тушириш лойиҳаларини амалга ошириш учун маблағ йўналтиришга рухсат берилади.

 

Бунда, Жамғарма маблағлари “Қишлоқ қурилиш банк” АТБга Марказий банкнинг асосий ставкасида ресурс сифатида жойлаштирилади ҳамда лойиҳа ташаббускорларига 10 йил муддатга (5 йиллик имтиёзли давр билан) 2 фоиздан кўп бўлмаган маржа билан тижорат кредити ажратилади.

 

Ҳужжат билан Республикада 2023-2026 йилларда узумчилик ва виночиликни комплекс ривожлантириш дастури доирасида қуйидагилар тасдиқланди:

  • 2023-2024 йилларда янги узумзорларни барпо қилишнинг мақсадли кўрсаткичлари;
  • Республика ҳудудларида узум кўчатларини тайёрлаш бўйича ташкил қилинадиган “in-vitro" лабораториялари рўйхати;
  • 2023-2026 йилларда узумчилик ва виночилик саноатини комплекс ривожлантириш бўйича “йўл харитаси”.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 04.08.2023 йилдан кучга кирди.


Лола Абдуазимова.