Президент 27.11.2024 йилдаги "Темир йўл транспорти тўғрисида"ги ЎРҚ-1006-сонли янги таҳрирдаги Қонунни имзолади. Ҳужжат "Халқ сўзи" газетасида эълон қилинди.
1999 йилдаги амалдаги қонун эскирган ва бозор иқтисодиётининг замонавий талабларига жавоб бермайди. Янги қонун транспорт соҳасида тадбиркорлик фаолияти учун шароитлар яратиш, хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш ва темир йўл ташишлари соҳасида халқаро ҳамкорликни такомиллаштиришга қаратилган.
Қонуннинг янги версияси кенгроқ тушунчалар ва таърифларни ўз ичига олади, хусусан темир йўл транспорти умумий фойдаланишдаги ва умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўл транспортига бўлинади. Шунингдек, умумий фойдаланишдаги темир йўл инфратузилмасидан фойдаланиш тартиби ва инфратузилма оператори фаолияти, ташувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тартибга солинган.
Қонунда темир йўл транспортидаги хавфсизлик талаблари белгиланган. Бунда ташиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича жавобгарлик транспорт жараёнини таъминловчи корхоналар ва ташувчилар зиммасига юкланади.
Темир йўл транспортидаги тарифлар бозор тамойиллари асосида эркин шакллантирилади. Бундан ташқари, Қонун билан юк вагонларини тақдим этиш, юқори тезликдаги ва тезюрар поездларда йўловчиларни ташиш хизматларига нархларни давлат томонидан тартибга солиш амалиёти бекор қилинди.
Шу билан бирга, ҳужжатда темир йўл транспорти ташувчисининг зарарларини қоплаш нормалари, уларни давлат бюджети маблағлари ҳисобидан компенсация қилиш тартиби мавжуд.
Шунингдек, қонунда темир йўл инфратузилмасини ривожлантиришга инвестицияларни жалб қилишнинг аниқ йўналишлари, умумий фойдаланишдаги ва умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўллар ва вокзалларни қуриш ҳамда реконструкция қилишни молиялаштириш манбалари белгиланади.
Конституциянинг 19-моддасига мувофиқ йўловчиларнинг айрим тоифалари учун темир йўлда бепул юриш ҳуқуқи жорий этилади.
Ҳужжат билан Вазирлар Маҳкамаси, Транспорт вазирлиги ва Транспорт инспекцияси, шунингдек "Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг ваколатлари белгиланган.
Ҳужжат "Халқ сўзи" газетасида эълон қилинди ва 2025 йил 1 январдан кучга киради, Қонуннинг 1–29, 31–57-моддалари бундан мустасно бўлиб, улар расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгандан кейин кучга киритилади.
Лола Абдуазимова