Президентнинг 10.07.2023 йилдаги “Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши ҳузурида Маданиятни қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-219-сон қарори қабул қилинди.
Қуйидагилар Жамғарманинг вазифалари этиб белгиланди:
- маданият ва санъат соҳаси вакиллари, иқтидорли ижодкорларни, айниқса, ёшларни моддий қўллаб-қувватлаш;
- оғир иқтисодий вазиятга тушиб қолган, ижтимоий ҳимояга муҳтож маданият ва санъат ходимларини аниқлаш, уларга манзилли ижтимоий ва моддий ёрдам кўрсатиш тадбирларини ташкил этиш ҳамда молиялаштириш;
- маданият ва санъат ташкилотлари фаолиятини моддий қўллаб-қувватлаш;
- ижодкорлар, ижодий ва бадиий жамоаларнинг маҳаллий ва хорижий гастроль сафарларини ташкил этиш;
- маданият ташкилотларининг бинолари ва маданият объектларида қурилиш-монтаж ишларини олиб бориш, уларнинг фаолиятига замонавий ахборот технологиялари ва илғор инновацияларни жорий этиш ва бошқалар.
Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгиланди:
- Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг қўшимча манбалари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси туман (шаҳар)ларининг маҳаллий бюджетларида шаклланган қўшимча манбалар ҳисобидан ҳар чоракда ажратиладиган маблағлар;
- халқаро молия ташкилотлари ва хорижий давлатларнинг грантлари ҳамда техник кўмак маблағлари;
- Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банкларидаги депозитларга жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
- давлат-хусусий шериклик асосида олинадиган даромадларнинг тақсимланишидан тушадиган маблағлар;
- жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
- қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Шунингдек, Маданият ва туризм вазирлиги Жамғармага Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан 2023 йил учун Маданият ва туризм вазирлигига ажратилган маблағлар ҳисобидан 20 млрд сўм ажратади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 11.07.2023 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев.