Президентнинг 21.08.2017 йилдаги ПҚ-3227-сон «Пахтакор» футбол клубининг моддий-техник базасини янада такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори эълон қилинди.
«PAXTAKOR» спорт-машғулот ўқув маркази» МЧЖ ва «PAXTAKOR TENNIS АСЕ» МЧЖ «PAXTAKOR» футбол клуби»га бирлаштирилади. Кейинчалик унинг устав жамғармасидаги 80% улуши «SFI Management Group» ХК МЧЖга “ноль” харид қийматида сотилади, 20%и эса пойтахт ҳокимлигида қолади.
Бунда инвестор бинолар ва иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлашни амалга ошириши, уларни халқаро стандартлар талабларига мувофиқ келтириши шарт. Инвестиция мажбуриятларининг умумий ҳажми – камида 200 млрд сўм бўлиб, улар бизнес-режаларга мувофиқ 5 йил мобайнида амалга оширилади.
Инвестор фақат ўзига юклатилган мажбуриятларни тўлиқ бажаргандан кейин устав жамғармасидаги ўз улушини тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлади. Унгача инвесторнинг сотиб олган улушига бўлган ҳуқуқи “тасарруф этиш ҳуқуқисиз” қайди билан мулк ҳуқуқига сертификат билан тасдиқланади.
Шунингдек, ҳужжат билан айрим ташкилий масалалар тартибга солинган ҳамда «PAXTAKOR» футбол клуби» МЧЖга ва у томондан жалб қилинадиган хорижий мутахассисларга имтиёзлар тақдим этилган.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов,
экспертимиз.