? Амалиётимизда кўпинча мамлакатимизнинг турли шаҳарларида, баъзан ҳатто унинг ташқарисида жойлашган контрагентлар билан шартнома тузишга тўғри келади. Етказиб бериш, тўловни амалга ошириш ва бошқа кўпгина шартларни келишиш электрон почта орқали ёзишмалар вақтида шартлашиб қўйилади. Биз бир неча бор шундай саволни берганмиз, мазкур ёзишмалар низо келиб чиққан тақдирда судда далил бўладими?
Хўжалик процессуал кодексида (ХПК) белгиланганидек, ушбу Кодекс ва бошқа қонунларда назарда тутилган тартибда олинган маълумотлар иш бўйича далиллар бўлиб, улар асосида хўжалик суди ишда иштирок этувчи шахсларнинг талаблари ва эътирозларини асословчи ҳолатлар, шунингдек низони тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатлар бор ёки йўқлигини аниқлайди. Далиллар сифатида ёзма ва ашёвий далиллар, экспертларнинг хулосалари, гувоҳларнинг кўрсатувлари, ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришларига йўл қўйилади (ХПКнинг 54-моддаси).
Ўз навбатида, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ҳужжатлар, шартномалар, маълумотномалар, амалий ёзишмалар, шу жумладан, факсимил, электрон ёки бошқа алоқа воситасида ёхуд ҳужжатнинг тўғрилигини аниқлаш имконини берувчи бошқа усулда олинган ўзга ҳужжатлар ва материаллар ёзма далиллар ҳисобланади.
Бинобарин, электрон ёзишмалар далил деб тан олиниши мумкин, бироқ бунинг учун уларнинг тўғрилигини аниқлаш имконини берадиган усулда олиб борилиши керак.
Мураккаблик ҳам шунда. Расмий равишда суд электрон почтага кириш имкониятини талаб қилиши ва ахборот технологиялари ёрдамида хабарлар билан танишиши мумкин. Лекин суднинг бундай хатти-ҳаракати эҳтимоли катта эмас.
Ёзишмаларга далил кучини берадиган бошқа усул бўлиб уларни принтерга чиқариб, чоп этиш ҳисобланади.
Шунинг учун бошқа вариантларни кўриб чиқамиз.
Биринчи вариант – бу нотариусга мурожаат қилиш. Нотариус электрон ёзишмаларни кўриб чиқиб ва чоп этиб, уларни тўғрилигини тасдиқлайди.
Иккинчи вариант суд муҳокамасида бўлиши мумкин. Илтимоснома бўйича фан, техника соҳасида махсус билимларни талаб қиладиган масалалар вужудга келганда уларни тушунтириш учун экспертни жалб қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш мумкин.
Низолар вужудга келгунга қадар олдиндан кўзда тутиш мумкин бўлган учинчи вариант – бу бундай жиҳатларни тарафлар ўртасидаги шартномада акс эттириш. Бунинг учун Интернет орқали олинган ёзишмалар ва ҳужжатлар уларнинг асли билан тенг равишда юридик кучга эгалиги унда айтиб ўтилади. Шунингдек шартномада электрон ёзишмалар олиб бориладиган электрон почта манзили ва уни олиб боришга ваколатли ишончли вакил тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилиши керак.
Шундай қилиб, сизнинг электрон ёзишмаларингиз ёзма далил сифатида тан олиниши ёки олинмаслиги тўғрисидаги қарор мутлақо суднинг ихтиёрида қолади, ва унга қандай баҳо берилишини ҳам олдиндан айтишнинг имконияти йўқ. Шунинг учун фақат электрон ёзишмаларга асосланган позицияни бенуқсон деб аташ қийин.
Елена ЕРМОХИНА,
эксперт-юристимиз.