ҚҲТБТ порталида Президентнинг адвокатура институтини янада такомиллаштириш ва адвокатлар мақомини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори лойиҳаси жойлаштирилган.
Лойиҳадан келиб чиқиб, адвокатурадаги навбатдаги ислоҳотлар 2020 йил 1 сентябрдан бошланади. Ушбу санадан бошлаб:
биринчидан, юридик мутахассислик бўйича 2 йиллик иш тажрибасига эга бўлмасдан адвокат бўлиш мумкин. Бунда адвокат бўлишни истаган шахслар учун адвокатлик тузилмаларида мажбурий 3 ойлик стажировка муддати сақланиб қолади;
иккинчидан, адвокат сўровига адвокат ордери нусхасини илова қилиш тўғрисидаги талаб ҳамда сўровда адвокатлик сирини ташкил этувчи маълумотларни киритиш тўғрисидаги талаб бекор қилинади ҳамда бир вақтнинг ўзида сўровга адвокат гувоҳномасининг маълумотларини киритиш талаби жорий қилинади;
учинчидан, адвокатлик тузилмалари ва юридик маслаҳатхоналар давлат хизматлари марказлари орқали «ягона дарча» тамойили асосида рўйхатга олинади. Бюро, фирмалар ва ҳайъатлар учун давлат божи миқдори ўзи келиб мурожаат қилганда 1 БҲМгача ва электрон кўринишда мурожаат қилганда БҲМнинг 50%игача камайтирилади (ҳозир иккала ҳолатда ҳам – 2 БҲМ), Адвокатлар палатасининг ҳудудий органлари улар томонидан ташкил этиладиган юридик маслаҳатхоналарни ҳисобга қўйишда давлат божидан озод этилади (ҳозир – 1 БҲМ). Ҳисобга қўйиш тўғрисидаги аризалар 2 кунлик муддатда кўриб чиқилади (ҳозир – тегишинча, 10 ва 15 кун);
тўртинчидан, адлия органларининг адвокатлик тузилмалари томонидан таъсис ҳужжатларига, устав фаолиятига, рўйхатга олиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартибига риоя этиши устидан назоратни амалга ошириш ваколатлари, шу жумладан ушбу талабларга риоя этмаганликлари учун жарималар (200 БҲМгача) ундириш бўйича ваколатлари бекор қилинади;
бешинчидан, адвокатлик тузилмалари томонидан тўланадиган ижтимоий солиқ ставкаси 5%гача (ҳозир – 12%) пасайтирилади;
олтинчидан, адвокатлик тузилмалари томонидан нақд пулсиз кўринишда амалга оширилган қуйидаги тўловлар адвокатнинг жами даромадига киритилмайди:
- адвокатлар малакасини ошириш ҳамда адвокатларнинг таълими ва касбий тайёргарлиги билан боғлиқ бошқа харажатлар;
- Адвокатлар палатасига кириш ва аъзолик бадаллари;
- адвокатнинг ҳаёти, соғлиғи ва фуқаролик жавобгарлигининг суғуртаси бўйича харажатлар;
- адвокатнинг хизмат сафари харажатларининг ёки хизмат сафари билан боғлиқ компенсация тўловларининг тўлиқ ҳажми;
- адвокат ёки унинг оила аъзоларининг санаторий-курорт даволаниши, дам олиши, стационар ва амбулатор даволаниши учун харажатлар, шунингдек уларни қоплаб бериш қиймати;
- мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим муассасаларида адвокат болаларининг таълими, таъминоти бўйича харажатлар;
- республикадаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ва олий ўқув юртларида ўзи, шунингдек фарзандлари ёки турмуш ўртоғи – 26 ёшгача таълим олиши бўйича харажатлар;
- адвокатларнинг 16 ёшгача бўлган болалари учун (ўқийдиганлар – 18 ёшгача) республикада жойлашган болалар оромгоҳлари ва бошқа соғломлаштириш оромгоҳларига йўлланмалар бўйича харажатлар.
Адвокатлар палатасини адвокатларнинг касбий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган даъволарни судларга киритишда давлат божини тўлашдан озод этиш назарда тутилмоқда. Палатага давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, мансабдор шахслар ва бошқа шахсларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш ҳуқуқи берилади. Адвокатлар сўрови бўйича малакали юридик ёрдам кўрсатиши учун зарур бўлган маълумотлар, ахборотлар, маълумотномалар, тавсифномалар ва бошқа ҳужжатлар тақдим этилганлиги учун давлат божи ва бошқа барча тўловларни тўлашдан озод этилади.
Адвокат ўз касбий фаолиятини амалга ошириши учун зарур бўлган компьютер, электрон, мобил ва бошқа алоқа қурилмаларини ҳамда техника воситаларини судлар, бошқа барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва нодавлат органлари, муассасалари, ташкилотлари биноларига тўсқинликсиз олиб кириш ҳуқуқини барча давлат ва нодавлат органлари, муассасалари ва ташкилотларига ҳам татбиқ этиш режалаштирилмоқда. Адвокат ўзининг касбий фаолиятини амалга ошириш доирасида иш вақтида, гувоҳномасини тақдим этиш билан ушбу ҳуқуқдан фойдаланиши мумкин.
2025 йилдан бошлаб судьяликка номзодларга қўйиладиган мажбурий талаблардан бири этиб адвокат сифатида 2 йилдан кам бўлмаган иш стажининг мавжуд бўлиши белгиланган. Бу адвокатлик касбининг обрўсини оширишни ҳамда судлов иш юритувининг айблов тарафга оғишини истисно этишни ҳамда суд процессида тортишув тамойилини таъминловчи замонавий ва хақиқатдан мустақил бўлган, хар томонлама касбий ва хаётий тажрибага эга бўлган судьялик корпусини шакллантиришни таъминлаши лозим.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Олег Заманов.