ҚҲТБТ порталида Автомобилларда ташувлар хавфсизлигини таъминлашни ташкил этиш ва назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси муҳокама қилинмоқда.
Назоратни ким қандай амалга оширади
Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги автомобилларда ташувлар хавфсизлигини таъминлаш устидан назоратни амалга оширади. Йирик йўловчи ва юкларни ташкил қилувчи масканлар (т/й вокзаллари ва станциялари, дарё портлари, бозорлар, метрополитеннинг охирги бекатлари, охирги ва оралиқ бекатлар ва ҳ.к.) унинг объектлари бўлади.
Бунинг учун белгиланган жойларда “автотранспорт назорати” ёзуви туширилган, Агентлик логотипига эга, қизил-кўк рангдаги чироқ-маёқчаси ва товушкарнай қурилмаси бўлган махсус автотранспорт пайдо бўлади.
Назоратнинг ўзи транспорт воситасини тўхтатиш ва ҳужжатларни: ҳайдовчилик гувоҳномаси (ҳайдовчи шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат), йўл варақаси, лицензия карточкаси, техпаспорт, илова қилинадиган ва рухсат берувчи ҳужжатлар ва бошқаларни талаб қилиб олиш йўли билан амалга оширилади.
Қоида бузувчиларни нима кутади, виждонли ҳайдовчиларничи?
Агар текшириш натижасига кўра бирор-бир қоидабузилиш аниқланмаса, назорат қилувчи шахс йўл варақасига назоратдан ўтилганлиги тўғрисида штамп босади, у такрорий текширишсиз кейинчалик тўсқинликсиз ҳаракатланишига асос бўлиб хизмат қилади.
Қоидабузилиш ўрнатилган тақдирда 2 нусхада баённома расмийлаштирилади, улардан бири ҳайдовчига берилади, иккинчиси эса айбдорга тегишли чора кўриш учун идоравий мансублиги бўйича узатилади.
Ким янги тартиб остига тушади
Мазкур тартибнинг мажбурийлиги МЖтК 198-моддаси бўйича маъмурий жавобгарлик билан мустаҳкамланган, яъни назорат қилувчи шахснинг транспорт воситасини тўхтатиш тўғрисидаги қонуний талаби бажарилмаган тақдирда баённома тузилади, сўнгра у далилий материаллар (фото, видеоқайд, холис гувоҳлар далолатномаси ва б.) билан судга узатилади.
Бироқ, ишлаб чиқилган низом қуйидагиларда ишлатилаётган автотранспорт воситаларига нисбатан татбиқ этилмайди:
- табиий офат ва унинг оқибатларини тугатишда ёки қутқарув операцияларида;
- ўрганиш учун бошқариш пайтида;
- шахсий мақсадларда, йўловчиларни ва юкларни нотижорий ташувларда;
- қуролли кучлар, фуқаро мудофааси бўлинмалари, ёнғин ўчириш ва жамоат тартибини сақлаш кучлари билан;
- фойдаланишга топширилмаган янги ёки реконструкция қилинаётган транспорт воситасини пухта ишлаш, таъмирлаш ёки техник хизмат кўрсатиш доирасида йўл синовларини ўтказишда
Лойиҳа муҳокама босқичида бўлиб, ўзгартирилиши, тўлдирилиши ёки рад этилиши мумкин.
Олег ЗАМАНОВ,
экспертимиз.