Тасдиқланган қоидалар билан электрон пулларни чиқариш, реализация қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни қоплаш механизми белгиланади (рўйхат рақами 3231, 29.04.2020 йил). Ҳужжат «Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ ишлаб чиқилган.
Маълумот учун: электрон пуллар – эмитентнинг электрон шаклда сақланадиган ҳамда электрон пуллар тизимида тўлов воситаси сифатида қабул қилинадиган шартсиз ва чақириб олинмайдиган пул мажбурияти.
Электрон пуллар (ЭП) тизимида қуйидагилар иштирок этади:
- эмитент – Марказий банк ва тижорат банклари;
- оператор – банк ва (ёки) ЭП тизими ишлашини таъминлайдиган тегишли лицензияга эга бўлган тўлов ташкилотлари;
- агентлар;
- ЭП эгалари;
- банклар, тўлов ташкилотлари, якка тартибдаги тадбиркорлар ва (ёки) эмитент билан шартнома тузган юридик шахслар.
Электрон пулларни чиқариш ва реализация қилиш
ЭПни чиқариш ва реализация қилиш банк-эмитент томонидан Марказий банкка тасдиқланган шакл бўйича хабарномани, шунингдек ҳужжатларни юборишдан бошланади. МБ томонидан келиб тушган хабарнома 10 кун мобайнида кўриб чиқилади ва МБ расмий веб-сайтида юритиладиган тегишли Реестрда пул чиқариш бошланган сана ҳақида ёзув қайд этилади.
ЭПни чиқариш жисмоний шахслар ёки агентдан қабул қилинган пул маблағлари доирасида, электрон пулларни чиқариш, улардан фойдаланиш ва уларни қоплаш тўғрисидаги шартномага мувофиқ амалга оширилади. Ушбу шартнома асосида ЭП реализация қилиш шартлари белгиланади. Шартнома тузилгунга қадар эмитент ёки оператор жисмоний шахсга қуйидагилар тўғрисида маълумотларни тақдим этиши лозим:
- эмитентнинг ва операторнинг номи ҳамда жойлашган ери (почта манзили) (тўлов ташкилоти ҳисобланганда – лицензия рақами);
- ЭПдан фойдаланиш шартлари;
- ЭП эгасидан воситачилик ҳақини ундириш тартиби ва миқдори;
- эътирозларни бериш усуллари ва уларни кўриб чиқиш тартиби.
Электрон пуллар жисмоний шахсга ва агентга ҳар бир ЭП эгаси учун шакллантириладиган электрон ҳамёнга ўтказиш орқали реализация қилинади. ЭП сотиб олинганлиги далили қуйидаги маълумотларни ўз ичига олган квитанция ва қоғоз ёки электрон шаклдаги бошқа ҳужжатлар билан тасдиқланади:
- эмитент ва операторнинг номи;
- операциянинг амалга оширилган санаси;
- операциянинг тартиб рақами;
- электрон пуллар суммаси;
- электрон пуллар эгасига тегишли электрон ҳамённинг идентификация коди;
- ундириладиган воситачилик ҳақи миқдори (агар электрон пулларни чиқариш, улардан фойдаланиш ва уларни қоплаш тўғрисидаги шартномада белгиланган бўлса). Шунингдек эмитент томонидан қўшимча белгиланган реквизитлар киритилиши мумкин.
Электрон пуллардан фойдаланиш
Электрон пуллар тизими субъектлари – якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахслардан товарлар ва хизматларни сотиб олиш учун электрон пуллардан фойдаланилади. Улар учун махсус электрон ҳамёнлар шакллантирилади, уларга реализация қилинган товар ёки кўрсатилган хизматлар учун ЭП қабул қилинади ва кейинчалик эквивалент сумма банк ҳисобварақларига ўтказилади. Юридик шахслар ва ЯТТ электрон ҳамёнларидаги электрон пулларни қайта сотиш тақиқланади.
Электрон пуллар бўйича ҳар қандай операция чек ёки тасдиқловчи ҳужжат билан тасдиқланади. У электрон ҳамён эгасининг мобил алоқа воситаларига смс-хабар ёки электрон почта манзилига хабар тарзида юборилиши шарт. Чекда қуйидагилар кўрсатилади:
- электрон ҳамённинг идентификация коди;
- тўловни идентификацияловчи транзакция коди;
- якка тартибдаги тадбиркор ва юридик шахснинг номи ва СТИРи;
- чек рақами;
- тўлов суммаси;
- операциянинг амалга оширилган санаси ва вақти.
Электрон пуллар банк-эмитент томонидан уларнинг эгаларига нақд пулга алмаштириш ёки нақд пулсиз маблағларни ЭП эгасининг банк ҳисобварағига кирим қилиш орқали қопланади. ЭП қопланганидан кейин муомаладан чиқарилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 29.04.2020 йилдан кучга кирди.
Ленара Хикматова.