Вазирлар Маҳкамасининг 30.09.2017 йилдаги 778-сон қарори билан Заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш учун қимматбаҳо металларни реализация қилиш ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Қимматбаҳо металлар қандай реализация қилинади
Қимматбаҳо металларни (олтин, кумуш) сотиб олиш учун заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилари банкларга буюртманомаларни топширади. Буюртманомада уларнинг зарур ҳажми кўрсатилиши керак (камида 100 гр).
Банк «Лицензия» (www.license.uz) ахборот тизими орқали аризачининг заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш учун лицензияси мавжудлигини текширади ва буюртманомани алоҳида рўйхатга олиш дафтарида рўйхатдан ўтказади.
Аризачи қимматбаҳо металларнинг буюртманомада қайд этилган миқдорини сотиб олиш учун зарур маблағларни банкда депонентга ўтказади.
Шундан кейин бош банклар (ҳар ойнинг биринчи ва/ёки учинчи сешанба кунлари соат 12:00 га қадар) Марказий банкка ва Қимматбаҳо металлар агентлигига шакллантирилган йиғма буюртманомаларни тақдим этади. Бунга жавобан МБ бош банкка ҳисобварақ-фактура тақдим этади, банк 2 иш куни ичида тўловни амалга ошириши керак.
Тўловни қабул қилгач, МБ тегишли вазндаги қимматбаҳо металлар пластиналарини бош банкка бериш ҳақида Агентликка топшириқ беради. Агентликдан пластиналар олинган санадан эътиборан 5 иш куни ичида улар заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларига берилади.
Марказий банк ва бош банклар, шунингдек банклар ва заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилари ўртасида қимматбаҳо металларни реализация қилиш бўйича операциялар алоҳида шартномалар асосида амалга оширилади.
Нарх қандай белгиланади
Пластина шаклидаги вазни 100 граммдан бошланадиган қимматбаҳо металлар тўлиқ олдиндан ҳақ тўлаш шарти билан миллий валютага сотилади. Соф оғирлигига қайта ҳисобланган олтин ва кумуш қиймати, шунингдек банкда депонентланадиган маблағлар суммаси ҳисоб-китоби Лондон қимматбаҳо металлар биржасининг эрталабки фиксинги ва банк томонидан МБга берилган буюртманома санасида амал қилган МБ курси асосида амалга оширилади.
Депонентланган маблағлар суммаси етарли бўлмаган буюртманомалар бекор қилинади. Шу боис, банк талабига кўра пластиналарнинг аниқ вазнидан келиб чиқиб ҳисобланган, МБ томонидан тақдим этилган тўлов учун ҳисобварақ-фактура асосида ушбу сумма тўлдирилиши керак. Шунингдек, депонентланадиган маблағлар суммасига қуйидагилар киради:
- банк маржаси – реализация қилинадиган қимматбаҳо металлар қийматининг 1%и миқдорида;
- МБга тўланадиган комиссия ҳақи – реализация қилинган қимматбаҳо металлар қийматининг 1%и миқдорида.
Бу муҳим! Қимматбаҳо металлар кейинчалик қайта сотиш ҳуқуқисиз реализация қилинади. Фақат заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш бўйича фаолият тўхтатилганда, Марказий банк ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлигини хабардор қилган ҳолда, уларни бошқа заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчига реализация қилиш мумкин. |
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинди. Низом 1.10.2017 йилдан амалга киритилди.
Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов,
экспертимиз.