Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКакие налоговые последствия влекут закуп и перевозка товара за пределами Узбекистана Как оформить закуп сельхозпродукции общепиту, если в общем объеме реализации – менее 90% собственной продукции Когда можно применить нулевую ставку НДС

Такси учун лицензия: нималарга эътибор бериш лозим

10.04.2019

Читать на русском языке

Хусусий ташиш билан шуғулланувчи енгил автомобиль эгалари легаллаштирилиши, солиқларни тўлаши, йўловчилар хавфсизлиги ва уларга хизмат кўрсатиш сифати ошиши зарур. ҚҲТБТ порталида муҳокама қилинаётган Президент қарори лойиҳаси ушбу мақсадларга эришишга қаратилган. Қуйида таклиф этилаётган чора-тадбирлар комплекси қанчалик самарали бўлиши, нималарни такомиллаштириш кераклиги ҳақида сўз юритамиз.

 

Муаммоларни бир томонлама ёндашиб ҳал этиб бўлмайди

 

Узоқ вақт фақат юридик шахслар қонуний равишда такси хизматларини кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Ушбу норма бир томонлама бўлгани боис деярли амал қилмади. Ҳуқуқий майдоннинг мавжуд эмаслиги хусусий шахсларни тўхтатиб қола олмади. «Яндекс такси»нинг Ўзбекистон бозорига кириб келиши ҳам нолегал ишловчиларга қўл келди, gazeta.uz материалида келтирилган ДСҚ раиси ўринбосари Мубин Мирзаевнинг маълумотларига қараганда, унинг сервисига 10 мингта ҳайдовчи уланган, уларнинг аксарияти йўловчилар ташиш билан шуғулланиш учун қонуний асосларга эга эмас.   

 

Тартибга солишга уриниш алоҳида натижа бермади. Аввалига, Вазирлар Маҳкамасининг 18.05.2011 йилдаги 139-сон қарори қабул қилингандан кейин оммавий ахборот воситаларида нолегал таксичиларни ушлаш бўйича навбатдаги рейс ўтказилганлиги ҳақида тез-тез хабар бериб турилди. Вақт ўтиши билан бундай ахборот шов-шувга сабабчи бўлмай қолди ва тез орада деярли йўққа чиқди. Ваколатли органлар фақат жадвал бўйича рейдлар ўтказиш билан чекландилар. Қонунбузарни рейддан ташқари жавобгарликка тортиш таомили мураккаблаштирилгани боис кутилган натижани бермаяпти.    

 

«ЙПХ ходимлари Транспорт вазирлиги ходимлари билан биргаликда нолегал таксичиларни тутмоқдалар, улар мазкур соҳага оид амалдаги қонунчиликни бузганликлари учун 20 ЭКИҲдан 100 ЭКИҲгача – 2 млн сўмдан 20 млн сўмгача тўлашлари керак. Жаримани эса суд орқали ундириш мумкин. Ходимлар баённома расмийлаштириб, судга юборадилар, у мазкур масалани бир неча ой ичида кўриб чиқади. Натижада қонунбузар кам таъминланганлиги ёки бошқа сабабларга кўра 5 ЭКИҲгача жаримага тортилади», – gazeta.uz Мубин Мирзаевнинг Халқаро пресс-клуб йиғилишида айтган сўзларидан ушбу цитатани келтирди.

 

Кўпгина хорижий давлатларда нолегал таксичиларга қарши курашишнинг самаралироқ усулини анчадан буён қўллаб келмоқдалар. У ерда юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар мазкур бозорда ишлаши учун ҳуқуқий майдон яратилган. Масалан, Россияда ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг аксарият қисмини таксичилар ташкил этади.

 

Ўзбекистонда ҳам хусусий ташиш билан шуғулланувчиларни легаллаштириш учун ҳуқуқий майдон яратила бошлади. Президентнинг 6.03.2019 йилдаги «Юк ва йўловчи ташиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–4230-сон қарорини бажариш мақсадида «Ўзбекистон Республикасида йўналишсиз такси фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди, айни пайтда у ҚҲТБТ порталида муҳокама қилинмоқда.   

 

Бутун Ўзбекистондаги хуфия таксиларнинг легаллаштирилиши бюджетга тахминан 180 млрд сўм келиб тушишини таъминлайди, бу билан мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулоти камида 0,1%га ошади. Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев Халқаро пресс-клуб йиғилишида шу ҳақда гапирди, деб ёзади gazeta.uz.

 

Фикримизча, такси бозорида мавжуд айрим жиҳатлар лойиҳада ўз аксини топмаган. Бу кўрилаётган чоралар кам самара беришига олиб келиши мумкин.

 

Биринчидан, якка тартибдаги тадбиркор учун лицензия бериш шартларидан бири сифатида ташувчилар учун мижоз излаш бўйича интерактив хизматлар кўрсатувчи операторлар (агрегаторлар) билан шартнома тузишни белгилаш таклиф қилинмоқда. Шартнома тузилмаса – лицензия берилмайди. Ушбу ёндашув агрегаторлар хизматларидан фойдаланмайдиганларнинг манфаатларини ҳисобга олмайди ва «бордюрдан» принципи бўйича ишлашни афзал кўради. Операторларга «қул» бўлишни истамаган айрим тоифадаги таксичилар нолегал ишлашда давом этаверади. Бунда агрегаторларнинг лицензияга эга бўлмаган таксичиларга хизмат кўрсатишига йўл қўймаслик чоралари наф бермайди.  

 

Иккинчидан, қарор лойиҳасига кўра фақат якка тартибдаги тадбиркор таксичи бўла олади. Иш вақтидан бўш вақтда пул ишлаш учун таксичилик қилаётган оддий автомобиль эгаларига ҳам бундай ҳуқуқни бериш мақсадга мувофиқ. Улар «соядан чиқиши» учун лицензиялашнинг содда схемаларини назарда тутиш лозим.

 

Такси хизматлари кўрсатиш бозорининг барча иштирокчиларини лицензиялаш тизимини шундай йўлга қўйиш зарурки, лицензияни олиш осон бўлсин, унинг соҳиблари уни қадрласинлар. Қоидаларни бузганлик учун ҳужжатнинг амал қилиши тўхтатилган тақдирда уни такроран олиш таомили қўшимча чора-тадбирларни назарда тутсин, улар талабгор қоидаларга қатъий амал қилиб ишлашга тайёрлигини аниқлаш имконини берсин.

 

Фақат моддий томонига қарамай

 

Хусусий ташиш билан шуғулланувчи автомобиль эгаларини легаллаштириш масалаларига бағишланган ОАВдаги аксарият мақолаларда масаланинг иқтисодий жиҳатига катта эътибор берилади. Муҳокама қилинаётган қарор лойиҳаси шу нуқтаи назардан улардан ажралиб туради. Унда хавфсизлик масалалари кўтарилган, ноқонуний ташиш билан шуғулланувчи шахсларни легаллаштиришда айнан ушбу мезон асосий ўрин эгаллаши даркор.

 

Лойиҳада якка тартибдаги тадбиркор рейсга чиқишдан олдин ихтисослаштирилган пунктларда тиббий кўрикдан ўтиши ва автомобилнинг техник кўрикдан ўтказилишини таъминлаши кераклиги назарда тутилган. Тартибни Транспорт вазирлиги белгилайди.

 

Хавфсизликни кучайтириш ва хизматлар сифатини ошириш масалаларини ҳал этаётганда қуйидагиларга эътибор қаратиш зарур:

 

Йўловчилар ҳуқуқий тартиботни бузаётган таксичилар ҳақида хабар беришлари мумкин бўлган хизмат ташкил этилиши зарур. Бунда айбдорларнинг жавобгарлигини кучайтириш лозим. Ваколатли органларнинг уларни жавобгарликка тортиш далили лицензиянинг амал қилишини муайян муддатга тўхтатиб қўйиш, баъзи ҳолларда эса буткул олиб қўйиш масаласини кўриб чиқиш учун асос бўлиши керак.

 

2019 йил 1 июлдан ҳайдовчиларга автомобилни белгиланган рангга қайта бўяш ўрнига ўзи ёпишадиган материаллардан фойдаланишга рухсат берилади. Қарор лойиҳасида келтирилган ушбу материалларни жойлаштириш схемаларини тасдиқлашдан олдин уларга қўшимча ишлов бериш зарур. Автомобилнниг орқа қисмида наклейкалар йўқ ҳисоб. Аслида айнан орқадан келаётган ҳайдовчи олдида такси кетаётганини, у исталган пайт бошқа полосага ёки бекатга ўтиши мумкинлигини аниқ билиши муҳим. 

 

Йўл ҳаракати хавфсизлиги нуқтаи назаридан белгиланаётган талабларга қўшимча равишда таксининг орқа ойнасига дарпарда, жалюзи, тонировка ўрнатишни ва кўришни қийинлаштирувчи бошқа мосламалардан фойдаланишни тақиқлаб қўйиш зарур.

 

Жиҳозлаш масаласи

 

Таксометрлар, касса аппаратлари ва терминалларни бошқа техник воситаларга алмаштириш масаласи очиқлигича қолмоқда. Аввалги материалимизда бу ҳақда батафсил сўз юритган эдик. Улар ечимини топса – хавфсизлик, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун талабларига риоя этиш ва давлат бюджетига тушумлар тўлиқ келиб тушишини таъминлаш масаласи ҳал этилган бўлади.

 

Олег Гаевой.