Зарур товарни интернетдан топиш ва сотиб олиш тобора осонлашиб бормоқда. Фақатгина етказиб келишнинг қулай шароитларини яратиш мураккаброқ масала. Жумладан, қатор саволлар туғилади: пулликми ёки бепул етказиб бериш, ўз кучи билан амалга оширган маъқулми ёки аутсорсингга мурожаат этибми, солиқ солиш ва ҳисобот тайёрлашда нималарни инобатга олиш даркор?
Мазкур шарҳда «Электрон тижорат ҳақида батафсил» мавзусини давом эттирамиз. Биз интернет-дўконни (амалий ва юридик жиҳатлари) қандай очиш, қандай тўлов тизимларига улаш, шунингдек, шу йўлни босиб ўтган тадбиркорлар билан интервью ташкил этган эдик.
Амалиёт шуни кўрсатадики, етказиб беришни ташкил этиш масаласи муҳимлик ва мураккабликда аввалги таърифланган босқичлардан қолишмайди. Электрон тижорат билан шуғулланувчи ва Ягона солиқ тўлови (ЯСТ)да “ўтирувчи” чакана савдо корхонаси учун энг оммабоп бўлган вариантларни кўриб чиқамиз.
1. Ўзи етказиб бериши
Бунда тадбиркор ўз штатининг кучи билан етказиб беришни амалга оширади. Етказиб бериш қиймати товарда инобатга олиниши мумкин ва шунда харидор учун у шартли равишда “бепул” бўлади. Бунда сотувчи етказиб бериш харажатлари ҳам киритилган ялпи тушумдан (яъни товар айланмасидан) солиқ тўлайдими? Norma компанияси экспертларининг фикрича, бепул етказиб беришга қуйидаги ҳолатларда солиқ солинмайди:
а) ЎЗИ ишлаб чиқарган товарларни ўз транспортида етказиб берганда;
б) чакана савдо корхонаси томонидан ЎЗ транспортида товарларни етказиб берганда.
Экспертларимизнинг далиллар билан келтирилган фикрлари билан “Олиб бориб бериш: ташиш, алоҳида фаолият тури, солиқ солиш объекти эмас” номли мақолада (“СБХ” газетасининг 2017 йил 13 июлдаги 24-сони) танишиш мумкин.
Агар компания етказиб беришни бепул амалга ошираётган бўлса ва унинг қиймати ҳисобварақ-фактурада (якуний электрон чекда) алоҳида сумма билан ажратиб КЎРСАТИЛМАГАН бўлса, етказиб бериш харажатларини истисно қилиш ҳисобига солиқ солиш базасини камайтириш мумкин.
Етказиб бериш пуллик бўлган тақдирда, яъни электрон чек суммаси товар қиймати ва етказиб бериш қийматидан шаклланса (алоҳида сатрларда) ва электрон тўлов тизимлари орқали бир тўлов билан амалга оширилса, етказиб бериш суммасига ҳам солиқ солинади. Бу фаолиятнинг иккита ҳар хил тури ҳисобланади ва уларнинг ҳар бири бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиш зарур бўлади.
2. Курьерлик хизмати
Курьерлик хизматидан фойдаланиш – бу етказиб беришни аутсорсингга топшириш имкониятларидан бири. Курьерлик хизматлари, қоидага кўра, товарнинг бус-бутун сақланиши, харидор билан мулоқотда хизматнинг муайян даражасини ўз ичига олган бир қатор кафолатларни тақдим этади. Бу уларнинг “ижобий” томони. Хизматлар учун ҳақ тўлаш бўйича харажатлар “минус” саналади, шунингдек…
Ушбу вариантни танлаганда солиқ мажбуриятларини кўриб чиқамиз.
- Етказиб бериш қиймати якуний чекка “киритилганда” (товарга устама нарх қўйиш ёки алоҳида позицияда) ва харидор унга интернет орқали тўлов ўтказганида, унга солиқ солинади.
- Оммавий оферта шартларида етказиб бериш харидор ҳисобига амалга оширилиши ва буюртмани бериш вақтида бевосита курьерга тўланиши кўрсатиб ўтилса, сотувчи ҳеч қандай солиқ оқибатларига дуч келмайди. Бундай етказиб бериш курьерлик хизмати учун солиқ солинадиган даромад саналади.
Етказиб беришнинг иккинчи варианти оммабоп ҳисобланмайди, чунки у харидор учун ноқулай.
3. Агрегатор орқали
Интернет-дўконлар учун йирик агрегатор платформасидан фойдаланиш – етказиб беришни ташкил этишда “бош оғриғидан” қутулишнинг яна бир усули. Мамлакатимизда агрегаторлар эндигина оёққа турмоқда, электрон тижоратнинг мазкур йўналиши юқори салоҳиятга эга.
Қоидага кўра, сотувчи ва етказиб бериш агрегатори комиссия шартномаси асосида ҳамкорлик қилишади. Бунда етказиб беришнинг пулли ёки “бепул” эканига боғлиқ ҳолда ялпи тушумга солиқ солинади (яъни, солиқ солиш базасидан комиссия харажатлари чиқариб ташланмайди).
4. Почта орқали етказиш
Интернет-дўконлардан почта орқали етказиш мамлакатимизда шу вақтгача кенг оммалашмаган, гарчи у харидор ва сотувчи турли вилоятларда бўлганида энг кам чиқим вариант бўлса ҳам. Усулнинг салбий жиҳатлари қаторида – жўнатиш учун штатдаги ходим талаб этилади, почта оператори «устама тўлов билан тўлаш» хизматини тақдим этмайди, сотувчининг ялпи тушумига солиқ солинади (почта харажатлари суммасини камайтирмасдан). Бироқ бу вариантни ҳисобдан чиқариб бўлмайди, электрон тижоратнинг келгусида ривожланиши билан мамлакатимизда унинг ҳажми ортиб боради.
5. Такси хизмати
Бу учинчи шахслар ёрдамида етказиб беришни амалга оширишнинг яна бир усули. Харидор товарга пулни тўлов тизимлари орқали тўлайди, етказиб берганлик учун эса бевосита такси ҳайдовчисига тўлайди. Ушбу усул сотувчи учун қулай, аммо харидор учун эмас, чунки бу товарни “эшигингиз тагига” етказишнинг арзон усулларидан бири деб айтиб бўлмайди.
Бошқа ижобий жиҳатлар қаторида - автопарк ҳамда штатда курьер ходимларни сақлашнинг кераги йўқ, шунингдек, агар харидор етказиб берганлик учун такси ҳайдовчиси билан ўзи ҳисоб-китоб қилса, ҳеч қандай солиқ оқибатлари келиб чиқмайди.
Агарда такси ёрдамида етказиб бериш «бепул» деб кўрсатилган бўлса ва унинг қиймати товар нархига қўшилган бўлса, сотувчи (ЯСТ тўловчиси) ялпи тушумдан солиқ тўлайди.
Салбий жиҳатлар қаторида – тадбиркорнинг товар бутунлигини назорат қилиши қийин кечади. Бинобарин, пойтахтимиздаги кўпгина онлайн сервислар айнан шу вариантдан фойдаланади. Бунинг сабаби бухгалтерия ҳисобини олиб бориш ва етказиб беришни ташкил этишнинг соддалигида.
***
Айни пайтда Ўзбекистонда деярли тарқалмаган хизматлардан Ўзи олиб кетиш шохобчалари ва Постаматлар (кўплаб бўлимларга эга бўлган шкаф-бино)ни таъкидлаб ўтиш мумкин. Иккала ҳолатда ҳам мижоз буюртмани расмийлаштириш вақтида сайтда кўрсатилган жойдан буюртмани ўзи олиб кетади.
Фарқ шундаки, ўзи олиб кетиш шохобчаси битта компания ёки интернет-дўконга тегишли бўлган ҳолда (бинони ижарага олиш, штат ва ускуналар учун харажатлар назарда тутилмоқда), Постамат ташқи сервис ташкилоти тариқасида бир нечта интернет-дўконлар томонидан фойдаланилиши мумкин (хизматдан фойдаланиш учун ҳамда унгача бўлган транспорт харажатлари назарда тутилмоқда).
Яна бир бор ЭТ учун лицензиялаш хусусида
Электрон тижоратни амалга оширишда товарларни сотувчининг ўз транспортида етказиб бериш учун мамлакатимизда йўловчи ва юкларни шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро ташишни амалга ошириш учун лицензия олиш талаб этилмайди (02.06.2016 йилдаги 18-сон ВМҚга 1-иловага қаранг.
Етказиб бериш курьер хизматлари, агрегаторлар, почта операторлари ёки таксомотор парклари орқали амалга оширилса, ушбу ташкилотлар тегишли лицензияларга эга бўлиши даркор.
Электрон тижорат қоидаларининг бошқа жиҳатлари билан ушбу ҳаволада танишиш мумкин.
Саида Жонизоқова, мухбиримиз.