Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак провести тренинг по продвижению товаров поставщика Как отразить поступление активов при присоединении предприятия или безвозмездной передаче имущества За что штрафует Узэнергоинспекция Как рассчитать НДФЛ с учетом льгот Как рассчитать НДФЛ с учетом льгот

Ахборотга қандай ёшга оид чекловлар қўйилади

25.10.2018

Читать на русском языке

 

Ёшга оид таснифлаш мезонлари тасдиқланди ва уни амалга ошириш, ахборот маҳсулотини ёшга оид тоифа белгиси билан маркалаш, шунингдек болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилувчи дастурий-аппарат ва техника воситаларини қўллаш механизми белгиланди (ВМнинг 22.10.2018 йилдаги 848-сон қарори).    

 

Қарор «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинди. Унинг мазмунини шарҳимизда ёритган эдик, унда болалар учун қайси ахборот тақиқланган ёки чекланганлиги, у ёшга оид қандай тоифалар (0+, 7+, 12+, 16+, 18+) бўйича таснифланиши кўрсатилган эди.  

 

Ҳукумат жойлаштириладиган ахборотнинг ёшга оид таснифини белгилаш тартиби ва мезонларига аниқлик киритди, ахборотни ёшга оид тоифа белгилари билан маркалаш механизмини тасдиқлади, ахборот маҳсулотининг жамоат жойларида айланишида қўлланиладиган маъмурий ва дастурий-техник чора-тадбирларни белгилади.    

 

Шунингдек ахборот маҳсулотини экспертизадан ўтказиш ва ёшга оид таснифини белгилаш учун жалб этиладиган экспертларнинг Матбуот ва ахборот агентлиги (бундан кейин – ЎзМАА) томонидан аккредитация қилиниши тартиби белгиланди.

 

Қандай ахборот ёшга оид тоифага қараб маркаланади

 

Айланиш учун мўлжалланган қуйидаги маҳсулотлар мажбурий равишда ёшга оид тоифа белгилари билан маркаланиши лозим:

  • ОАВ маҳсулоти;
  • босма маҳсулот;
  • ҳар қандай турдаги ташувчилардаги аудиовизуал маҳсулот;
  • дастурий таъминотдан фойдаланган ҳолда тарқатиладиган, телекоммуникация тармоқларига, ш.ж. Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштириладиган ахборот;
  • компьютер ўйинлари;
  • томошабоп тадбирлар воситасида тарқатиладиган ахборот.

 

Айланиш – ахборот маҳсулотини тақдим этиш ва (ёки) тарқатиш, шу жумладан уни сотиш (ш.ж. обуна бўйича тарқатиш), ижарага, прокатга бериш, ахборот-кутубхона муассасалари фондларидан тарқатиш, бериш, оммавий намойиш қилиш, оммавий ижро этиш (ш.ж. эфир ёки кабель узатуви, томошабоп тадбирлар воситасида), телекоммуникация тармоқларига ҳамда Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлапггириш.

 

Ёшга оид тоифа белгилари билан маркалаш бўйича талаблар қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:

  • илмий, илмий-техникавий, статистик ахборотни ўз ичига олган ёки жамият учун тарихий, бадиий ёхуд ўзгача маданий қимматга эга бўлган ахборот маҳсулоти;
  • ўқув жараёнида фойдаланишга тавсия қилинган ўқув нашрлари;
  • таркибида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўлган нашрлар;
  • атроф-муҳит ҳолати ёки давлат органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот;
  • уяли алоқа хизматлари кўрсатувчи компаниялардан келадиган смс-хабарлар.

 

Ёшга оид таснифлашни ким амалга оширади

 

Мавзу юзасидан «таснифлаш» ва «экспертизадан ўтказиш» атамаларига аниқлик киритамиз. Таснифлаш маҳсулот ишлаб чиқарувчилар/тарқатувчилар томонидан мустақил равишда ёхуд экспертларни жалб этган ҳолда пуллик асосда амалга оширилади. Экспертиза эса жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари асосида маҳсулотнинг муайян ёш тоифасига мослигини аниқлаш мақсадида экспертлар томонидан ўтказилади. Экспертиза якунлари бўйича хулоса берилади. Экспертизадан ўтказиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш тартиби бир ой муддатда тасдиқланади.

 

Эксперт мақоми аккредитация аттестати билан тасдиқланади. Экспертлар тўғрисидаги маълумотлар (таркиби, Ф.И.О., лавозими, илмий унвони, электрон почта манзили) махсус реестрда жойлаштирилади. ЎзМААнинг расмий веб-сайти орқали унга кириш мумкин.

 

Ахборотнинг ёшга оид таснифи – белгиланган мезонлар бўйича

 

Қабул қилинган мезонларга кўра ахборот 5 та ёшга оид тоифадан бирига киритилади (қуйидаги жадвалга қаранг).

 

Ёшга оид тоифа

Таснифлаш мезонлари

 

 

«0+» 

Болаларнинг соғлиғи ва ривожланишига зарар етказмайдиган ахборотни ўз ичига олган, ш.ж. жанри ва (ёки) сюжетига мувофиқ асосли равишда, эзгулик ёвузлик устидан ғалаба қозониши ҳамда зўравонлик қурбонига нисбатан раҳм-шафқат ифода этилиши ва (ёки) зўравонлик қораланиши шарти билан жисмоний ва (ёки) руҳий зўравонликнинг (жинсий зўравонлик бундан мустасно), эпизодик, натуралистик бўлмаган тасвири ёки баёнини ўз ичига олган ахборот маҳсулоти (бошқа ёшга оид тоифага кирмайдиган ахборот маҳсулотидан ташқари).  

 

 

 

 

«7+»

«0+» ахборот маҳсулоти.

 

Жанри ва (ёки) сюжетига мувофиқ асосли равишда:

 

– одам касалликлари (оқир касалликлар бундан мустасно) ва (ёки) улар оқибатларининг инсон қадр-қимматини камситмайдиган шаклдаги қисқа муддатли ва натуралистик бўлмаган тасвирлари ёки баёнини;

 

– бахтсиз ҳодиса, авария, фалокат ёхуд куч ишлатилмаган ўлимнинг уларнинг болаларда қўрқув, ваҳима ёки саросима уйғотиши мумкин бўлган оқибатлари намойиш этилмаган, натуралистик бўлмаган тасвири ёки баёнини;

 

– жамиятга қарши хатти-ҳаракатлар ва (ёки) жиноят содир этишга ундамайдиган, уларни содир этишга йўл қўйиш мумкинлиги асосланмаслиги ва оқланмаслиги ҳамда уларни содир этаётган шахсларга нисбатан салбий, қораловчи муносабат ифода этилиши шарти билан шундай хатти-ҳаракатлар ва (ёки) жиноятларнинг эпизодик тасвири ёки баёнини ўз ичига олган ахборот маҳсулотлари.  

 

 

 

 

 

«12+»

«0+» ва «7+» ахборот маҳсулоти.

 

Жанри ва (ёки) сюжетига мувофиқ асосли равишда:

 

– шафқатсизлик ва (ёки) зўравонликнинг (жинсий зўравонлик бундан мустасно) қурбонига нисбатан раҳм-шафқат ва (ёки) шафқатсизлик, зўравонликка нисбатан салбий, қораловчи муносабат ифода этилиши шарти билан (фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда жамият ёки давлатнинг қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қўлланадиган зўравонлик бундан мустасно) ҳаётдан маҳрум этиш ёки жароҳат етказиш жараёни натурал кўрсатилмаган эпизодик тасвири ёки баёнини;

 

– жамиятга қарши хатти-ҳаракатлар содир этишга (ш.ж. алкоголь ва таркибида спирт бўлган маҳсулотлар, пиво ва унинг асосида тайёрланадиган ичимликларни истеъмол қилишга, қимор ўйинларида иштирок этишга, дайдилик ва тиланчилик билан шуғулланишга) ундамайдиган тасвирни ёки баённи;

 

– наркотик воситалар, психотроп ва (ёки) гангитувчи моддалар, тамаки маҳсулотлари жамиятга қарши хатти-ҳаракатларни содир этишга йўл қўйиши мумкинлиги ва улар қўллаб-қувватланмаслиги ва оқланмаслиги, уларга нисбатан салбий, қораловчи муносабат ифода этилиши ҳамда юқоридаги маҳсулотлар, воситалар, моддалар ва буюмларни истеъмол қилиш хавфли эканига кўрсатма берилиши шарти билан эпизодик равишда тилга олинган (намойиш қилинмаган) ахборотни ўз ичига олган ахборот маҳсулоти.  

 

 

 

 

 

 

«16+»

«0+», «7+», «12+» ахборот маҳсулоти.

 

Жанри ва (ёки) сюжетига мувофиқ асосли равишда:

 

– бахтсиз ҳодиса, авария, фалокат, касаллик, ўлимнинг болаларда қўрқув, ваҳима ёки саросима уйғотиши мумкин бўлган оқибатлари натуралистик равишда намойиш этилмаган тасвири ёки баёнини;

 

– шафқатсизлик ва (ёки) зўравонликнинг (жинсий зўравонлик бундан мустасно) қурбонига нисбатан раҳм-шафқат ва (ёки) шафқатсизлик, зўравонликка нисбатан салбий, қораловчи муносабат ифода этилиши шарти билан (фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда жамият ёки давлатнинг қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қўлланадиган зўравонлик бундан мустасно) ҳаётдан маҳрум этиш ёки жароҳат етказиш жараёни натуралистик равишда кўрсатилмаган тасвири ёки баёнини;

 

– наркотик воситалар ёки психотроп ва (ёки) гангитувчи моддалар тўғрисидаги (уларни кўрсатмасдан), уларни истеъмол қилишнинг хавфли оқибатлари тўғрисидаги бундай воситалар ёки моддаларни истеъмол қилишга салбий ёки қораловчи муносабат ифода этилиши ёки уларни истеъмол қилиш хавфли экани тўғрисида огоҳлантириш мавжуд бўлиши шарти билан шундай ҳолатларни намойиш этувчи ахборотни;

 

– уятли сўзлар жумласига кирмайдиган алоҳида ҳақорат сўзлар ва (ёки) ибораларни;

 

– жинсий муносабатларнинг жинсий алоқага нисбатан бўлган қизиқишдан фойдаланмайдиган ҳамда қўзғатувчи ёки ҳақоратловчи тусга эга бўлмаган эпизодик натуралистик бўлмаган тасвир ёки баёнини (жинсий тусдаги хатти-ҳаракатларнинг тасвири ёки баёни бундан мустасно) ўз ичига олувчи ахборот маҳсулотлари.  

 

 

 

 

 

 

 

 

 

«18+»

Қуйидаги ахборот маҳсулоти:

 

– болаларни уларнинг ҳаётига ва (ёки) соғлиғига хавф соладиган хатти- ҳаракатларни содир этишга, ш.ж. ўз соғлиғига зарар етказишга, ўз жонига қасд қилишга ва шундай ҳаракатларни тарғиб қилишга ундайдиган;

 

– болаларда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни истеъмол қилиш, қимор ўйинлари, оммавий тартибсизликларда иштирок этиш, фоҳишабозлик, дайдилик, тиланчилик ёки ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларнинг бошқа шакллари билан шуғулланиш истагини пайдо қиладиган;

 

– одамларга ёки ҳайвонларга нисбатан зўравонлик ва шафқатсизлик қилиш мумкинлигини асослайдиган ёки оқлайдиган ёхуд зўравонлик хатти-ҳаракатларини амалга оширишга ундайдиган;

 

– оилавий қадриятларни инкор этадиган, ахлоқсизликни тарғиб қиладиган, шунингдек, ота-онасига ва оиланинг бошқа аъзоларига, теварак-атрофдагиларга нисбатан ҳурматсиз муносабатни шакллантирадиган;

 

– ғайриқонуний хулқ-атворни оқлайдиган ва ҳуқуқбузарлик содир этишга олиб келадиган;

 

– жамиятда бузғунчилик ғояларини тарғиб этишга даъват қиладиган;

 

– уятли сўзларни ўз ичига олган;

 

– порнография хусусиятига эга бўлган ахборотни ўз ичига олган;

 

– ғайриқонуний ҳаракатлар натижасида жабрланган болалар тўғрисидаги, жумладан, бундай боланинг Ф.И.О., ота-онаси ва бошқа қонуний вакилларининг фото ва видеотасвирлари, бундай боланинг туғилган санаси, унинг овози ёзилган аудиотасма, яшаш жойи ёки вақтинча турган жойи, ўқиш ёки иш жойи тўғрисидаги, бундай боланинг шахсини бевосита ёхуд билвосита аниқлашга имкон берадиган бошқа ахборотни ўз ичига олган ахборот маҳсулотлари.

 

Бу – муҳим! Ёшга оид тоифа белгиси бўлмаган ахборот маҳсулотини тарқатиш тақиқланади, белги нотўғри тайинланган ахборот маҳсулоти ёшга оид тоифа белгиси бўлмаган ахборот маҳсулотига тенглаштирилади.

 

Ёшга оид тоифа белгиси қандай қўйилади

 

Интернетдаги ахборот ресурсларида ахборот маҳсулотининг ёшга оид тоифа белгиси у ёки бу маҳсулотни намойин қилиш мумкин бўлган саҳифада, шунингдек бундай ресурснинг барча саҳифаларида жойлапггирилади. Белги умумий манзарадан ажралиб туриши ва ўқиш учун қулай бўлиши лозим.

 

Даврий ва нодаврий босма нашрларда ёшга оид тоифа белгиси нашрнинг биринчи саҳифаси ва (ёки) титул варағига жойлаштирилади. У кўз илғаши учун қулай бўлиши ҳамда унинг ўлчами маҳсулотнинг номида ишлатилган шрифт ўлчамига мос бўлган шрифтда ишланган бўлиши лозим. Босма нашрнинг электрон версиялари, электрон ва аудио китоблар белгининг айни ўзи билан маркаланади.

 

Телевидение ва радиода узатишга, шунингдек, чакана савдо, ижара ёки прокат учун мўлжалланган аудио ва аудиовизуал маҳсулотнинг белгиси ОАВ ва босма нашрларда эълон қилинадиган, шунингдек, умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоқларида жойлаштириладиган телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришлар дастурларида, шунингдек, ахборот маҳсулотининг ассортимент рўйхатлари ва каталогларида жойлаштирилади.

 

Белги махсус кадрда (саҳифада) ёшга оид чекловлар тўғрисида овоз (товуш сигнали) ҳамроҳлигида жойлаштирилади. Буни телевидение ва радио орқали, кино ва видеохизмат кўрсатиш давомида ҳар бир намойиши бошланишидан аввал, шунингдек, компьютер ёки ахборот-коммуникация тармоқларидаги электрон ўйинлар ҳар сафар ишга туширилганда (юкланганда) амалга ошириш лозим.

 

Аудиовизуал асар учун ёшга оид тоифа белгиси унинг намойиши бошланганидан сўнг ҳамда ҳар бир реклама танаффусидан сўнг экраннинг бурчагида камида 8 сония давомида намойиш қилинади. Фильмнинг кинозалда очиқ намойиши бундан мустасно. Ушбу белгининг ўлчами экран (кадр) майдонининг камида 5% ини ташкил этиши лозим.

 

Агар аудиовизуал асарнинг давомийлиги 8 сония ёки ундан кам бўлса, белги бутун намойиш давомида кўрсатилади.

 

«18+» ёш чеклови бўлган босма асарларда (нашрларда) белги нашр муқовасининг олд тарафида жойлаштирилиши шарт. Ўлчамига кўра белги муқовада ишлатилган шрифт ўлчамига мос бўлиши лозим.

 

Ёшга оид тоифа белгисининг ўлчами қуйидагилар майдонининг камида 5%ини эгаллаши лозим:

  • театр-томоша, маданий-маърифий, кўнгилочар томоша, кино ва видеонамойиш ёки бошқа томоша тадбири афишаси ёки репертуар эълони, шунингдек, кириш чиптаси, таклифнома ва тадбирга кириш ҳуқуқини берувчи бошқа ҳужжат;
  • аудиовизуал асар, компьютер ёки бошқа электрон ўйин, компьютер дастури ёки маълумотлар базасининг ҳар бир нусха манбаи (ш.ж. компакт диск ёки бошқа электрон манбаи)нинг корпуси ва (ёки) кадоги (бокс, қути).

 

Эътибор беринг! Компьютер ва бошқа электрон ўйинлар маркаланганда, ёшга оид тоифа тўғрисидаги маълумотлардан ташқари, у уятли сўзлар, болаларда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки бошқа моддаларни истеъмол қилиш истагини пайдо қиладиган ахборот мавжудлиги, ўйинга тобелик юзага келиши имкони ҳақидаги огоҳлантиришни ўз ичига олган бўлиши керак.  

 

Маҳсулотнинг муайян ёш тоифасига мослиги учун жавобгарлик бундай таснифлашни амалга оширган субъект, шунингдек ахборот маҳсулотининг ёшга оид тоифа белгисига мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказган экспертлар зиммасига юкланади.

 

Эксперт хулосаси асосида ЎзМАА маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва тарқатувчиларга қоидабузарликларни бартараф этиш ва олдини олиш мақсадида кўрсатма юборади. 

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 23.10.2018 йилдан кучга кирди.

 

Ленара Хикматова.



В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_