Крипто-биржалар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом (22.01.2019 йилда 3127-сон билан рўйхатдан ўтказилган) тасдиқланди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Ўзбекистонда крипто-активлар айланмаси соҳасида ҳуқуқий базис шакллана бошлади. Хусусан, мазкур фаолият тури, шу жумладан крипто-активлар савдоси бўйича крипто-биржалар яратиш фаолияти лицензияланадиган фаолият турларига киритилди (2018 йил 1 октябрдан). ЛБМА лицензияловчи орган этиб белгиланди (3.07.2018 йилдаги ПҚ–3832-сон қарорнинг 4-банди ва шарҳга қаранг). Сўнг крипто-биржаларга қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари, шунингдек уларнинг ваколат доираси белгиланди (2.09.2018 йилдаги ПҚ–3926-сон қарор ва шарҳга қаранг).
Крипто-биржа фаолиятини фақат хорижий компания-муассисга берилган лицензия асосида шуъба ёки бошқа корхона амалга ошириши мумкин. Аниқлик киритилишича, юридик шахслар – Ўзбекистон резидентлари ушбу корхоналарнинг устав капиталларида иштирок эта олмайдилар.
Лицензия олиш учун ЛБМАга қуйидаги ҳужжатларни (шахсан келиб, почта орқали ёки электрон тарзда) тақдим этиш зарур:
- ариза, унда юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган ери (почта манзили), электрон почта манзили, банк муассасасининг номи ва банкда талаб қилиб олингунча депозит ҳисобрақами кўрсатилади;
- талабгор давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;
- крипто-биржанинг аппарат-дастурий реализацияси тавсифи (тасдиқланган шаклда);
- крипто-биржа савдосининг тасдиқланган қоидалари намунаси;
- устав фондининг захираланган суммаси мавжудлиги тўғрисида тижорат банкидан маълумотнома (пул маблағлари кўринишидаги 20 000 ЭКИҲ, таҳр.).
Ҳужжатларни кўриб чиқиш учун йиғим ундирилмайди. Кўриб чиқиш муддати – 20 кун, унинг якунига кўра лицензия бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисида хулоса тайёрланади. Узил-кесил қарор хулоса асосида 7 кунлик муддат ичида қабул қилинади, талабгор бу ҳақда 3 кун муддатда хабардор қилинади.
Фақат учта ҳолатда рад жавоби беришлари мумкин:
- талабгор тақдим этган ҳужжатлар лозим даражада расмийлаштирилмаган бўлса;
- ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар бўлса;
- талабгор лицензия талаблари ва шартларига номувофиқ бўлса.
Лицензиялар ЛБМА директори ёки ўринбосарининг ЭРИ билан тасдиқланган электрон ҳужжат тарзида расмийлаштирилади ва Агентлик сайтида эълон қилинади. Лицензиат сўровига кўра қоғоз шаклида берилиши мумкин.
Ҳужжатда лицензия берганлик учун давлат божи миқдори қайд этилмаган ва лицензияловчи орган томонидан белгиланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 23.01.2019 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.