Вазирлар Маҳкамасининг 23.06.2020 йилдаги 403-сон қарори билан Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялар бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ушбу Низом маҳсулот тақсимотига оид битимлар ҳамда концессия тўғрисидаги қонун ҳужжатларида бошқача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, ер қаъри участкаларидан фойдаланишга, шу жумладан алоҳида битимлар асосида фойдаланишга берилган ҳолатларга нисбатан қўлланилади. Низомнинг амал қилиши норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ва қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш ҳуқуқи учун лицензиялар беришга нисбатан татбиқ этилмайди.
Низом билан белгиланган стратегик турдаги фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялар турлари, уларни олиш усуллари, уларни берадиган ваколатли органлар номи ҳамда ер қаъридан фойдаланиш муддатлари қуйидаги жадвалда келтирилган:
Лицензия турлари |
Ер қаъридан фойдаланиш муддатлари |
Лицензия берадиган ваколатли органлар номи |
Лицензия олиш усули |
Қуйидагилар учун стратегик турдаги фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган лицензия: |
|
|
|
геологик жиҳатдан ўрганиш |
5 йилгача |
Давлат геология қўмитаси |
Электрон савдолар (аукцион) |
фойдали қазилмаларни кавлаб олиш |
техноген ҳосилаларни ишга солишнинг ТИАда белгиланган муддатга |
||
техноген минерал ҳосилалардан фойдаланиш |
техноген ҳосилаларни ишга солишнинг ТИАда белгиланган муддатга |
||
фойдали қазилмаларни кавлаб олиш билан боғлиқ бўлмаган ер ости иншоотларини қуриш ва улардан фойдаланиш |
муддатсиз фойдаланишга |
Давлат геология қўмитаси |
Юридик шахсларнинг ваколатли органлар билан тўғридан-тўғри музокаралари* |
муҳофаза этиладиган геологик объектларни барпо этиш |
муддатсиз фойдаланишга |
Давлат геология қўмитаси |
|
нодир тош хом ашёси намуналарини, палеонтологик қолдиқларни ва бошқа геологик коллекциябоп материалларни тўплаш |
2 йилгача |
* Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялар қуйидаги ҳолларда тўғридан-тўғри музокаралар асосида берилиши мумкин:
- Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳамда улар томонидан тасдиқланган «йўл хариталари»га мувофиқ;
- «Е-IJRO AUKSION» майдончасида ўтказиладиган аукционларда 1 йил давомида ўтказилмаган деб топилган тақдирда;
- ер қаърини геологик ўрганишга доир ишларни молиялаштирган юридик шахс томонидан ўзи томондан қидирилган кондан Давлат геология қўмитаси билан келишилган ҳолда фойдали қазилмаларни қазиб олишга мутлақ ҳуқуқ бошқа шахсга (тўлиқ ёки қисман) берилган тақдирда;
- углеводород хом ашёси ва бошқа стратегик турдаги фойдали қазилмаларнинг тижорат салоҳиятга эга алоҳида объектлари бўйича, шунингдек алоҳида битимлар доирасида – Ер қаъридан фойдаланиш шартларини ишлаб чиқиш бўйича давлат комиссияси билан ҳамкорликда танлов савдолари асосида энг яхши таклифларни танлаш орқали.
Ер қаъри участкасидан фойдаланиш учун лицензиялар тадбиркорлик субъектларига электрон онлайн-аукционлар асосида 3 босқичда берилади.
1-босқич – тайёргарлик кўриш. Давлат геология қўмитаси томонидан онлайн-аукцион орқали сотиладиган ер қаъри участкалар рўйхати бир йилда бир марта шакллантирилади ҳамда тасдиқланади, шунингдек веб-сайтида аукционда иштирок этиш учун керакли ҳужжатлар ва маълумотлар жойлаштирилади. Тайёр бўлганидан кейин «Электрон аукционларни ташкил этиш маркази» ДУКга (операторга) ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини аукцион орқали сотиш учун буюртма беради. Оператор буюртма олингандан кейинги кундан кечиктирмасдан аукцион ўтказилиши ҳақидаги хабарни ўз веб-сайтига жойлаштиради.
Ариза берувчилар хабарнома жойлаштирилган кундан бошлаб 2 ой мобайнида аукционда иштирок этиш учун электрон шаклда аризалар топширади, унда қайд этилган лот рақами ва ер қаъри участкаси номи кўрсатилади. Аризалар қабул қилиш аукционни ўтказиш кунидан 2 кун олдин соат 13.00 да якунланади. Ариза берувчилар веб-порталдан иштирокчи сифатида рўйхатдан ўтадилар ҳамда аукцион объекти бошланғич нархининг 5%и миқдорида закалат пулини киритадилар.
2-босқич – аукцион ўтказиш. Оператор 1 кун мобайнида аукцион ўтказади, у хабарномада кўрсатилган кунда ва вақтда бошланади. Аукцион икки ва ундан ортиқ иштирокчи қатнашганда ўтказилади. Аукцион иш куни мобайнида 9.00 дан 18.00 гача ўтказилади, аукцион ўтказиладиган вақт 3 соатдан ошмаслиги керак.
Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини савдога қўйишнинг бошланғич нархи қуйидагилар учун белгиланади:
- геологик ўрганиш учун – «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ белгиланадиган имзоли бонус ставкаси миқдорида;
- фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва техноген минерал ҳосилалардан фойдаланганлик учун – «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ белгиланадиган тижоратбоп топилма бонуси ставкаси миқдорида.
Аукцион нархларни қадамма-қадам ошириб бориш тамойили бўйича ўтказилади, қадам нархи – бошланғич нархнинг 5%идан кам бўлмаслиги керак. Лот нархи бўйича охирги таклифни соат 21.00 га қадар билдирган иштирокчи аукцион ғолиби деб топилади. Ғолиб аукцион якунланган кундан бошлаб 10 кундан кечиктирмай аукционда сотилган ер қаъри участкасининг қийматини операторнинг ҳисобварағига тўлиқ тўлаб бериши лозим. Бунда аввал тўланган закалат пули аукцион объекти қийматига қўшиб ҳисобланади.
Тўлов тўлиқ тўлангандан сўнг оператор 1 кун давомида аукцион натижалари ҳақидаги баённомани расмийлаштиради ҳамда уни ғолибга ва Давлат геология қўмитасига юборади. Баённома қуйидагилар учун асос ҳисобланади:
а) Давлат геология қўмитасига:
- аукцион ғолибига тегишли ер қаъри участкаси бўйича геологик ва бошқа маълумотлар тўпламини бериш;
- аукцион ғолибига тегишли лицензияни расмийлаштириш;
б) тегишли туман (шаҳар) ҳокимлигига – аукцион ғолибига ер участкасини ажратиш ҳақидаги қарорни қабул қилиш.
3-босқич – лицензия бериш. Аукцион ғолиби 10 кун муддатда фойдали қазилмаларнинг стратегик турларини ўз ичига оладиган ер қаъри участкасидан фойдаланиш шартларини имзолайди ҳамда 2 кун муддатда унга лицензия берилади.
Геологик жиҳатдан ўрганиш, фойдали қазилмаларни кавлаб олиш ва техноген минерал ҳосилалардан фойдаланиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган лицензиялар махфийлик тўғрисидаги битим асосида 4 босқичда берилади:
- лицензия олиш учун ариза берувчи Давлат геология қўмитасига ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига лицензия олиш учун мурожаат қилади. Сўралаётган ер қаъри участкаси бўйича геологик ёки бошқа маълумотлар тўплами йириклаштирилган ТИҲ ва ТИАни ишлаб чиқиш учун ариза олинган кундан эътиборан Давлат геология қўмитаси томонидан 20 кун мобайнида тақдим этилиши лозим;
- ариза берувчи йириклаштирилган ТИҲ ва (ёки) ТИАни, режалаштирилаётган фаолиятнинг атроф муҳитга таъсирини баҳолаш лойиҳасини тайёрлайди ва уларни экспертизадан ўтказади ҳамда керакли ҳужжатларни илова қилган ҳолда Давлат геология қўмитасига буюртма беради;
- Давлат геология қўмитаси томонидан ариза 12 иш куни мобайнида ўрганиб чиқилади ва ариза берувчининг ҳужжатлари, шу жумладан ТИА ва ТИАЭ экспертизадан ўтказилади;
- Давлат геология қўмитаси 3 иш куни мобайнида материалларни умумлаштиради ва ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензия бериш ёки уни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади ҳамда 1 кун муддатда ариза берувчини ер қаъридан фойдаланиш шартлари лойиҳасини илова қилиб ва уни имзолаш муддатини кўрсатган ҳолда хабардор қилади.
Ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим – лицензияловчи орган томонидан ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқига лицензиялар реестрига тегишли ёзув киритилади. Ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин фойдаланишга берилган ер қаъри участкаси давлат ҳисобига олинади.
Ҳужжат билан қуйидаги тартиблар белгиланди:
- нодир тош хом ашё намуналарини, палеонтологик қолдиқларни ва бошқа геологик коллекциябоп материалларни тўплаш учун ҳамда фойдали қазилмаларни кавлаб олиш билан боғлиқ бўлмаган ер ости иншоотларини қуриш ва улардан фойдаланиш, муҳофаза этиладиган геологик объектларни барпо этиш учун ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган лицензияларни бериш;
- ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини чеклаш, тўхтатиб туриш ва тугатиш тартиби;
- ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқини бошқа шахсларга бериш;
- лицензияни қайта расмийлаштириш тартиби ва бошқа қоидалар.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 23.06.2020 йилдан кучга кирди.
Эльмира Сиразиева.