Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКакие налоговые последствия влечет проведение корпоративного мероприятия Как учитывать продукты (сырье) и товары в общественном питании Какие документы нужны для выплаты дивидендов физическому лицу

Солиқ текширувларини ўтказиш қандай режалаштирилмоқда

28.07.2020

Читать на русском языке

ҚҲТБТ порталида Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси қабул қилиниши муносабати билан солиқ текширувига оид низомларни тасдиқлаш хақида»ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилган.

 

Қарор лойиҳаси «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ тайёрланган.

 

Лойиҳада Солиқ кодексининг қабул қилиниши муносабати билан қуйидаги солиқ текширувлари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш таклиф этилмоқда:

  • Солиқларни тўламаслик хавфини баҳолаш ва солиқ тўловчиларни инсофлилик мезонлари асосида сегментлаш тизими тўғрисида низом (1);
  • Камерал солиқ текширувини ўтказиш тўғрисидаги низом (2);
  • Сайёр солиқ текширувини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (3);
  • Солиқ аудитини ўтказиш тўғрисидаги низом (4).

 

Низомда (1) солиқларни тўламаслик хавфини бошқариш тизимининг асосий вазифалари ва элементлари, шунингдек солиқ текширувларини режалаштириш тизимининг принциплари белгиланган.

 

Солиқларни тўламаслик хавфини таҳлил қилиш ва натижаларини баҳолаш тизими Давлат солиқ қўмитасининг (ДСҚ) «Солиқ хавфини аниқлаш, таҳлил қилиш ва баҳолаш» автоматлаштирилган дастурий маҳсулоти орқали амалга оширилади. 

 

Солиқ тўловчилар муайян даврдаги товар айланмаси миқдори бўйича кичик, ўрта ва йирик гуруҳларга ажратилади. Солиқларни тўламаслик хавфи даражасини аниқлаш мезонлари санаб ўтилган. Солиқларни тўламаслик хавфи даражаси 1 дан 1 000 гача шкала асосида ҳисобланади ва формула бўйича аниқланади. Тўпланган балига кўра солиқ тўловчилар уч гуруҳга сегментланади: қизил йўлак (солиқларни тўламаслик хавфи даражаси юқори  бўлган), сариқ йўлак (солиқларни тўламаслик хавфи даражаси ўрта бўлган) ва яшил йўлак (солиқларни тўламаслик хавфи даражаси паст бўлган). Муайян солиқ даври учун ҳар бир гуруҳ бўйича чегаравий балл ДСҚ томонидан белгиланади. Солиқларни тўламаслик хавфи даражаси юқори бўлган солиқ тўловчилар орасидан солиқ аудити ўтказиш учун, хавф даражаси ўрта бўлган солиқ тўловчилардан камерал ёки сайёр солиқ текширувларини ўтказиш учун номзодлар танлаб олинади, солиқларни тўламаслик хавфи даражаси паст бўлган солиқ тўловчиларга соддалаштирилган тартиб (яшил йўлак) белгиланади ва уларга солиқ текширувлари тайинланмайди.

 

Низомда (2) камерал солиқ текширувини (кейинги ўринларда – КСТ) ўтказиш тартиби белгиланган. Мазкур текширув солиқ органи жойлашган жой бўйича амалга оширилади ва солиқ тўловчилар томонидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назорат қилиш мақсадида ўтказилади.

 

Низомда КСТ ўтказиладиган ҳолатлар санаб ўтилган. Текширув солиқ органи раҳбарининг (раҳбар ўринбосарининг) буйруғи асосида ўтказилади, унда солиқ тўловчининг номи ва идентификация рақами, текширувчи шахсларнинг Ф.И.О. ва лавозими, текширувни ўтказиш муддатлари, текширилаётган давр, текширилаётган солиқларнинг турлари кўрсатилади. КСТ муддати 3 ойдан ошмаслиги керак. Низомда КСТ муддати бир ойга узайтирилиши мумкин бўлган ҳолатлар ва асослар санаб ўтилган.

 

Солиқ тўловчи КСТ чоғида солиқ тўловчининг шахсий кабинетига электрон шаклда сўровнома юбориш орқали сўраб олиши мумкин бўлган маълумотлар ва ҳужжатлар санаб ўтилган. Сўровнома шахсий кабинетга жўнатилган санадан эътиборан 3 кундан кейин олинган деб ҳисобланади. Сўровномада назарда тутилган ҳужжатлар ва тушунтиришлар солиқ тўловчи томонидан солиқ органига сўровнома олинган кундан эътиборан 5 кун ичида тақдим этилиши керак. Зарурат туғилганда солиқ органи солиқ тўловчининг фаолиятига тааллуқли ҳужжатларни (ахборотни) учинчи шахслардан талаб қилиб олишга ҳақли. Сўров бериш муддатлари ва солиқ тўловчи томонидан солиқ органига тақдим этиладиган муддатлар ҳамда уларни бузганлик учун санкциялар қайд этилган.

 

КСТ натижалари бўйича текширувни ўтказувчи мансабдор шахс белгиланган шаклда хулоса тузади. Низомда хулосада акс эттирилиши лозим бўлган маълумотлар ва уларни расмийлаштириш тартиби кўрсатилган. Солиқ ҳисоботидаги тафовутларни ёки хатоларни аниқланган ҳолатлар юзасидан солиқ органи томонидан икки кунлик муддатда солиқ тўловчига уларни бартараф этиш тўғрисида талабнома юборилади.

 

Низомда солиқ тўловчида КСТда аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бўйича иш юритиш тартиби қайд этилган. 

 

Низомда (3) сайёр солиқ текширувини (кейинги ўринларда - ССТ) ўтказиш тартиби белгиланган. Ҳужжатда солиқ органлари ССТ доирасида амалга оширишга ҳақли бўлган ҳаракат баён этилган. Текширув чоғида ҳисобга олиш ҳужжатларининг, ТМБ ва пул маблағлари ҳаракатининг, шунингдек солиқ тўловчининг фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа ахборотнинг таҳлили ўтказилади. ССТ ўтказишда солиқ тўловчилардан сайёр солиқ текшируви предметига алоқадор бўлмаган ҳужжатларни (ахборотни) талаб қилишга йўл қўйилмайди.

 

ССТ 10 иш кунигача бўлган муддатда ўтказилади. ССТ натижаларига кўра солиқ органлари томонидан солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаш амалга оширилмайди.

 

Низомда ССТ ўтказиш учун асослар санаб ўтилган. Текширув солиқ органи раҳбарининг (ўринбосарининг) буйруғи асосида ўтказилади. Буйруқда солиқ тўловчининг номи, текширувчи шахсларнинг Ф.И.О. ҳамда лавозими, текширувларни ўтказиш муддатлари ва мақсади кўрсатилади. ССТ ўтказиладиган сайёр солиқ текширувлари Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими орқали Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил хабардор қилинган ҳолда ўтказилади (бундан давлат рўйхатидан ўтмасдан, ноқонуний равишда тадбиркорлик фаолиятини юритаётган жисмоний шахслар мустасно). Текширувларнинг натижалари текширув тамомлангандан кейин 3 кун ичида Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига киритилади. 

 

Низомда ССТ ўтказиш чоғида солиқ органининг мансабдор шахси ва солиқ тўловчининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари қайд этилган.

 

Шунингдек Низомда қуйидаги тартиблар кўрсатилган:  

  • хронометраж кузатувларни ўтказиш;
  • НКМ ва ҳисоб-китоб терминаллари қўлланилишини текшириш;
  • солиқ тўловчи ходимларининг солиқ ҳисоботдаги кўрсатилган ва ҳақиқий сони мувофиқлиги юзасидан мониторингни амалга ошириш;
  • бозорлар, савдо комплекслари, уларга туташ бўлган автомобиль воситаларининг тўхташ жойлари фаолиятини солиқ қонунчилигига риоя этилишини текшириш;
  • савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя этилишини текшириш;
  • асосий воситалар, ТМБ, пул маблағлари ва ҳисоб-китобларни хатловдан ўтказиш;
  • ҳужжатларни ва буюмларни олиб қўйиш.

 

КСТ натижаларига кўра текширувчи мансабдор шахс томонидан белгиланган шакл бўйича 2 нусхада далолатнома тузилади. 

 

Низомда (4) солиқ аудитини (СА) ўтказиш тартиби белгиланган. Солиқ кодексига мувофиқ солиқ аудити солиқ органлари томонидан солиқ тўловчининг муайян давр учун солиқлар ва йиғимларнинг ҳисобланиши ҳамда тўланишининг тўғрилигини текшириш мақсадида, унинг бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳамда бошқа ҳужжатларини ўрганиш ва таққослаш йўли билан ўтказилади.

 

Жиноят иши доирасида солиқ тўловчининг молия-хўжалик фаолиятини тафтиш этиш Жиноят-процессуал кодекси ва Солиқ кодекси талаблари асосида ўтказилади.

 

 Низомга мувофиқ солиқ аудити қуйидаги солиқ тўловчиларда ўтказилади:

  • солиқ органида хавфни таҳлил этиш автоматлаштирилган ахборот тизими («Таҳлика-таҳлил» дастурий маҳсулоти) орқали аниқланган, юқори даражадаги таваккалчилик (солиқ хавфи) тоифасига мансуб бўлган солиқ тўловчиларда ҳамда тасодифий танлаб олиш усули асосида йирик солиқ тўловчиларда;
  • камерал солиқ текшируви натижаси бўйича солиқ органининг талабномасига жавобан аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этмаган (шу жумладан, аниқлаштирилган талабномадан кейин), аниқланган тафовутлар бўйича асос келтирмаган ёки тақдим қилинган асосномалар етарли эмас деб топилган юқори даражадаги таваккалчилик (солиқ хавфи) тоифасига мансуб бўлган;
  • ихтиёрий тугатилаётган юридик шахслар ва фаолиятини ўз ташаббуси билан тўхтатган якка тартибдаги тадбиркорларда;
  • аввал ўтказилган солиқ аудити чоғида солиқ органига маълум бўлмаган янги ҳолатлар аниқланган солиқ тўловчиларда. 

 

 Солиқ аудити қуйидаги тартибда амалга оширилади:

  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари томонидан ўз ҳудудида солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган солиқ тўловчиларда;
  • йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси томонидан йирик солиқ тўловчиларда;
  • ДСҚ томонидан юқори даражадаги таваккалчилик (солиқ хавфи) тоифасига мансуб бўлган солиқ тўловчиларда.

 

Низомда солиқ аудити қуйидаги тартибда ўтказилиши назарда тутилган:

  • солиқ аудити солиқ органининг буйруғига асосан ўтказилади, унда қуйидагилар кўрсатилиши лозим: солиқ аудити ўтказиш учун асослар, солиқ тўловчининг номи ва идентификация рақами, солиқ аудитини ўтказувчи шахсларнинг Ф.И.О. ва лавозими, солиқ аудитининг мақсади, солиқ аудитини ўтказиш муддати. Бир вақтнинг ўзида солиқ аудити дастури тасдиқланади;
  • солиқ органи солиқ аудити ўтказилиши тўғрисида хабарнома юборилгандан сўнг 30 кун ўтгач текширув ўтказилиши мумкин;
  • солиқ аудитини ўтказиш муддати солиқ тўловчига (солиқ агентига) солиқ аудитини тайинлаш тўғрисидаги буйруқ топширилган кунда бошланади;
  • солиқ аудити текширув далолатномаси имзоланган кунда якунланади;
  • солиқ аудитини ўтказиш муддати 30 иш кунидан ортиқ давом этиши мумкин эмас. Солиқ аудитини ўтказиш муддати СКнинг 142-моддасига мувофиқ узайтирилиши мумкин;
  • солиқ аудити даъво қилиш муддати ўтмаган охирги солиқ аудитидан кейинги даврни қамраб олиши мумкин;
  • солиқ органлари солиқ тўловчининг айнан битта давр учун айнан бир хил солиқлар бўйича бир мартадан ортиқ солиқ аудитини ўтказишга ҳақли эмас, бундан солиқ аудитини ўтказиш чоғида солиқ органига маълум бўлмаган янги ҳолатлар аниқланган ҳоллар мустасно;
  • солиқ аудити Текширувларни рўйхатга олиш китоби тўлдирилганидан сўнг ўтказилади.

 

Солиқ аудити натижалари текширув тамомлангандан кейин 3 кун ичида Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига киритилади. Низомда қуйидаги тартиблар қайд этилган:

  • солиқ аудитини ўтказиш доирасида ҳужжатлар алмашинуви;
  • текширувни тайинлаш, ташкил этиш ва ўтказиш;
  • ихтиёрий тугатилаётган юридик шахслар ва фаолиятини ўз ташаббуси билан тўхтатган якка тартибдаги тадбиркорларда солиқ аудитини ўтказиш хусусиятлари;
  • ҳудуд ва биноларни кўздан кечириш;
  • текширилаётган солиқ тўловчидан ҳужжатларни талаб қилиб олиш;
  • учинчи шахслардан ҳужжатларни (ахборотни) талаб қилиб олиш;
  • ҳужжатлар ва буюмларни ҳамда электрон ахборот ташувчиларни олиб қўйиш.

 

Шунингдек ҳужжатда солиқ аудитини ўтказиш иштирокчилари санаб ўтилган ва солиқ аудити натижаларини расмийлаштириш тартиби кўрсатилган. 

 

ВМҚ лойиҳаси қабул қилинган тақдирда ДСҚнинг солиқ текширувларини тартибга солувчи норматив ҳужжатлари бекор қилиниши мумкин.

 

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

 

Баҳодир Қаюмов.



В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_