Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКакие налоговые последствия влечет размещение рекламы в Инстаграме Как рассчитать среднемесячную зарплату бухгалтера-совместителя Внимание! До конца года проверьте штатное расписание и изменения по зарплате Как рассчитать и уплатить налог на воду по итогам года

Туристик хизматлар сертификатланади, туристик индустрия объектлари таснифланади

08.08.2020

Читать на русском языке

Вазирлар Маҳкамасининг 10.07.2020 йилдаги «Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини тиклаш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 433-сон қарори билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • Туристик хизматларни сертификатлаштириш ва туристик индустрия объектларини таснифлаш тартиби тўғрисидаги низом (1);
  • Фуқаролар йиғинларига «Туризм маҳалласи», «Туризм қишлоғи» ва «Туризм овули» мақомини бериш тўғрисидаги низом (2).

 

Низомда (1) назарда тутилмаган туристик хизматларнинг алоҳида турлари, шу жумладан умумий овқатланиш ташкилотлари (ресторанлар) хизматлари, туристларга кўрсатиладиган транспорт хизматлари ихтиёрий асосда сертификатлаштирилади.

 

Туроператор, жойлаштириш воситаси, тоғ чанғиси трассалари ва пляж хизматлари бўйича туризм фаолияти фақат белгиланган тартибда тегишли сертификатлар олингандан кейин ва уларнинг амал қилиш муддати давомида амалга оширилиши мумкин.

 

Сертификатнинг амал қилиш муддати, берилган сертификатни ҳар йили инспекция назоратини ўтказган ҳолда уч йилдан иборатдир. Сертификатнинг асл нусхаси бевосита сертификатлаштириш объектида туради ва у учинчи шахсларга берилмайди. Амалдаги сертификатсиз туроператорлик, жойлаштириш воситалари, тоғ чанғиси трассалари ва пляж хизматлари бўйича туризм фаолиятини амалга ошириш қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.

 

Санаб ўтилган хизматларни сертификатлаштириш, уларга тоифа бериш, шунингдек сертификатлаштирилган хизматларнинг стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатлар  талабларига мувофиқлигининг инспекция назоратини ўтказиш Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги «Туризм хизматларини сертификатлаш маркази» ДУК (кейинги ўринларда - Марказ) томонидан амалга оширилади. Сертификатлаштириш Низомга 1-иловада келтирилган схема бўйича амалга оширилади.

 

Оилавий меҳмон уйлари ва хостеллар хизматларини сертификатлаштириш соддалаштирилган ҳолда, уларни ўрганиш далолатномаси асосида амалга оширилади. Ушбу объектлар тўғрисидаги маълумотлар Оилавий меҳмон уйлари ва хостеллар ягона реестрига киритилади.

 

Сертификатлаштириш учун ариза берувчи Марказга электрон шаклда Марказнинг расмий веб-сайти орқали ариза ва унга илова қилинган ҳужжат ва маълумотларни юборади.

 

Низомда туроператорлик, жойлаштириш воситаси, тоғ чанғиси трассалари ва пляж хизматларини сертификатлаштириш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати, шунингдек сертификатлаштириш тартиби кўрсатилган.

 

Ариза берувчи ўзининг туристик индустрия объектларига тоифа берилишига даъвогар бўлса, ту тўғрида аризада кўрсатиб ўтилиши керак. Туристик индустрия объектларини баҳолаш вақтида комиссия ушбу объектни таснифлаш тизимига биноан унинг тегишли тоифага мувофиқлигини аниқлайди.

 

Меҳмонхоналар тоифалари юлдузлар кўринишидаги белги билан белгиланади ва бешта тоифа бўйича таснифланади. Олий тоифа – беш юлдуз, энг паст тоифа – битта юлдуз.

 

Тоғ чанғиси трассалари тўртта тоифа бўйича таснифланади:

  • яшил ранг – ўрганувчилар учун;
  • кўк ранг – мураккабликнинг қуйи даражаси;
  • қизил ранг – мураккабликнинг ўрта даражаси;
  • қора ранг – мураккабликнинг юқори даражаси.

 

Пляжлар учта тоифага таснифланади: кўк байроқ – I тоифадаги пляж учун; яшил байроқ – II тоифадаги пляж учун; сариқ байроқ – III тоифадаги пляж учун.

 

Шунингдек Низомда қуйидагилар қайд этилган:

  • сертификатлаштириш натижалари бўйича қарорлар қабул қилиш тартиби;
  • сертификат бериш тартиби;
  • кўрсатилаётган хизматлар рўйхатини кенгайтириш ва қисқартириш бўйича сертификатлаштириш тартиби;
  • сертификатлаштириш объектининг инспекция назорати тартиби;
  • яширин баҳолаш тартиби;
  • сертификатни қайта расмийлаштириш, унинг дубликатини бериш тартиби.

 

Низом (2) фуқаролар йиғинларига «Туризм маҳалласи», «Туризм қишлоғи» ва «Туризм овули» мақомини бериш тартибини белгилайди.

 

Фуқаролар йиғинига туризм маҳалласи мақомини беришдан асосий мақсадлар қуйидагилар ҳисобланади:

  • фуқаролар йиғинида азалдан сақланиб қолган моддий ва маданий меросини, урф-одатлари ва турмуш тарзини сақлаш, илгари суриш ва тарғиб қилиш;
  • хорижий ва маҳаллий туристларни кенг жалб қилиш;
  • туризмни барқарор ривожлантириш, туристлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш;
  • маҳаллий аҳолининг маданияти ва анъаналарини оммалаштириш;
  • туризм маҳалласининг экологиясини ҳамда табиий бойликларини асраш ва яхшилаш;
  • фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхшилаш;
  • фуқаролар йиғини ҳудудида янги иш ўринларини яратиш;
  • туризм хизматлари сифатини белгиланган талабларга мувофиқлаштириш;
  • туризм хизматларини кўрсатишда қонун талабларига риоя қилиш.

 

Фуқаролар йиғини туризм маҳалласи мақомини олиши учун қуйидаги талаблар ва шартларга жавоб бериши лозим:

  • фуқаролар йиғини ҳудудида хорижий ва маҳаллий туристларни қабул қилиш учун камида 20 та оилавий меҳмон уйларининг мавжудлиги;
  • фуқаролар йиғини ҳудудида туристларга камида 5 та сифатли туристик хизматларни тақдим этиш (турар жой ва (ёки) овқатланиш хизматларидан ташқари);
  • фуқаролар йиғини ҳудудида маҳаллий ишлаб чиқарилаётган эсдалик совғалари маҳсулотларини (камида битта савдо нуқтаси) сотиш шохобчаларини ташкил этиш;
  • фуқаролар йиғини ҳудудида туризмнинг қуйидаги турларидан бирини ташкиллаштириш: экотуризм (геотуризм); агротуризм (қишлоқ); этнографик; маданий ва тарихий;
  • фуқаролар йиғини ҳудудида туристлар ва экскурсантлар хавфсизлигини таъминлаш;
  • зарур кўрсаткичларни ўзбек, рус ва инглиз тилларида мавжудлиги;
  • биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятининг мавжудлиги ва бошқалар.

 

Шунингдек Низомда қуйидагилар белгиланган:

  • фуқаролар йиғини туризм маҳалласи мақомини олиши учун зарур бўлган ҳужжатлар;
  • фуқаролар йиғинига туризм маҳалласи мақомини бериш ҳақидаги аризаларни кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш тартиби;
  • фуқаролар йиғинининг ҳуқуқлари, ваколатли давлат органининг туризм маҳалласи фаолиятини такомиллаштириш бўйича вазифалари.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 10.07.2020 йилдан кучга кирди.

Баҳодир Қаюмов.