03.02.2025 йилдаги "Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида"ги ЎРҚ-1023-сонли Қонун қабул қилинди. У 6 ойдан сўнг кучга киради.
Қонун озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солади ва аҳолини озуқавий қийматга эга бўлган маҳсулотлар билан таъминлаш, самарали бозор механизмларини шакллантириш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёни ишлаб чиқаришга қаратилган.
Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги асосий тамойиллар:
• аҳолини ижтимоий аҳамиятга эга асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашнинг барқарорлиги;
• озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисидаги ахборотнинг шаффофлиги ва очиқлиги (ошкоралиги);
• озиқ-овқат маҳсулотларидан оқилона фойдаланиш;
• аҳолини ижтимоий аҳамиятга эга асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда камситишга йўл қўймаслик.
Вазирлар Маҳкамаси озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлайди ва озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллиги юзага келган тақдирда ушбу соҳада тезкор чораларни белгилайди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг мақсади – мамлакат аҳолисининг ижтимоий аҳамиятга эга асосий озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёни ишлаб чиқариш ҳисобидан қондиришдан иборат.
Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий йўналишлари:
• қишлоқ хўжалиги техникаси ва ускуналаридан фойдаланиш самарадорлиги, мелиорация тадбирларини амалга ошириш ва ирригация тизимларини бошқаришни ҳисобга олган ҳолда озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашё ишлаб чиқарувчиларнинг моддий-техник базасини ривожлантириш;
• озиқ-овқат саноатини инновацион технологиялар ва ишланмалар билан таъминлаш дастурларини молиялаштириш, унинг ташкилий ва иқтисодий механизмларини такомиллаштириш;
• озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сақлаш жараёнларига ресурс тежовчи технологияларни кенг жорий этиш;
• озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёни сақлаш ҳамда ташиш инфратузилмасини ривожлантириш;
• озиқ-овқат хавфсизлиги мониторингини ўтказиш ва қонунчиликка мувофиқ ушбу соҳадаги бошқа тадбирлар.
Озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш меъёрлари мамлакатнинг демографик, ижтимоий ва иқтисодий кўрсаткичлари асосида ҳар уч йилда қайта кўриб чиқилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинди ва 06.08.2025 йилдлан кучга киради.
Лола Абдуазимова