Вазирлар Маҳкамасининг 09.04.2025 йилдаги "Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг инсон ресурсларини бошқариш бўйича фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 212-сон қарори қабул қилинди.
2025 йил 1 майдан бошлаб:
- республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг инсон ресурсларини бошқариш бўйича фаолиятини давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи баҳолаб боради;
- республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлинмаларининг раҳбарлари ушбу қарор талаблари асосида давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги махсус ваколатли давлат органида аттестациядан ўтадилар.
Қарор билан "Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлинмалари тўғрисида"ги Намунавий низом тасдиқланди. У республика ижро этувчи ҳокимият органларининг инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлинмаларининг вазифалари ва функцияларини, уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартибини, шунингдек уларга қўйиладиган талабларни белгилайди.
Бўлинма бошлиғи лавозимига меҳнат қонунчилигини ўзлаштирган, инсон ресурсларини бошқариш ва ривожлантириш соҳасида, ахборот хавфсизлиги ва шахсий маълумотлар билан ишлаш борасида билимларга эга бўлган, олий маълумотли, камида 2 йиллик иш стажига эга шахслар тайинланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 10.04.2025 йилдан кучга кирди.