Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzЧем отличаются правила начисления амортизации в целях бухучета и налогообложения К каким видам доходов можно применить льготу по налогу на прибыль участникам СЭЗ Как использовать гарантийное удержание в хозяйственных договорах

Ахборот хизмат раҳбарлари ўз рейтингига эга

18.10.2019

Читать на русском языке

 

Давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизмати раҳбарини лавозимга тайинлашни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари билан келишиш, уларни аттестациядан ўтказиш ҳамда иш самарадорлигини баҳолаш тартиби тасдиқланди (рўйхат рақами 3187, 3.10.2019 йил).

 

Лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш

 

Республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ахборот хизмати раҳбарлари Агентлик билан келишилган ҳолда, ҳудудий даражадаги раҳбарлар ҳудудий бошқармалар билан келишилган ҳолда лавозимига тайинланади.

 

Келишиш учун битта ёки бир нечта номзодлар тақдим этилади. Бунинг учун уларнинг ҳар бири бўйича қуйидаги ҳужжатлар топширилади:

  • давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг тақдимномаси;
  • номзоднинг анкетаси;
  • олий маълумот тўғрисидаги дипломнинг ёхуд хорижий таълим муассасасида олинган олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш тўғрисида гувоҳноманинг нусхаси.

 

Ушбу ҳужжатлар ЭРИ билан тасдиқланган ёки «PDF» (portable document format) форматида жўнатилади. Ҳужжатлар қайтарилмайди.

 

Лавозимга тайинлашни келишиш масаласини кўриб чиқишда номзод билан ахборот хизматлари фаолияти соҳасига доир суҳбат ўтказилади. Суҳбатни тегишлича Агентлик директори томонидан, ҳудудий бошқармаларда эса бошқарма бошлиқлари томонидан камида 5 кишидан иборат таркибда тасдиқланадиган комиссиялар ўтказади. Агентликда директорнинг ўринбосари, ҳудудий бошқармаларда бошқарма бошлиқлари комиссияга раислик қилади. Комиссия ишида аъзоларнинг камида ярми иштирок этган тақдирда, ваколатли ҳисобланади.

 

Лавозимга тайинлашни келишиш ҳужжатлар тақдим этилган санадан бошлаб 15 кун ичида амалга оширилади. Тақдим этилган ҳужжатларда камчиликлар аниқланмаса, номзодни тавсия этган давлат органи ва ташкилотига суҳбат ўтказилишидан камида 5 кун олдин суҳбат ўтказиладиган кун, вақти ва жойи ҳақида хабар берилади. Суҳбатга кела олмайдиган номзодлар бу ҳақда олдиндан хабар қилишлари лозим, бунда номзодлар комиссиянинг навбатдаги йиғилишида суҳбатга қўйилади.

 

Тақдим этилган ҳужжатларда камчиликлар мавжудлиги аниқланган тақдирда, бу ҳақда 5 кун ичида номзодни тавсия этган давлат органи ва ташкилотига хабар юборилади. Камчиликлар бартараф этилган ҳолда такроран ҳужжатларни тақдим қилиш лозим.

 

Суҳбатда касбий фаолиятга боғлиқ бўлган қонунчилик соҳалари, ахборот хизматларига оид масалалар, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги, давлат ва жамият ўртасида мулоқотни шакллантириш ва такомиллаштиришда кенг жамоатчилик назоратини ўрнатиш, замонавий ахборот майдонида кечаётган тенденцияларга оид таҳлилий ёндашув каби масалалар бўйича номзоднинг билими аниқланади. Комиссия мажлиси видеотасвирга туширилади ва ушбу ёзув 3 йил давомида сақланади.

 

Суҳбат натижалари бўйича суҳбат ўтказиш варақаси расмийлаштирилади ва кўпчилик овоз билан қарор қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади. Комиссиянинг ижобий ёки салбий қарори ҳақида 2 иш куни ичида номзодни тавсия этган давлат органи ва ташкилоти хабардор қилинади. Комиссия қарорлари юзасидан юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиниши мумкин. Суҳбатдан ўта олмаган номзодлар бир ойдан сўнг қайта тавсия этилиши мумкин.

 

Ахборот хизмати раҳбари лавозимидан озод этилганда, 10 иш куни мобайнида Агентлик ёки унинг ҳудудий бошқармалари хабардор қилинади.

 

Аттестация

 

Ахборот хизмати раҳбарлари ҳар 3 йилда бир маротаба аттестация комиссиясининг мажлисида аттестациядан ўтади (биринчи марта лавозимга тайинланган раҳбар 3 йил ишлаганидан кейин аттестациядан ўтади). Аттестацияни ташкил этиш ва ундан ўтиш тартиби лавозимга тайинлашда суҳбатдан ўтказиш тартибига ўхшашдир.

 

Аттестация якунлари овоз бериш тугаши биланоқ маълум қилинади. Аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномага эга бўлган шахслар мазкур гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугашига қадар 2 ойлик муддат ичида аттестациядан ўтиш керак. Ахборот хизмати раҳбари аттестациядан ўтмаган деб топилганда мазкур ходимни такроран аттестациядан ўтказиш учун 3 ой ўтгач мурожаат қилиш мумкин. Аттестацияда бериладиган саволлар рўйхати Агентлик директори томонидан тасдиқланади ҳамда Агентликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

 

Фаолиятни баҳолаш ва рейтинг

 

Ахборот хизматлари раҳбарларининг фаолият самарадорлиги баҳоланади ва рейтинг тузилади. Бунинг учун Агентлик директорининг буйруғи билан камида 5 кишидан иборат таркибда махсус комиссия тузилади. Комиссия Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармаларига тасдиқланган мезонлар бўйича тақдим этилган маълумотлар асосида қарор қабул қилади.  

 

Ушбу қарорга асосан ҳар йили 20 январга ва 20 июлга қадар рейтинг тузилади ва 3 кун ичида расмий веб-сайтга жойлаштирилади. Рейтингда тўпланган балларга мувофиқ қуйидаги баҳолаш даражалари акс эттирилади:

  • 55 баллгача – паст даражада;
  • 56 баллдан 71 баллгача – қониқарли даражада;
  • 72 баллдан 85 баллгача – ўрта даражада;
  • 86 баллдан 100 баллгача – юқори даражада.

 

Комиссия қарори устидан юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиш мумкин.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 3.10.2019 йилдан кучга кирди.      

 

Анвар Иркаходжаев.