Қаттиқ маиший чиқинди полигонларини лойиҳалаштириш ва улардан фойдаланиш бўйича йўриқнома тасдиқланди (рўйхат рақами 3197, 19.11.2019 йил).
Ҳужжатда қаттиқ маиший чиқиндиларни полигонга қабул қилиш тартиби ва технологик схемаси, шунингдек уларни ташувчи техникани бўшатиш тартиби назарда тутилган.
Маълумот учун: қаттиқ маиший чиқиндилар — жисмоний шахсларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳамда юридик шахсларнинг фаолияти натижасида ҳосил бўлувчи органик ва ноорганик чиқиндилар, шунингдек уларнинг ҳудудида ва ободонлаштириш объектларидаги табиий жараёнлар натижасида ҳосил бўлувчи чиқиндилар (озиқ-овқат ва ўсимлик чиқиндилари, тўқимачилик маҳсулотлари, ўраш-жойлаш (қадоқлаш) материаллари, шиша, резина, қоғоз, пластмасса, ёғоч чиқиндилари, ўзининг фойдаланиш хусусиятларини йўқотган уй-рўзғор буюмлари, супуринди, шунингдек қаттиқ ёқилғида ишловчи маиший печкалар ва иситиш буғқозонларидан фойдаланиш натижасида ҳосил бўлувчи чиқиндилар).
Қаттиқ маиший чиқиндилар полигонлари (кейинги ўринларда - полигон) қурилиши учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ва ўрмон фонди ерларига кирмайдиган ер участкалари ажратилади. Бунда полигонларнинг атроф-муҳитнинг турли объектларига салбий таъсири даражасини ҳисобга олган ҳолда энг кам таъсир кўрсатувчи ер участкасини танлаш учун бир неча ҳудудлар муқобил вариант сифатида кўриб чиқилади.
Полигонлар шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг ташқарисида жойлаштирилади. Улар исталган катталикдаги аҳоли пунктлари учун ташкил этилиши мумкин, бироқ бир бирига яқин аҳоли пунктлари учун марказлашган полигонларни ташкил этиш мақсадга мувофиқдир. Турар жойдан полигон чегарасигача бўлган масофа аҳоли яшаш жойларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича санитария меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ камида 500 метрни ташкил қилиши керак.
Полигонларни сувни муҳофаза қилиш зоналари, сув объектларининг санитария муҳофазаси зоналари, соҳил бўйи минтақалари ва сифатли ер ости сувлари тўпланадиган манбалар теграси, курортларни муҳофаза қилиш зоналари, шунингдек фуқароларнинг оммавий дам олиш ва соғломлаштириш масканлари ҳудудига жойлаштирилишига йўл қўйилмайди. Ер ажратиш тўғрисидаги ҳужжатлар Ергеодезкадастр давлат қўмитаси томонидан расмийлаштирилади.
Туман санитария-эпидемиологик осойишталик маркази тайёрланган барча материалларни инобатга олган ҳолда танланган ер участкасининг полигон қурилиши учун яроқлилиги хусусида ўз хулосасини беради. Кейин экологик нормативлар ишлаб чиқилади ва келишилади (бу ерда қаранг), давлат экологик экспертизаси ўтказилади (бу ерда қаранг).
Полигонлар кириш йўли, қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштириш майдони, хўжалик ҳудуди, санитария-муҳофаза зонасидан иборат бўлади. Шунингдек ёмғир мавсумида йўлларни сув босмаслиги учун полигонлар дренаж тизимига эга бўлиши, жарлик ёнбағрида жойлашган полигонлар юқориликдан оқиб келиши мумкин бўлган ер усти сув оқимларидан ҳимояланган бўлиши лозим. Ер ости сувларининг ифлосланишини олдини олиш учун фильтрацияга қарши изоляция қопламаси назарда тутилиши лозим.
Хўжалик ҳудудига кириш жойида дарвоза ёки шлагбаум ўрнатилади. Чиқинди ташиш техникаларини ювишга мўлжалланган майдон хўжалик ҳудудидан ташқарида бўлиши керак. Санитария-муҳофаза зонасида полигон периметри бўйлаб 5-8 метр кенгликда йўлак қурилади, унинг чегараси бўйлаб дарахт ва бута кўчатлари экилади, муҳандислик коммуникациялари (сув қувурлари, канализация) ётқизилади ҳамда электр ёритиш қурилмалари ўрнатилади. Бу ерда турар жойлар ва ичимлик суви қудуқлари жойлаштирилмайди.
Полигонлардан фойдаланишда полигонларнинг ходимлари атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича асосий талабларга риоя этилишини таъминлашлари лозим. Полигонларда заҳарли ва портлаш хавфини туғдирадиган газларнинг ажралиб чиқиши сабабли, улар ёпилганидан кейин камида 40 йил ушбу ҳудудда капитал қурилиш ишларини олиб боришга йўл қўйилмайди.
Полигонни ёпиш учун якуний (юқори) изоляция қилувчи қоплама, фильтратни бошқариш ва газни бошқариш тизимлари мавжуд бўлиши талаб этилади. Технологик схемасига мувофиқ рекультивация икки босқичда амалга оширилади. Рекультивация қилишнинг техник босқичида полигон қиялиги махсус техника ёрдамида текисланади, унинг рекультивация қилинадиган устки қатламига 0,2 метр қалинликда унумдор тупроқ бир текисда ётқизилган ҳолда рекультивация қатлами ҳосил қилинади. Рекультивация қилишнинг биологик босқичида тупроқ эрозиясига қарши, ландшафт-кўкаламзорлаштириш аҳамиятига эга ўрмонзорлар (дарахтзорлар) барпо этилади. Бунда қуйидаги ишлар амалга оширилади:
- дастлабки йилда — кўкаламзорлаштириш учун ерни уруғ экишга тайёрлаш, кўп йиллик ўт уруғларини экиш (сепиш), экинзорларни парваришлаш;
- келгуси йилда — маҳаллий иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда, кўп йиллик дарахт ва бута турларини танлаш, дарахт ва буталарни (уруғ, ниҳол ва кўчатларини) экиш, экинзорларни парваришлаш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.11.2019 йилдан кучга кирди.
Анвар Иркаходжаев.