Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzЧем отличаются правила начисления амортизации в целях бухучета и налогообложения К каким видам доходов можно применить льготу по налогу на прибыль участникам СЭЗ Как использовать гарантийное удержание в хозяйственных договорах

Ер амнистияси эълон қилинди

08.08.2024

Читать на русском языке

Президент томонидан 05.08.2024 йилдаги “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги ЎРҚ-937-сон Қонун имзоланди.

 

Қандай ерлар амнистияга тушади?

 

Ушбу Қонун:

  • фуқаролар, республикада доимий яшаб турган фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан 2018 йил 1 майга қадар якка тартибда уй-жой қуриш орқали ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотларга;
  • фуқаролар, ЯТТ ва резидент бўлган юридик шахслар ажратилган ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилган ер майдонидан 2018 йил 1 майга қадар ортиқча эгаллаган ер участкасига ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотларга;
  • ўзбошимчалик билан қурилган якка тартибдаги уй-жойларга бўлган мулк ҳуқуқини Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан ташкил этилган Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) комиссиялари томонидан эътироф этиш мумкин деб топилганлиги ҳолларига ёки уни эътироф этиш рад этилганлиги ёхуд аризаларнинг кўриб чиқилиши бир марталик умумдавлат акциясининг муддати ўтганлиги сабабли якунига етмаганлиги ҳолларига;
  • 2021 йил 8 июнга қадар туман (шаҳар) ҳокимининг қарорига кўра фуқароларга, ЯТТларга ёки резидент булган юридик шахсларга ажратилган, тасдиқлаш масаласи Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳамда Жўқорғи Кенгес ёки тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан кўриб чиқилмаган ер участкасига (бундан шундай ер участкасида 2 йил ичида бинолар ва иншоотлар қурилмаган ёки уларнинг қурилиши бошланмаган ёхуд ер участкасидан мақсадсиз фойдаланилган ҳоллар мустасно);
  • фуқароларнинг боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойларига ҳамда улар эгаллаган ер участкасига;
  • 2020 йил 9 мартга қадар кичик саноат зоналари ҳудудига жойлаштирилган тадбиркорлик субъектларининг яшаш учун мўлжалланмаган бинолари ва иншоотлари ёки уларнинг қисмлари жойлашган ер участкасига;
  • хусусийлаштирилган бинолар ва иншоотлар эгаллаган ер участкасига;
  • фуқароларнинг, ЯТТларнинг ва резидент бўлган юридик шахсларнинг мулк (эгалик қилиш) ҳуқуқи эътироф этилган бинолари ва иншоотлари эгаллаган ер участкасига нисбатан ҳуқуқларни эътироф этиш асослари ва тартибини белгилайди. 

 

Маълумот учун: бир марталик умумдавлат акцияси – ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича Президент Фармонига мувофиқ 2018 йил 20 апрелдан 2019 йил 1 майга қадар ўтказилган бир марталик умумдавлат акцияси; 

 

Ижара ҳуқуқи тан олинганда ер участкаси қанча муддатга ижарага берилади?

 

Ижара муддати якка тартибдаги уй-жойлар эгаллаган ер участкалари учун 99 йил, бошқа ер участкалари учун 49 йил этиб белгиланади.

  

Ҳуқуқни тан олиш учун асослар

 

Фуқаролар томонидан 2018 йил 1 майга қадар якка тартибда уй-жой қуриш орқали ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш учун қуйидаги шартларнинг барчасига риоя этилганлиги асос бўлади, агар:

  • мазкур ер участкаси бошқа жисмоний ва юридик шахсларга ажратилмаган ёки электрон онлайн-аукционга қўйилмаган бўлса;
  • мазкур ер участкасидан фойдаланиш юзасидан жисмоний ва (ёки) юридик шахслар ўртасида низо мавжуд бўлмаса;
  • мазкур ер участкаси учун ер солиғи бўйича, унда қурилган бинолар ва иншоотлар учун эса мол-мулк солиғи бўйича қарздорлик мавжуд бўлмаса. 

 

Фуқароларнинг боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудида жойлашган турар жойларига бўлган мулк ҳуқуқини ҳамда улар эгаллаган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини эътироф этиш учун қуйидаги шартларнинг барчасига риоя этилганлиги асос бўлади, агар:

  • фуқаро боғдорчилик ва узумчилик ширкати аъзоси бўлса;
  • мазкур ер участкаси бошқа жисмоний ва юридик шахсларга ажратилмаган ёки электрон онлайн-аукционга қўйилмаган бўлса;
  • мазкур ер участкасидан фойдаланиш юзасидан жисмоний ва (ёки) юридик шахслар ўртасида низо мавжуд бўлмаса;
  • мазкур ер участкаси учун ер солиғи бўйича, унда қурилган бинолар ва иншоотлар учун эса мол-мулк солиғи бўйича қарздорлик мавжуд бўлмаса. 

 

Бошқа ҳолатлар бўйича асослар – шу ерда.

 

Ишлар қандай ташкил этилади? 

 

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларини ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларни босқичма-босқич хатловдан ўтказиш ҳар йилги режа-жадвал асосида амалга оширилади. Режа-жадвал Кадастр агентлиги  томонидан тасдиқланади ва жамоатчиликка эълон қилинади.

 

Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларининг қарори билан режа-жадвалга асосан ваколатли ташкилотларнинг ҳудудий бўлинмалари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар ташкил этилади.

 

Маълумотларни ва ҳужжатларни автоматлаштирилган ахборот тизимига киритишнинг биринчи босқичида ер участкасининг, бинонинг ва иншоотнинг электрон йиғмажилди яратилади.

 

Иккинчи босқичда маъсул ташкилотлар икки ой муддатда:

  • юборилган электрон йиғмажилдни кўриб чиқишади;
  • ахборот дастурига тегишли ҳужжат ва маълумотларни киритишади.

 

Электрон йиғмажилд маълумотлари тегишли фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари биноларининг эълонлар учун бурчакларида, Кадастр агентлигининг расмий веб-сайтида ҳамда бошқа ахборот манбаларида жамоатчиликка эълон қилинади.

 

Электрон йиғмажилд кўриб чиқиш учун Адлия вазирлигининг ҳудудий бошқармасига юборилади.

 

Ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш Қорақалпоғистон Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан мақсадга мувофиқ деб топилган тақдирда, Кадастр агентлиги томонидан тегишли шахсларнинг телефон рақамига бир марталик тўловни 20 иш куни ичида тўлаш тўғрисидаги хабарнома автоматик равишда юборилади.

 

Тўлов амалга оширилгандан сўнг электрон йиғмажилд, маълумотлар ва ҳужжатлар ижобий хулосалар билан бирга Жўқорғи Кенгес, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига навбатдаги сессияда (мажлисда) кўриб чиқиш учун автоматлаштирилган ахборот тизими орқали автоматик равишда юборилади.

 

Жўқорғи Кенгес, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини ҳамда унда қурилган бино ва иншоотга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисидаги қарорлари 3 ой ичида қабул қилиниши лозим.

 

Тўловлар миқдори

 

Ер участкасига ижара ҳуқуқини эътироф этиш учун қуйидаги миқдорлардаги бир марталик тўлов ундирилади:

  • Тошкент шаҳрида – БҲМнинг 5 баравари;
  • Нукус шаҳрида ва вилоят марказларида– БҲМнинг 3 баравари;
  • вилоят бўйсунувидаги бошқа шаҳарларда – БҲМнинг 2 баравари;
  • бошқа аҳоли яшаш пунктларида – БҲМнинг 1 баравари.

 

Чегирмалар борми?

 

Бир марталик тўловни тўлашдан қуйидагилар озод этилади:

  • бир марталик умумдавлат акцияси доирасида бир марталик йиғимни тўлиқ тўлаган шахслар;
  • I ва II гурух ногиронлиги бўлган шахслар.

 

«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига киритилган шахслардан бир марталик тўлов 50% миқдорда ундирилади.

 

Қонун 08.11.2024 йилдан кучга киради ва 01.01.2028 йилгача амал қилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган.

 

Собир Нурбердиев