Вазирлар Маҳкамасининг 17.07.2018 йилдаги 543-сон қарори билан Озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларни реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш тизимини такомиллаштириш бўйича 2018–2022 йилларга мўлжалланган «Йўл харитаси» тасдиқланди.
Тарбиявий ишларнинг ягона комплекс тизими жорий этилмоқда. Улар 3 босқичда ўтказилиб, нафақат шахснинг жазони ижро этиш муассасасида бўлиш даврини, балки озодликка чиққан пайтидан бошлаб биринчи йилни ҳам ўз ичига олади.
1-босқич. Маҳкум жазони ижро этиш муассасасига келиб тушган босқичда унинг психологик портрети, тузалишга бўлган мойиллигини аниқлаштириш орқали олдиндан ўрганилади.
2-босқич. Ҳар бир маҳкум билан якка тартибда уларнинг дунёқарашини ўзгартириш, уларда содир этган жиноятига нисбатан пушаймонлик ҳиссини уйғотишга қаратилган тадбирлар амалга оширилади.
Бунда маҳкумлар 3 тоифага ажратилади:
1) тарбияси оғирлар – улар билан маънавий қиёфасини яхшилаш, содир этган жиноятига нисбатан пушаймонлик ва қонунга итоаткор турмуш тарзига ўтиш ҳиссини шакллантириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади.
Ушбу тоифа билан олиб бориладиган ишлар ҳар ҳафта режалаштирилиб, психологик хусусиятларидаги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда унга тузатишлар киритиб борилади. Дунёқарашларини шакллантириш учун мутахассис-психологлар, ҳуқуқшунослар ва дин вакиллари жалб қилинади.
Бундан ташқари, тарбияси оғир бўлган маҳкумларга ходимлар ва астойдил пушаймон бўлган маҳкумлар орасидан мураббийлар бириктирилади. Бундай мураббийлар рағбатлантирилади. Масалан, ижобий натижаларга эришса, улар яшаш жойи бўйича колонияга кўчирилади. Бошқа тузалиш йўлига ўтган маҳкумлар сингари, мураббийлар учун қариндошлари билан учрашувлар ташкил этилади, моддий рағбатлантирилади, қўшимча телефон сўзлашувлари ҳуқуқи берилади ва ҳ.к.
Ушбу ишга Хотин-қизлар қўмитаси ва Ёшлар иттифоқи вакиллари ҳам жалб этилади.
2) тузалиш йўлига ўтганлар – мустақил меҳнат қилиш кўникмаларини шакллантириш ва ижтимоий фаол ҳаёт позициясини ривожлантириш мақсадида уларга тарбиячилар бириктирилади. Хусусан, касбий таълим олганликлари тўғрисида ҳужжатлар берилади;
3) тўлиқ тузалганлар – уларга нисбатан тўлиқ ижтимоий мослаштиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилади.
3-босқич. Маҳкумларни талаб юқори бўлган касб ва мутахассисликларга ўқитиш учун касбий таълимни ташкил этиш, ўқиш якуни бўйича тегишли ҳужжат тақдим этиш ва келгусида иш билан таъминлаш. Бунда маҳкумлар озодликка чиққан пайтидан бошлаб 1 йил мобайнида ижтимоий ҳаётга мослашиш сифати ўрганилади.
Хусусан, маҳкумларга келгуси ҳаёт фаолияти учун зарур бўлган ҳужжатлар олдиндан расмийлаштирилади, уларни иш билан таъминлаш мақсадида маҳаллий давлат ҳокимияти ва меҳнат органларига ҳар йили 1 июлгача озод қилинадиган шахсларнинг сони ҳамда уларнинг касби ва мутахассислиги ҳақида прогноз тақдим этилади.
Озод қилинганлар муҳтож шахсларга вақтинчалик хоналар ажратилади, прописка қилинишига ёрдам берилади ҳамда тиббий диагностика ва даволаш ёрдами кўрсатилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 18.07.2018 йилдан кучга кирди.
Самир Латипов.