28.08.2020 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида»ги ЎРҚ-635-сон Қонун эълон қилинди.
Ҳужжат 24 йил олдин қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисида»ги Қонуннинг янги, янада тўлиқ, батафсил ёритиб берилган таҳриридан иборат.
Янги қонуннинг фарқли жиҳатлари қуйидагилардан иборат:
биринчидан, алоҳида моддада асосий тушунчалар шакллантирилган, унда мамлакатнинг маъмурий-ҳудудий бирликлари тизими (вилоятлар, туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси) акс эттирилган:
а) шаҳарлар:
- республика бўйсунувидаги шаҳарлар – стратегик аҳамиятга, йирик саноат корхоналарига ва ривожланган инфратузилмага эга, истиқболли иқтисодий ва маданий марказлар бўлган аҳоли пунктлари;
- вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси бўйсунувидаги шаҳарлар – аҳолисининг сони, қоида тариқасида, камида 30 минг киши бўлган, муҳим маъмурий аҳамиятга, ривожланган инфратузилмага эга, шунингдек истиқболли иқтисодий ва маданий марказлар бўлган аҳоли пунктлари;
- туман бўйсунувидаги шаҳарлар – аҳолисининг сони, қоида тариқасида, камида 7 минг киши бўлган, саноат корхоналарига ва ривожланган инфратузилмага эга бўлган аҳоли пунктлари;
б) туманлар – вилоятлар ёки Қорақалпоғистон Республикаси таркибидаги, қоида тариқасида, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллардан иборат бўлган маъмурий ҳудудий бирликлар. Шаҳарлардаги туманлар – шаҳарлар ҳудудида жойлашган, аҳолисининг сони, қоида тариқасида, камида 20 минг киши бўлган, фуқаролар йиғинларидан (маҳаллалардан) иборат бўлган қисми;
в) шаҳарчалар – аҳолисининг сони, қоида тариқасида, камида 2 минг киши бўлган, саноат корхоналари, темир йўл станциялари ва бошқа муҳим объектлар яқинида жойлашган, фуқаролар йиғинларидан (маҳаллалардан) иборат бўлган аҳоли пунктлари;
г) қишлоқлар ва овуллар – туманлар ҳудудида жойлашган, фуқаролар йиғинларидан (маҳаллалардан) иборат бўлган аҳоли пунктлари;
иккинчидан, Олий Мажлис, Вазирлар Маҳкамаси, Давергеодезкадастрқўм, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Маҳкамаси, Халқ депутатлари Кенгаши ва ҳокимликларнинг ваколатлари белгиланди;
учинчидан, маъмурий-ҳудудий тузилиш масалалари бўйича комиссияларни ташкил этиш ва фаолият юритишининг умумий тартиби, асосий вазифалари, шунингдек комиссия томонидан хулоса чиқариш механизми, муддатлари ва мазмуни қайд этилди;
тўртинчидан, Маъмурий-ҳудудий бирликларнинг давлат реестри, уни шакллантиришнинг асосий жиҳатлари ва нималарни ўз ичига олиши баён этилди;
бешинчидан, маъмурий-ҳудудий бирликларни тузиш ва тугатиш, маъмурий-ҳудудий бирликлар чегараларини ўзгартириш, маъмурий марказларни белгилаш ва кўчириш, шунингдек бўйсунувини ўзгартириш тартиби келтирилган. Ҳар бир таомил доирасида зарур ҳужжатлар, уларни тузиш алгоритми, тақдим этиш ва кўриб чиқиш, шунингдек давлат органларининг тасдиқланган ваколатларига мувофиқ идоралараро ўзаро ҳаракатларни амалга ошириш тартиби қайд этилган.
Қонун «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган ва 29.08.2020 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.