Президентнинг 25.05.2018 йилдаги ПҚ-3741-сон қарорида 2019 йил 1 январдан бошлаб маҳаллий нотариат тизимига бир қатор янгиликлар киритилиши назарда тутилган.
Биринчидан, фаол модель доирасида нотариуслар томонидан битимларни тасдиқлашда «ягона дарча» тамойили бўйича амалга ошириладиган ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар рўйхати тасдиқланди.
Бундан келиб чиқишича, нотариуслар қуйидагиларни мустақил равишда олиб, текширадилар:
- турар жойда доимий прописка қилинган шахслар тўғрисидаги маълумотлар;
- биометрик ва паспорт маълумотлари;
- кўчмас мулк, шу жумладан бошқа шахсга ўтказишга тақиқ белгиланганлиги ва хатланганлиги тўғрисидаги зарур маълумотлар;
- турар жойни хусусийлаштиришга розилик берган шахслар тўғрисидаги маълумотлар;
- юридик шахслар тўғрисидаги маълумотлар;
- коммунал хизматлар бўйича қарздорлик мавжудлиги/мавжуд эмаслиги ҳақидаги ахборот.
Шу орқали фуқаролар ва ташкилотлар кўрсатилган ҳужжатлар ва маълумотномаларни мустақил равишда тўплаш заруратидан халос бўладилар. Шу мақсадда зарур ахборотларни алмашиш учун маълумот базалари ва ахборот тизимлари жорий этилади ҳамда улар «Нотариус» ААТ билан интеграция қилинади. Ушбу модель доирасидаги идоралараро ҳамкорлик механизмлари маъмурий регламентлар билан тартибга солинади.
Иккинчидан, кўчмас мулкни ижарага бериш ва текин фойдаланиш шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш бекор қилинади. Бироқ ижара шартномаларини солиқ органларида мажбурий тартибда ҳисобга қўйиш лозим бўлади.
Учинчидан, кўчмас мулк билан боғлиқ битимларни нотариал тасдиқлаш фақат ҳимоя даражасига, серияга, тартиб рақамига ва ҳудудий кодга эга бўлган қатъий ҳисобот бериладиган гербли (махсус) бланкаларда амалга оширилади. Бундай бланкалар «Давлат белгиси» ДИЧБ томонидан тайёрланади.
Тўртинчидан, васиятномаларни, шунингдек жисмоний нуқсони, касаллиги туфайли ёки бошқа сабабларга кўра ўз қўли билан имзолай олмайдиган киши номидан битим, ариза ва бошқа ҳужжатларни имзолаш жараёнини мажбурий аудио ва видеога қайд этиш жорий этилади.
Бешинчидан, юридик шахс нотариусга ихтиёрий мурожаат этганда унинг коллегиал органининг қарори қабул қилинганлиги факти нотариал тасдиқланади.
Олтинчидан, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун мурожаат қилган шахсларнинг шахсини аниқлаш учун бармоқ излари сканер қилинади ва улар паспортдаги (фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг биометрик ҳаракатланиш ҳужжатидаги) биометрик маълумотлар билан солиштирилади.
Мурожаат этувчилар нотариал тасдиқланаётган ҳужжатларга имзо қўйиш ва махсус мосламада уларнинг бармоқ изларини сканер қилиш йўли билан нотариал ҳаракатлар бажарганлигини тасдиқлайдилар.
Еттинчидан, нотариал идораларда реал вақт режимидаги масофавий аудио ва видеокузатув воситалари ўрнатилади. Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари марказлаштирилган тизимдан фойдалана оладилар. Бунда нотариал ҳаракатларнинг махфийлиги сақланиши лозим.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 26.05.2018 йилдан кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида яқин орада танишиш мумкин.
Олег Заманов.