Президентнинг 30.10.2017 йилдаги ПФ–5216-сон «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги фармони эълон қилинди.
Барча республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари (кейинги ўринларда - РИИАТМ) томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобига ёрдам кўрсатиладиган имтиёзли фуқаролар тоифалари рўйхати 9 дан 16 та тоифага кўпайтирилди.
Энди унга 18 ёшгача болалар, ҳомиладор аёллар (акушерлик ва гинекология РИИАТМга), эндокрин касалликларга учраганлар (эндокринология РИИАТМга), онкология касалликларига чалинганлар (онкология ва тиббий радиология РИИАТМга), туберкулезга чалинганлар (фтизиатрия ва пульмонология РИИАТМга) ҳамда жинсий йўл билан юқадиган касалликларга чалинганлар (дерматовенерология ва косметология РИИАТМга) ҳам киритилди. Ушбу тоифадаги фуқароларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган касаллик, патология ва бошқа мезонлар мавжуд бўлганда бюджет маблағларидан ёрдам кўрсатилади.
Имтиёзга эга фуқаролар қаторига чақирув комиссияларининг йўлланмаларини олган ҳарбий хизматга чақириладиган ёшдаги шахслар ҳам киритилди. Бундан ташқари, бепул ёрдам нафақат ўз-ўзини бошқариш органларининг моддий ёрдамини олаётган шахсларга, балки кам таъминланган оила аъзоси сифатида ҳисобга олинганларга ҳам кўрсатилишига аниқлик киритилган.
Эслатиб ўтамиз, муқаддам Рўйхатга қуйидагилар киритилган эди: 1) болаликдан ногиронлар; 2) чин етимлар; 3) I ва II гуруҳ ногиронлари; 4) 1941–1945 йилги уруш ногиронлари ва иштирокчилари ҳамда уларга тенглаштирилган шахслар; 5) пенсия ёшига тўлган ишламайдиган пенсионерлар; 6) 1941–1945 йилги уруш меҳнат фронти қатнашчилари; 7) Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатларини тугатишда иштирок этган шахслар орасидаги ногиронлар; 8) ҳарбий-интернационалистлар.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Самир Латипов.