Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак оформлять перемещение маркированного товара внутри организации Какой ИКПУ предприятию общепита применить к сету Прозрачное строительство: новые нормы для контроля строительства и реконструкции в рамках госпрограмм Как зарегистрировать товарный знак

Талаба ўзлаштира олмаса – ўқитувчи ишдан бўшатилади, хорижий абитуриентлар тест синовларисиз ўқишга қабул қилинади

07.06.2018

Читать на русском языке

Президентнинг 5.06.2018 йилдаги «Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ҳужжат (иловаларсиз) ЎзА сайтида жойлаштирилган.

 


 

Таҳририятдан: мазкур ҳужжат ва 75 000 та бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тушунтиришлари билан «ЎзР қонун ҳужжатлари» АҚТга жамланган. Намойиш версиясини бу ерда кўчириб олишингиз мумкин (32,1 МБ). 


 

Айрим йўналишлар бўйича ўқиш муддати қисқартирилади, хорижликлар «навбатдан ташқари» қабул қилинади

 

Келаси ўқув йилидан бошлаб алоҳида таълим йўналишлари бўйича ўқиш муддати камида 3 йил бўлган бакалавриат ҳамда камида 1 йил бўлган магистратура жорий этилади. Бунда магистрантлар ишлаб чиқариш (амалий) (камида 1 йил) ва илмий-педагогик (камида 2 йил) йўналишларга ихтисослашган дастурлар асосида тайёрланади.

 

Ҳужжатда ўқиш муддати қисқартирилган аниқ йўналишлар кўрсатилмаган. Шу билан бирга Президентнинг 4.06.2018 йилдаги ПҚ–3769-сон қарори билан бакалавриатнинг «Мактабгача таълим» йўналиши бўйича 3 йиллик ўқиш муддати белгиланган.

 

Энди хорижий фуқаролар олий таълим муассасалари бакалавриатига квоталардан ташқари суҳбат асосида тест синовларисиз ўқишга қабул қилинади. Уларнинг кириш визалари консуллик ва бошқа тўловларни ундирмаган ҳолда расмийлаштирилади.

 

Талабаларнинг ўзлаштириши ва ўқитувчилар ишига янгича ёндашув

 

Талабаларнинг билими замонавий (автоматлаштирилган, антиплагиат) усулларда баҳоланади. Масалан, улар педагогнинг якуний назорат жараёнидаги иштирокини истисно этиши керак. Семестр якуни бўйича академик қарздор талабаларнинг қайта топшириши мумкин бўлган фанлар сони белгиланади. Тегишли низом 2 ой муддатда тасдиқланади.


2019/2020 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида «талабанинг ўзлаштириш даражаси – профессор-ўқитувчилар фаолиятини баҳолашнинг асосий мезони» тамойили жорий қилинади. Ушбу тамойил талабларига жавоб бермайдиган ўқитувчилар билан меҳнат шартномасини бекор қилишгача бўлган чоралар кўрилади.

 

Ушбу ўқув йилида профессор-ўқитувчиларнинг ўқув юкламаларини ҳисобга олган ҳолда «вақт меъёрлари»нинг янги механизмлари белгиланади. Мақсад – ўқитувчиларнинг вақтини ўқув жараёнига хос бўлмаган ишларга сарфлашнинг олдини олиш, шу жумладан «устоз – шогирд» тизими орқали талабалар билан кўпроқ ишлаш.


Энди олий таълим муассасаларининг ўқитувчилари фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилишлар ва бошқа тадбирларда қатнашмайдилар. Давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари, шунингдек барча даражадаги ҳокимлар мазкур талабни бузганлиги учун эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган шахсий жавобгарликка тортилади.


2018 йил 1 сентябрдан бошлаб тегишли кафедранинг кенгайтирилган очиқ мажлисида ўтказилган синов дарсидан кейин олий таълим муассасаларига профессор-ўқитувчилар таркибига ишга қабул қиладилар. Синов натижалари бўйича мажлиснинг тавсияси ишга қабул қилиш учун асос бўлади.

 

Ўқув жараёнидаги инновациялар


Янги ўқув йилидан бошлаб таянч (етакчи) олий таълим муассасалари тегишли таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича ўқув режалари ва дастурларини кадрлар буюртмачиларининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, мустақил равишда ишлаб чиқадилар.


Маҳаллий ва хорижий олий таълим муассасаларининг ўзаро келишуви ҳамда қўшма таълим дастурлари асосида талабаларни ўқитишни ташкил этиш ва икки томонлама тан олинадиган диплом бериш амалиёти жорий этилади.


Ҳар бир олий таълим муассасасида 1-курс давомида саралаб олинган энг иқтидорли талабалар учун алоҳида гуруҳлар ташкил этилади. Магистратурага мақсадли қабул қилиш ва олий таълим муассасалари кафедраларида ишлаш учун тайёрлаш ниятида улар 2-курсдан алоҳида дастурлар асосида ўқитилади.  


Ёш олим ва талабаларга, шунингдек ташаббускор фуқароларга мамлакатда инновацион ғоя ва технологияларни ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссаси учун топшириладиган «Инновацион ғоялар етакчиси» кўкрак нишони таъсис этилади.

 

Келаси йилда ўқишга қабул қилишда режалаштирилаётган ўзгартиришлар

 

Келаси йилда илғор халқаро имтиҳон тизимлари (TOEFL, IELTS, CEFR, SAT General, SAT Subject ва ҳоказо) сертификатларига эга бўлган абитуриентлар автоматик равишда энг юқори балл оладилар ва тегишли фанлар бўйича тест синовидан озод қилинадилар.

 

Абитуриентлар ҳужжатларини электрон шаклда қабул қилиш тизимини яратиш режалаштирилмоқда. Шу йил охиригача тегишли таклифлар киритилади.

 

Ташкилий янгиликлар


Олий таълим вазирлиги тузилмасида Ахборот хизмати ташкил этилмоқда (2 та штат бирлиги), олий таълим муассасаларида эса матбуот котиби лавозими жорий этилмоқда (1 та штат бирлиги).

Олий таълим муассасаларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори лавозими ўрнига ёшлар билан ишлаш бўйича проректори лавозими жорий этилади.

Талабалар, ота-оналар, Ёшлар иттифоқининг олий таълим муассасаларидаги фаоллари, кадрлар буюртмачилари, профессор-ўқитувчилар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат таркибда жамоатчилик кенгашлари ташкил этилади.



Ленара Хикматова.



 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_