norma.uz портали 2021 йил 1 апрелдан кучга кирадиган миллий қонунчиликдаги асосий ўзгаришлар шарҳини тақдим этади.
Бир қатор солиқ имтиёзларининг амал қилиш муддати тугайди
2021 йил 1 апрелдан бошлаб Президентнинг 14.03.2007 йилдаги «Ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлашни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-3860-сон Фармони ўз кучини йўқотади. Тегишли равишда, ушбу санадан бошлаб унда назарда тутилган қуйидаги солиқ имтиёзларининг амал қилиши тўхтатилади:
- хўжалик юритувчи субъектларнинг 5 йил мобайнида ишлаб чиқаришни кенгайтиришга, ушбу мақсадлар учун берилган кредитларни сўндириш харажатларига ҳамда лизинг объекти қийматини тўлашга йўналтирилган инвестиция суммаларига фойда солиғи бўйича солиқ базасини камайтириш ҳуқуқига доир имтиёз;
- солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини қўллайдиган юридик шахсларнинг 5 йил мобайнида ягона солиқ тўлови базасини янги сотиб олинган технологик асбоб-ускуналар қийматига, бироқ солиқ солинадиган базасининг 25%идан кўп бўлмаган миқдорда камайтириш ҳуқуқига доир имтиёз.
Электр техникасини ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчиларга – солиқ имтиёзлари
- 1.01.2024 йилга қадар муддатга ҳисобот даври якунлари бўйича электротехника маҳсулотларини сотишдан тушган тушуми миқдори умумий тушумининг 80%идан кам бўлмаган электротехника тармоғи корхоналарига фойда солиғи ва мол-мулк солиғи бўйича ставкаларни 50%га камайтириш тарзида солиқ имтиёзлари берилади.
- Мис хом ашёсини биржа савдолари орқали харид қилишда юқори технологияли ишлаб чиқариш жараёнини жорий этган тармоқ корхоналари томонидан тўловнинг 25%ини аванс тарзида ва қолган 75%ини мис хом ашёси олинганидан сўнг 90 иш куни ичида ҳар ойда тенг улушларда амалга ошириш тартиби жорий этилади. Бунда «Олмалиқ КМК» АЖ томонидан ишлаб чиқарилган мис катодини биржа савдоларига қўйишда унинг бошланғич нархи ҚҚСсиз Лондон металл биржаси нархидан 1.04.2021 йилдан 8% миқдоридаги чегирмалар билан белгиланади.
Давлат функциялари хусусий ташкилотларга ўтказилишининг кейинги босқичлари
- Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ўтказиладиган тажриба доирасида малака шаҳодатномасига эга кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандисларига кўчмас мулк объектларига бирламчи кадастр йиғмажилдини тайёрлаш ҳуқуқи берилади.
- Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолияти учун лицензияга эга бўлган тадбиркорлик субъектларига барча тоифадаги автомототранспорт воситаларини (троллейбус ва трамвайдан ташқари) бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқи берилади.
Давлат органлари раҳбарларининг масъулияти оширилади
- Барча республика даражасидаги давлат органлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ижро интизомига масъул бўлинмалари раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш масалалари мажбурий тартибда Президент Администрациясининг Ижро интизомини таъминлаш шуъбаси билан келишилади.
- Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартибини бузганлик учун жазо чоралари тўғрисидаги янги модда киритилади.
- Ўзбек тили ва адабиёти бўйича билимни баҳолашнинг миллий тест тизими асосида раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юритиш даражаси аниқланади.
- Масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш бўйича даража сертификатлари жорий этилади.
Давлат харидлари соҳасидаги ўзгаришлар
Давлат харидлари ижрочисининг муассислари тўғрисидаги маълумотлар Молия вазирлиги ва ДСҚ ахборот тизимлари ўртасидаги ахборот алмашинувидан фойдаланган ҳолда давлат буюртмачилари билан тузилган шартномалар реестрига киритилади.
Соғлом овқатланиш. Импорт маҳсулотни назорат қилиш. Экспорт қилувчиларга компенсация тўлаш
- Олий нав буғдой уни микронутриентлар билан бойитилган тақдирда республика ҳудудида реализация қилишга рухсат этилади. Шу муносабат билан унни бойитиш учун микронутриентлар бўйича (ТИФ ТН коди 2106 90 980 3) импорт божхона божининг ноль даражали ставкаси жорий этилади.
- Хорижий мамлакатлардан маҳсулотларни олиб кирган транспорт воситалари юк хоналарини карантин назоратидан ўтказиш ва «детектор – хизмат ит»ларидан фойдаланиш ҳамда зарур ҳолларда фумигация қилиш (зарарсизлантириш) тизими жорий қилинади.
- Маҳаллий экспортчи корхоналарнинг савдо уйларини очиш ва сақлаш, офис, савдо ва омбор биноларини ижарага олиш, шунингдек реклама кампанияларини ташкил қилиш билан боғлиқ чет элдаги харажатларининг 50%и Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
Қишлоқ хўжалигидаги ўзгаришлар
- Туман ҳокимликлари захирасидаги яхлит ҳолда 300 гектаргача ер майдонларида плантация усулида интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш ва 7 йил муддатда тўлаш шарти билан аҳолига сотиш тизими йўлга қўйилади.
- Республика «Қоракўлчилик» уюшмаси аъзоларига ўзлари томонидан импорт қилинган қўй бош сонининг 50%идан ошмаган қисмини тирик ва хом гўшт кўринишида (ТИФ ТН бўйича 0104 ва 0204 кодлари) экспорт қилишга рухсат этилади.
Заргарлик саноатидаги ўзгаришлар
- Заргарлик буюмларига асиллик даражаси тамғаси ва ишлаб чиқарувчининг шахсий тамғаси механик (зарб) ёки лазер усуллари ёрдамида туширишга рухсат этилади.
- Аффинаж фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензияга эга бўлган юридик шахсларга ўзлари ишлаб чиқарган ўлчовли ёмбиларни жисмоний ва юридик шахсларга сотишга рухсат берилади.
- Қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо (ярим қимматбаҳо) тошлардан ясалган заргарлик буюмларини ички ва ташқи бозорларда электрон тижорат орқали сотишга рухсат берилади.
- Қуйидаги ҳолларда қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлар билан боғлиқ бўлган операцияларни амалга оширувчи шахслар томонидан мижозни, унинг вакилини ва бенефициар мулкдорни текшириш талаб этилмайди:
- нақд пулда ўзаро ҳисоб-китоб амалга оширилганда операциянинг умумий суммаси 600 БҲМдан ошмаган тақдирда;
- операциянинг умумий суммасидан қатъи назар, ўзаро ҳисоб-китоб нақд пулсиз ва жисмоний шахсларнинг пластик карталари орқали амалга оширилганда.
Интеллектуал мулк
- Товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгисининг фақат тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ёки жисмоний шахс номига рўйхатдан ўтказилишига нисбатан қонунчиликдаги мавжуд чекловлар бекор қилинади.
- Интеллектуал мулк объектларини давлат рўйхатига олиш муддатларини кескин қисқартириш имкониятларини яратувчи тезкор экспертиза тартиби жорий этилади. Бунда интеллектуал мулк объектини муҳофазага олиш учун топшириладиган талабнома бўйича дастлабки қидирув томонларнинг келишувига мувофиқ амалга оширилади.
ННТ фаолиятининг очиқлиги таъминланади
ННТлар фаолиятининг очиқлик индекси жорий қилинади. У Президент ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва Адлия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда шакллантирилади. Индекс натижалари уларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинади. ННТлар фаолиятининг очиқлик индексини ишлаб чиқиш ва тўлиқ амалиётга жорий қилиш адлия органларига юклатилади.
Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилади
- Кам таъминланган оилаларни аниқлаш «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» АТ орқали амалга оширилади.
- Васийлик ва ҳомийлик остида бўлган болалар тўғрисидаги маълумотларни Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг «ФҲДЁ ягона электрон архиви» АТга тақдим этиш идоралараро электрон маълумотлар алмашинуви орқали амалга оширилади.
- Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум бўлган ота-оналар ва уларнинг болалари тўғрисидаги маълумотларни Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг «ФҲДЁ ягона электрон архиви» АТ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ўртасида идоралараро ахборот алмашинуви орқали тақдим этиш тавсия этилади.
- Республикадаги давлат, нодавлат, хорижий олий таълим муассасаларига, касб-ҳунар мактаблари, коллежлар, техникумлар, академик лицейларга ўқишга қабул қилиш ва тегишинча ўқишни тамомлашга оид буйруқлар ва бошқа ҳужжатларни шакллантириш ва расмийлаштириш ягона электрон маълумотлар базасида амалга оширилади.
- Давлат ва нодавлат умумий таълим муассасаларига ўқишга кириш ва тегишинча ўқишни тамомлашга оид буйруқлар ва бошқа ҳужжатларни шакллантириш ва расмийлаштириш фақат ягона электрон маълумотлар базасида амалга оширилади.
Уй-жой нархларини мақбуллаштириш
Янги тартиб доирасида уй-жой нархларини пасайтириш мақсадида:
- қишлоқ жойларда 5 ва ундан ортиқ қаватли, шаҳарларда 9 ва ундан ортиқ қаватли кўп квартирали уй-жойлар шаҳарсозлик нормаларига ва иккинчи даражали иссиқлик муҳофазаси қоидаларига мувофиқ, монолит темир-бетонли ва йирик панелли конструкциялар, шунингдек бошқа қурилиш материаллари асосида даҳа шаклида қурилади;
- турар жой даҳаларини қуриш лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда ташқи муҳандислик-транспорт коммуникацияларини қуриш ишлари қуйидагилар ҳисобига амалга оширилади:
- шаҳарларда − «Е-IJRO AUKSION» электрон аукциони орқали кўп квартирали турар жойларни қуриш учун ер участкаларини реализация қилишдан тушган маблағлар ҳисобига;
- қишлоқ жойларда – Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобига;
- кўп квартирали турар жойларни қуриш учун геология ва ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш жиҳатидан энг оптимал вариантлар ҳисобга олинган ҳолда ҳудудлар қурилиши лойиҳаларига мос келадиган бутун даҳа шаклидаги ер участкалари танлаб олинади;
- Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва вилоятлар халқ депутатлари Кенгашларига шаҳарларда (Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларидан ташқари) кўп қаватли уй-жойларни қуриш учун ер майдонларини электрон аукционларни ўтказмасдан тақдим этиш ҳуқуқи берилади;
- Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан аҳоли пунктларини истиқболли ривожлантириш ҳудудларида жойлашган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғорилмайдиган ер участкаларини кўп квартирали уй-жойлар қуриш учун ажратилишига рухсат берилади;
- уй-жой қурувчи ташкилотлар учун мўлжалланган цемент ҳамда металл прокати бўйича алоҳида биржа савдо секцияси жорий қилинади;
- 1.10.2021 йилга қадар цемент маҳсулотини (ТИФ ТН коди 2523) республика ҳудудига олиб киришда божхона божининг ноль ставкаси қўлланилади.
Сейсмик хавфсизликни таъминлаш
Республиканинг сейсмик фаол ҳудудида жойлашган мавжуд бино ва иншоотлар, кўп қаватли турар жойларнинг сейсмик заифлигини баҳолаш учун электрон техник паспортлар босқичма-босқич амалиётга жорий этилади.
Кимлар нуфузли хорижий олийгоҳларда таълим олади
- «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали нуфузли хорижий олийгоҳларнинг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сони 5 бараварга оширилади.
- Қуйидагилар амалга оширилади:
- «Эл-юрт умиди» жамғармаси ҳисобидан хорижда бакалавриат таълим дастурлари бўйича ўқитиш тизими жорий этилади;
- «Эл-юрт умиди» жамғармаси таълим дастурлари бўйича номзодларни саралашни очиқ стипендия танлови асосида республиканинг барча фуқаролари учун мунтазам равишда ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади;
- бакалавриат, магистратура ва докторантурада ўқиш дастурлари учун стипендия танловини ўтказиш тартиби йўлга қўйилади.
Айрим мутахассисларнинг иш ҳақи оширилади
- Қуйидагиларнинг:
- Халқ таълими вазирлиги тизимидаги методистларнинг иш ҳақи миқдори – олий тоифали ўқитувчининг базавий тариф ставкаси миқдорига;
- касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармалари услубчи-маслаҳатчиларининг иш ҳақи миқдори – бош ўқитувчининг базавий тариф ставкаси миқдорига тенглаштирилади.
- Қуйидагиларнинг:
- ХТВ ҳузуридаги Республика таълим маркази директорининг базавий лавозим маош миқдори олий таълим муассасаси ректорининг лавозим маошига тенглаштирилади;
- директорнинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарларининг лавозим маош миқдори – олий таълим муассасаси проректорининг базавий тариф ставкаси миқдорига тенглаштирилади;
- таркибий бўлинмалар бошлиқларининг лавозим маош миқдори – факультет деканининг базавий тариф ставкаси миқдорига тенглаштирилади.
- От спортини ривожлантиришда катта аҳамият касб этадиган «зоотехник», «ветеринар-шифокор», «фельдшер-ветеринар», «уста-чавондоз»,
«от парваришловчи», «тақачи» мутахассисликлари учун шифокор, ҳамшира, тренер ва спортчиларга тенглаштирилган даражада ойлик маошлар тўланади.
Почта хизматлари – аутсорсинг асосида
Олис ва чекка ҳудудларда жойлашган почта алоқаси объектларида камида 13 та турдаги давлат хизмати аутсорсинг асосида ташкил этилади. Бунда почта алоқаси хизмати ҳақи кўрсатилган давлат хизматлари учун тўланадиган давлат божлари, йиғимлари ва барча турдаги тўловлар суммасининг 10%и миқдорида белгиланади ва Давлат хизматлари агентлиги томонидан маблағларнинг ўзига йўналтириладиган қисми ҳисобидан тўлаб берилади.
Наргиза Воҳидова.