Сигарета ва алкоголь маҳсулотларини маркировкалаш бошланади, энергетик менежмент тизими жорий этилади, IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказиш пулли бўлади, кучли таъсир кўрсатувчи препаратлар обороти чекланади ва ҳ.к.
Маркировка: сигарета ва алкоголь маҳсулотлардан бошланади
Товарларни маркировкалаш тизимини жорий этиш сигарета ва алкоголли маҳсулотлардан бошланади. Амалга оширилаётган тажриба лойиҳаси доирасида маҳсулотларни маркировкалаш ва кузатиш ахборот тизими ишга туширилади. Россия Истиқболли технологияларни ривожлантириш маркази томонидан таъсис этилган «CRPT TURON» МЧЖ тизим оператори ва администратори этиб тайинланади.
Тажрибада иштирок этиш – ихтиёрий, барча харажатларни тизим оператори ўз зиммасига олади. Тажриба 7 ой, 2020 йил июлгача давом этади, бундан кейин махсус идентификация воситалари (Data Matrix кодини) бошқа маҳсулотларга, биринчи навбатда, дори воситалари ва тиббий буюмларга босила бошлайди.
Ишлаб чиқаришга ISO 50001 жорий этилади
Маҳаллий саноат корхоналарида ва учта вазирликда (рўйхат бўйича) энергетика менежментини бошқариш тизими ISO 50001 халқаро стандартига мувофиқ босқичма-босқич татбиқ этилади. Бу энергия истеъмоли самарадорлигини баҳолашнинг шаффофлиги ва холислиги, корхоналарнинг энергия сарфи ҳажмини пасайтириш, атмосферага чиқариб ташланадиган чиқиндиларни камайтириш, ресурсларни минимал даражада сарфлаб энергия истеъмолини бошқариш самарадорлигига эришиш, корхоналар активларининг капиталлашув даражасини ошириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот, кўрсатилаётган хизматларнинг рақобатбардошлигини ошириш имконини беради.
Фармацевтикада иккита янгилик
Биринчидан, тўртта номдаги кучли таъсир кўрсатувчи дорилар – залеплон, прегабалин, тропикамид ва циклопентолат обороти чекланади. Улар фақат наркотик воситалар ва психотроп моддаларни сақлаш ва сотиш фаолияти учун лицензияга эга бўлган дорихоналар ва ижтимоий дорихоналар орқали сотилади.
Иккинчидан, маҳаллий дори ишлаб чиқарувчилар ва улгуржи етказиб берувчилар, Соғлиқни сақлаш вазирлиги клиникалари ва фармацевтика маҳсулотларини клиникадан олдин текширадиган лабораторияларида зарур амалиётлар (GxP) талабларига мувофиқлик юзасидан инспекциялар ўтказилади. Фармацевтик инспекциялар тасдиқланган схема бўйича инспекторлар гуруҳи томонидан ўтказилади, сертификат берилганидан кейин эса ҳар йилги инспекция назорати ўтказилади.
IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказиш – тўлов ҳисобига
Эслатиб ўтамиз, мобиль қурилмаларни IMEI-кодлари бўйича рўйхатдан ўтказиш апрель ойида бошланган эди. Декабрга қадар бепул эди, бундан буён қуйидаги миқдорларда тўлов ундирилади:
- импорт қилувчилардан – 20% БҲМ, ишлаб чиқарувчилардан – 10% БҲМ;
- жисмоний шахслардан, биринчи тармоқ ҳодисасидан кейин 30 календарь кун мобайнида рўйхатдан ўтказилганда, – 20% БҲМ, 30 кун ўтгач – 25% БҲМ;
- жисмоний шахслар-норезидентлардан, 30 фаол календарь кундан ортиқ маҳаллий мобил алоқа операторининг SIM-картасидан фойдаланилганда, – 20% БҲМ (30 кундан кам фойдаланилганда – бепул).
Қурилманинг IMEI-коди битта бўлмаганда, ҳозир кўпгина смартфонлар 2 та SIM-картали бўлганлиги боис, рўйхатдан ўтказиш тўлови ҳар биридан алоҳида ундирилади.
Хорижий донорлар билан ишлаш соддалаштирилди
Хусусан, 1 декабрдан бошлаб:
- Ўзбекистонга донорлар делегациялари ташрифларини ва уларнинг расмий шахслар билан учрашувларини ташкил этиш, шунингдек, республика худудларига сафарлар ташкил килиш масалалари бўйича сўровларни ТИВга олдиндан юбориш муддати 30 иш кунидан 15 иш кунигача қисқартирилади;
- грант олувчилар томонидан банк ҳисобварақларидан кўчирмаларни, шунингдек, техник кўмак маблағлари тўғрисида ахборот ва идоравий ҳисоботни Молия вазирлигининг Ғазначилигига тақдим этиш мажбурияти бекор қилинади;
- грант олувчилар ҳар чоракда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига олинган ва ўзлаштирилган грантлар ҳамда амалга оширилаётган ташқи беғараз кўмак лойиҳалари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади;
- грантларни жалб этиш ва ўзлаштиришда бевосита иштирок этган ходимлар МҲЭКМнинг 15 бараваригача, аммо ўзлаштирилган грант суммасининг 2%идан ошмайдиган миқдорда бир йўла мукофот олишлари мумкин;
- лойиҳа ташаббускорлари грантларни жалб этиш тўғрисидаги битимлар бўйича ўз мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ харажатларни бюджетдан ташқари жамғармалар, маҳаллий бюджетлар даромадларининг прогноз кўрсаткичларини орттириб бажарилган қисмидан бўшаган қолдиқлари ҳамда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига қоплашга ҳақли.
Тренерларга – аттестация
Республикада фаолият юритаётган тренерларни аттестациядан ўтказиш жорий этилади. Аттестация Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ва унинг филиаллари томонидан ҳар 5 йилда ўтказилади.
Тракторчиларнинг гувоҳномалари алмаштирилади
Тошкент шаҳрида тракторчи-машинистнинг янги гувоҳномалари, техник паспорт ва техник гувоҳномаларни бериш бошланади. Қолган минтақаларда ушбу ҳужжатларни алмаштириш 2020 йил 1 мартдан бошланади. 2023 йилдан эса қатъий намунадаги ҳужжатлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
Олег Заманов.