Norma.uz портали 2022 йил 1 ноябрдан кучга кирадиган миллий қонунчиликдаги асосий ўзгаришлар шарҳини тақдим этади.
«Солиқ маслаҳатига оид фаолият тўғрисида»ги қонун кучга киради
Қонун (4 ноябрда кучга киради) солиқ маслаҳати соҳасидаги фаолиятни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бўйича ваколатлар жамоат ташкилоти – Ўзбекистон Солиқ маслаҳатчилари палатасига берилишини белгиламоқда. Шунингдек, унинг ҳузурида Солиқ маслаҳатчиларининг эксперт кенгаши ташкил этилади. Унинг вазифалари:
- солиқ тўловчилар ва назорат қилувчи органлар ўртасида мунтазам равишда юзага келаётган солиққа оид низолар бўйича хулосани кўриб чиқиш ҳамда бериш;
- солиқ тўғрисидаги қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни эксперт баҳолаш;
- солиқ тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорти кенгаймоқда
Қовун, канакунжут, хантал, махсар уруғларининг экспортига рухсат этилмоқда. Шунингдек, бир экспорт шартномаси доирасида келиб тушмаган валюта суммаси экспортга юкланган жами маҳсулот нархининг 5%идан ошмаган тақдирда муддати ўтган дебитор қарздорлик ҳисобланмайди ва тадбиркорлик субъектига нисбатан жарима қўлланилмайди;
Сирдарё вилоятининг давлат хизматлари марказларида никоҳ тузиш ва никоҳдан ажратишни қайд этиш бўйича эксперимент бошланади
2022 йил 1 ноябрдан 2023 йил 1 июлгача қадар никоҳ тузиш ва никоҳдан ажратишни қайд этиш учун аризаларни Сирдарё вилоятининг туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилиш бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказилади.
Тайёр ҳолда топшириш шартисиз қурилган уйларга ипотека кредити ажратишга руҳсат берилади
Тайёр ҳолда топшириш шартисиз қурилган уйлардаги квартираларни (хоналарга бўлинган ва пардоз ишларига тайёр) бирламчи бозорда сотиб олиш учун ипотека кредитларини ажратишга ҳамда улар бўйича дастлабки бадалнинг ва ипотека кредити бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия тўлашга рухсат берилади.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатга олинади
Рўйхатга олинмаган текширувларни ўтказиш ноқонуний ҳисобланади. Ўтказилган текширувларнинг натижалари ҳамда профилактика тадбирлари тўғрисида маълумот текширув ёки профилактика тадбирлари тугаган кундан бошлаб 3 кун муддатда мазкур ахборот тизимига киритилади.
Ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари кенгаяди
Қўшимча 10 та фаолият тури ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига киритилади:
- уй ҳайвонлари (қорамол, қўй, эчки, от ва бошқалар) бозорларида воситачилик хизмати;
- автомобиль бозорларида воситачилик хизмати;
- риэлторлик хизматини кўрсатиш (ижарага уй топиб бериш, уй сотиб олиш ва сотишга кўмаклашиш);
- уйда сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш ва сотиш хизмати;
- маиший буюмларни ижарага бериш хизмати (стол-стул, идиш-товоқ, асбоб-ускуна ва бошқалар);
- гипс ва ганчдан буюмлар ясаш (уй жиҳозлари, эртак қаҳрамонлари ҳайкалларини ясаш);
- тош ва тош маҳсулотларидан ёдгорлик, сувенир ва декоратив буюмлар тайёрлаш;
- ёғоч маҳсулотларидан сават, нон маҳсулотлари учун махсус идиш ва бошқа буюмларни тўқиш;
- уй шароитида пилла етиштириш, шахсий томорқа ер участкасида тут меваси, ниҳоли ва кўчатини етиштириш, уйда ипак мато, ипак гилам тўқиш ва сотиш;
- кулолчилик.
Банклар ёшларга компьютер харид қилиш учун истеъмол кредитларини ажратишни бошлашади
АТ “Халқ банки”, АТ “Алоқа банк” ва “Микрокредитбанк” АТБ иштирокчи сертификатини олган ёки ушбу ўқув курсларини сўнгги 6 ойда муваффақиятли тамомлаган ёшларга компьютер (шу жумладан, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмаган) харид қилиш учун БҲМнинг 25 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда истеъмол кредитлари ажратишни бошлайди.
Бунда компьютер харид қилиш учун ажратиладиган истеъмол кредитлари бўйича фоиз тўловларининг Марказий банк асосий ставкасининг 1,5 бараваригача қисми Ёшлар ишлари агентлигининг Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан компенсация қилинади.
Бошқарувчи компанияларни электрон реестрга киритишади
Кўп квартирали уйларни бошқариш органлари бошқарув фаолиятини, фақат улар электрон реестрга киритилгандан сўнг амалга оширади.
Шунингдек,:
- кўп квартирали уйларни қуриш (реконструкция қилиш) ишларининг лойиҳа ҳужжатлари;
- фойдаланишга қабул қилинаётган кўп квартирали уйнинг кадастр паспорти;
- қурилиш-монтаж ишлари (реконструкцияси) тугалланган кўп квартирали уйлардан фойдаланиш учун рухсатномада –
кўп квартирали уйлардаги тураржойлар ва нотурар жойлар, умумий мол-мулк рўйхати, кўп квартирали уй жойлашган ва унга туташ ер участкаси (уларда жойлашган объектлар режаси, шу жумладан автотураргоҳлар, болалар ва спорт майдончалари, дам олиш масканлари, сайилгоҳлар, йўлаклар ва кўп квартирали уйга хизмат кўрсатувчи бошқа объектлар) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилиши шарт.
Барча маҳаллаларда «Маҳаллада ижтимоий хизмат» махсус электрон модули ишга туширилади
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” негизида ишга туширилган ушбу модуль:
- АКТ асосида ижтимоий хизматлар кўрсатишга ихтисослашган махсу электрон дастурий таъминот;
- давлат идоралари ва ташкилотлари томонидан маҳаллаларда ижтимоий хизмат ёки ёрдам кўрсатишдаги электрон алоқа восиаси ҳиобланади.
10 ноябрда “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун кучга киради
Қонунда давлат хизматчиларининг мақоми, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, хизматга қабул қилиш тартиб-таомиллари, давлат фуқаролик хизматини тартибга солишда давлат органларининг асосий ваколатлари, шунингдек ушбу соҳада коррупция ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш механизмлари белгиланган.
Собир Нурбердиев.